Ўзбекистонда энди барча смартфон ва планшетлар IMEI бўйича рўйхатга олинади!

  •   DiMaX
  •  1593
  •  25.10.2018 16:02

Ўзбекистонда энди барча смартфон ва планшетлар IMEI бўйича рўйхатга олинади!

Ўзбекистон Республикасида 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб барча мобил қурилмалар IMEI бўйича рўйхатга олина бошлайди. Ушбу меъёр Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 847-сонли қарори билан белгилаб қўйилди.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда барча турдаги мобил гаджетлар рўйхатга олинади

Мақсад – мобил қурилмалардаги ўзига хос идентификация кодлари тўғрилигини текшириш орқали уларнинг мулкдорлари ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, аппаратлардан уларнинг эгаларини огоҳлантирмасдан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик ва сифатсиз қурилмалар сотилишининг олдини олиш, дейилади NORMA.UZ портали изоҳида.

Маълумот учун: IMEI (ингл. International Mobile Equipment Identity – мобил қурилманинг халқаро идентификатори) – одатда, 15 та рақамдан иборат бўлган, аппаратнинг ўзида (клавиатурада *#06# терилганда экранда кўринади), аккумулятор батареяси остида, ўрамида ва кафолат талонида кўрсатиладиган ноёб рақам. GSM, WCDMA ва IDEN тармоқлари уяли алоқа телефонлари, планшетлар ва айрим йўлдош алоқа телефонларида IMEI кодлари қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, худди шу мазмундаги Президент қарори лойиҳасини шарҳланган эди. Ўшанда рўйхатга олинмаган қурилмаларни мобил тармоқларга улашни тақиқлаш таклиф этилган эди. Бу мобил қурилмалар нолегал олиб кирилишини қисқартириш ва божхонада расмийлаштирилмаган товарни аниқлаш имконини бериши айтилган эди.

Пировард натижада ҳужжат Ҳукумат қарори шаклида қабул қилинди. Унда юқорида тилга олинган мақсадлар тўғридан-тўғри белгиланмаган. Бироқ рўйхатга олиш фойдаланилаётган, олиб келинадиган ва ишлаб чиқариладиган мобил телефонлар ва мобил алоқа модулига эга қурилмаларга дахл этади.

Бунинг учун махсус ахборот тизими яратилади, UZINFOCOM унинг оператори этиб белгиланди. Идентификация кодини рўйхатга олиш ва мақомини текшириш хизматлари Интернет орқали кўрсатилади. Ҳудудларда рўйхатга олиш ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш пунктлари ташкил этилади.

Рўйхатга олиш пулли бўладими, хизмат қиймати қанча бўлади, у қай тартибда кўрсатилади – буларнинг барини Ахборот коммуникациялари вазирлиги 3 ой давомида белгилаши лозим. Вазирлар Маҳкамасининг ушбу масалалар юзасидан кейинги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.10.2018 санасидан кучга кирди.

ЎҚИНГ: Android тизимидаги барча смартфон ва планшетларнинг махфий кодлари

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!