Ўзбекистонда нархи 3 миллионга бормайдиган топ 5 смартфонлар!

Ўзбекистонда нархи 3 миллионга бормайдиган топ 5 смартфонлар!

Замон ривожланиб, кундан-кунга барча соҳалар рақамлашиб бормоқда ва ҳозирда деярли ҳеч қайси ишимиз смартфонларсиз битмаяпти. Улар ёрдамида уйимиздан чиқмаган ҳолда бозорлик қиламиз, коммнуал тўловларни тўлаймиз, янгиликларни кузатиб борамиз, маълумотлар оламиз, филмлар томоша қилиб, ўйинлар ўйнаб ҳордиқ чиқарамиз ва ҳоказо. Албатта, бунинг учун бизга яхши смартфон керак, лекин "яхши" дегани "қиммат" дегани эмас. Янги ва яхши смартфон учун сизга 3 миллион сўм етарли. Унга сиз қуйидаги смартфонларни олишингиз мумкин.

Huawei Nova Y90

Ўтган йилнинг июл ойи охирида тақдим қилинган ушбу Huawei смартфони худди флагманлардек кўринишга эга. 6.7 дюймли, 90 герц янгиланиш тезлигига эга экран ён томонлари нозик қора рамка билан чегараланган. Дисплей юқори марказидаги юмалоқ қора тирқишда эса 8 МП камера жойлашган. Орқа томонга ўтадиган бўлсак, у ерда юмалоқ камера ороли 50 МП асосий, ҳамда 2 та 2 МП бўлган портрет ва макро сенсорлар билан LED чироғини ўз ичига олади. Қурилма 6 нанонметрлик Snapdragon 680 чипсетида 4/6 ГБ оператив ва 128 ГБ доимий хотира билан EMUI 12 операцион тизимида ишлайди. Унинг 5000 мА/соат батареяси 40 Вт тезликда зарядланади. Бу смартфонга ярим соатда деярли 50 фоизгача қувват беради.

Huawei Nova Y90 смартфонини 4/128 ГБ хотира конфигурациясида 2 799 000 сўмга компаниянинг расмий ритейлеридан топишингиз мумкин.

Tecno Pova Neo 2

Агар сиз мобил ўйинлар ишқибози бўлсангиз Tecno Pova Neo 2 смартфони, эҳтимол, айнан сиз учун. Ёрқин рангдаги ташқи дизайннинг ўзи ўйинларга хос ҳис бахш этади. Техник хусусиятлари унданда ажойиб – 8 ядроли MediaTek Helio G85, 4/6 ГБ оператив ва 128 ГБ доимий хотира. Экран эса у 6.82 дюйм ва у HD резолюцияда. Смартфоннинг энг ўзига хослиги унинг батареясида: нақд 7000 мА/соат ва бунақаси ҳозир унча-мунча смартфонларда топилмайди. Тасвирга олишга келсак, смартфон 16 мегапикселли асосий камера ва яна қўшимча СИ сенсор билан жиҳозланган. Селфилар учун олд томонда 8 МП камера мавжуд.

Tecno Pova Neo 2 смартфонини сиз Ўзбекистондаги расмий онлайн дўконлардан атиги 2 миллион сўм атрофида топишингиз мумкин.

Honor X8а

Шу феврал ойининг 8 санасида Honor компанияси ўзининг янги бюджет смартфони, Honor X8а моделини тақдим қилди. Қурилманинг ўзига хос хусусиятларидан бири унинг камерасида: орқа томондаги тўртбурчак камера оролида ф/1.9 диафрагмали 100 МП асосий ва унга қўшимча 5 МП, ҳамда, 2 МП бўлган ултра-кенг ва макро камералар уй ҳисобланади. Худди юқори синф смартфонларида бўлганидек, олд томон юқори марказида жойлашган 16 мегапикселли селфи камера экран рамкасидан ажралиб туради. Экранга тўхталадиган бўлсак, смартфон 6.7 дюймли FHD+ резолюциясидаги 90 герц янгиланиш тезлигига эга дисплей билан жиҳозланган. Қурилма MediaTek'нинг G88 чипсетида 6/8 ГБ оператив ва 128 ГБ доимий хотира билан Android 12 асосланган Magic UI 6.1 оперцион тизимида ишлайди. Унинг 4,500 мА/соат батареясини 22.5 Вт тезликда қувватлашингиз мумкин.

Honor X8а смартфонини Ўзбекистондаги онлайн дўконлардан хотира конфигурациясига қараб 2 800 000 сўм атрофидаги нархда топишингиз мумкин.

Tecno Camon 19

2.5 миллионга флагман топиб бўлмайди деб ким айтди? Camon серияси Tecno компаниясининг флагман смартфонлари қатори ҳисобланади ва уларнинг энг сўнгги авлоди ҳозирда Tecno Camon 19 серияси бўлиб турибди. Ушбу смартфон нозик рамкалар билан ўралган 6.8 дюймли FHD+ экранга эга. Унинг юқори марказидан эса 16 мегапикселли селфи камера жой олган. Орқа томондаги икки юмалоқ камера оролларида эса учта: 64 МП (ф/1.7) асосий, 2 МП (ф/2.4) портрет ва яна бир қўшимча СИ камера жойлашган. Шу ерда смартфон дизайнига ҳам эътибор беринг. Яшил рангли Tecno Camon 19 ўзига хос линиялар туширилган чиройли ва нафис дизайнга эга. Қурилма капоти остига MediaTek Helio G85 чипсети ўрнатилган бўлибм у 6 ГБ оператив ва 128 ГБ доимий хотира билан ишлайди. Унинг батареяси 5000 мА/соат ва уни 18 Вт тезликда зарядлаш мумкин.

Юқорида айтганимиздек, Tecno Camon 19 смартфонини Ўзбекистонда онлайн дўконлардан 2.5 миллион сўм атрофидаги нархда топишингиз мумкин.

Redmi Note 11

Redmi Note 11 Xiaomi'нинг энг оммабоп смартфонларидан бири ҳисобланади ва бу бежизга эмас. Қурилма ўзига хос дизайн ва техник хусусиятлар уйғунлигига эга. Қурилманинг 6.43 дюймли 1080×2400 пикселлар сонига эга AMOLED экрани Corning Gorilla Glass 3 билан ҳимояланган. Гарчи Android 11 билан тақдим қилинган бўлса ҳам, смартфон ҳозирда Android 13 га асосланган MIUI 14 янгиланишини қабул қилишга тайёр. Смартфон Snapdragon 680 чипсетида 4/6 ГБ оператив ва 64/128 ГБ хотирада ишлайди. Унинг 5000 мА/с батареясини 33 Вт тезликда ёхуд 1 соатда 100% қувватлаш мумкин. Тасвирга олиш борасида ҳам смартфон анча яхши. У орқа томонда тўртлик: 50+8+2+2 МП камера тизимига эга. Селфилар учун эса олд томонда 13 МП камера жойлашган.

Redmi Note 11 смартфонини хотира конфигурациясига қараб, 2 миллиондан 2.5 миллион сўмгача бўлган нарх оралиғида топишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Realme динамик орол... э, йўғэ, мини капсулали смартфон чиқаради

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!