Ўзбекистонда илк бор краудфандинг платформаси – Mfond.uz ишга туширилди

  •   DiMaX
  •  1002
  •  05.10.2018 09:18

Ўзбекистонда илк бор краудфандинг платформаси – Mfond.uz ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан юртимизда илк бор краудфандинг (халқ томонидан молиялаш) платформаси Mfond.uz ишга туширилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берган.

ЎҚИНГ: Ucell Education таълим портали ишга тушди

Mfond.uz платформаси мактаб раҳбарлари учун ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилган восита ҳисобланиб, жалб қилинган маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлилигини таъминлаб беради.

Ушбу хайрия жамғармаси мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча пул тўплаш ҳамда ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш учун сарфланади.

Mfond ҳомийлик платформаси орқали ҳомийлар, ота-оналар, чет элда яшовчи ватандошларимиз, шу жумладан, мактабнинг собиқ ўқувчилари мактабларга ҳомийлик қилишлари мумкин. Маблағларни Payme, Upay, Click маҳаллий тўлов тизимлари ва халқаро Visa, MasterCard ва бошқа халқаро тўлов тизимлари орқали ўтказиш қулайликлари яратилган.

ЎҚИНГ: Яна роботлар: улар энди мактабларда муаллимлик ҳам қилишмоқда

Таъкидлаш керакки, ҳомийлар маблағларни маълум бир мактаб ҳисобига ёки умумий жамғарма ҳисобига ўтказиб беришлари мумкин.

Жамғарма ҳисобидан лабораториялар, ақлли синфлар ва бошқа лойиҳалар яратиш, жиҳозлаш, мактаб инфратузилмаси, қолаверса ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни ривожлантириш учун маблағлар йўналтирилади.

Ушбу лойиҳа раҳбари Рустам Каримжонов сўзларига кўра: «Ўзбекистонда бугунги кунда 10 мингга яқин мактаб фаолият юритмоқда, уларнинг 60 фоизини моддий-техника базаси мустаҳкамланиши керак. Ўзбекистондаги мактабларнинг фақат 37 фоизи компьютер синфига эга бўлиб, уларнинг 7 фоизи Интернет тармоғига уланган. Ҳукуматимиз томонидан мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш учун маблағлар ажратилмоқда. Аммо қисқа вақт ичида белгиланган мақсадларга эришиш учун ҳомийларни жалб қилиш лозим бўлади».

«Краудфаундинг тизимидан фойдаланган ҳолда, биз мактаблардаги шарт-шароитларни яхшилаш, фарзандларимизнинг таълим олишлари ва ҳар томонлама ривожланишлари учун қулай шароитлар яратиш бизнинг асосий мақсадимиздир. Бу мактаблар учун бир воситадир. Мазкур платформа ёрдамида улар маблағларни жалб қилишда ва сарф этишда шаффофлик ва ҳисоботлилигини таъминлайдилар. Тизим тўлиқ шаффоф. Фонднинг ишини тўлиқ ошкоралигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда олинган маблағлар ва улардан қандай фойдаланилгани ҳақида маълумотлар бериб борилади», – деди у.

«Биз барча юртдошларимизни фарзандларимизнинг таълим олишига ва улар учун ёрқин келажак яратишга ўз ҳиссаларини қўшишда бефарқ бўлмасликка чақирамиз», – деб таъкидлади Каримжонов.

ЎҚИНГ: Халқ таълими вазирлиги: "Facebook'даги пост бўйича жиноий иш очилди"

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!