Ўзбекистонда стартаплар сотиладиган бозор яратилмоқда!

Ўзбекистонда стартаплар сотиладиган бозор яратилмоқда!

Ўзбекистонда стартаплар экотизими шаклланиш босқичида кундан-кунга стартаплар сони ортмоқда. Шунингдек, ёшларнинг ҳам стартап лойиҳалар қилишга бўлган интилишлари ҳам ошиб бормоқда.

Аммо инвесторлар юртимизда амалга оширилаётган стартапларни бир манзилда топа олишлари муаммо. Тўғриси, инвесторлар кўпгина яхши лойиҳалардан бехабар қолиб кетмоқда. Стартап лойиҳаларни амалга оширувчилардаги муаммо эса – ўз лойиҳасига маблағ жалб қиладиган инвестор топиш учун муқобил муҳит йўқлиги. Яна бир муаммо эса стартапчиларда стартапларни сотиш бўйича кўникмалар йўқлиги.

Аммо энда стартапчиларда бундай муаммолар бўлмайди. Сабаби – стартаплар сотиладиган Startupmarket.uz номли янги тизим ишга туширилмоқда.

Startupmarket.uz – бу Ўзбекистондаги барча стартапларга  маблағларни жалб қилиш ва келгусида уларни сотиш мақсадида яратилган платформа. Унга жойланаётган стартаплар тизим ёрдамида ўзлари учун керакли маблағни топишлари мумкин бўлади. Яъни тизим стартапга инвестор, фондлар, бизнес инкубатор топишга ёрдам беради.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда бепул стартап-акселераторлар ташкил этилиши арафасида

Startupmarket.uz республикадаги стартапчиларга қуйдагича кўмаклашади:  

  • барча стартапларни бир платформага жойлайди;
  • уларни инвесторга сотиш даражасига олиб чиқишга ёрдам беради;
  • стартапнинг брендига алоҳида эътибор беради, агар у йўқ бўлса яратади;
  • сифатли расм, сотишга олиб келадиган сўзлар ва видеолар билан таъминлаб беради;
  • инвесторга қизиқ бўлган мавзудаги стартапларни сотади;
  • давлат грантларини ютишга кўмаклашади;
  • стартапчилар учун Глобал тарифи орқали уларни халқаро платформалар (Indigogo, Kickstarter, Planeta.ru, Boomstarter)га жойлаштиришда ёрдам беради.

Платформадан фойдаланиш кандай амалга оширилади? Startupmarket.uz’дан фойдаланиш 4 босқичда амалга оширилади:

1-босқич: Стартап эгаси Startupmarket.uz  платформасига кириб, ўз стартапини жойлаштиради.

2-босқич: Платформага келиб тушган стартапда талаб қилинувчи маълумотлар етарли бўлмаса, стартап эгаси билан алоқага чиқилади ва платформа унга хизматларини тарифлар орқали таклиф қилади.

3-босқич: Стартапга маҳаллий ва халқаро миқёсида инвестор изланади.

4-босқич: Инвестор топилгач, стартапнинг эгаси билан инвестор учраштирилади. Агар стартап сотилса, платформа ўз фоизини олади.

Умуман олганда, ушбу тизимнинг аудиторияси стартапчилар, стартап лойиҳаларни инвестиция қилувчи ташкилотлар ва алоҳида инвесторлар ҳисобланади.

– Ўзим талаба бўлган пайтларимдан то ҳозирги кунгача турли лойиҳалар, стартаплар устида ишлаб юраман. Бирор стартапни бошласам уни кимга кўрсатишни, инвесторларни қандай топишни, шунингдек, бошқаларни ушбу стартапдан қандай бохабар қилишни билмай қолардим. Кейинчалик билсам, бундай муаммо бошқа стартапчиларда ҳам бор экан. Шундан сўнг  Startupmarket.uz’ни яратишга қарор қилдим, – дейди лойиҳа асосчиси Улуғбек Исматов.


Image may contain: one or more people and indoor

Маълумот ўрнида айтиш керакки, халқаро бозорда 7,1 фоиз стартаплар Fintech (молиявий йўналишдаги инновацион технологияларни қўллаш орқали одатий молиявий ташкилотлар билан рақобат қилишга қаратилган йўналишдир, уларга асосланган стартапларни Fintech стартаплар деб аташади), 2.1 фоиз Cleantech (инновацион тозалаш хизматини кўрсатувчи технологияларга асосланган йўналиш) йўналишлари бўйича ўз ечимларини таклиф қилишмоқда. Стартапларнинг тўлақонли компанияга айланишига ўртача 42 ой муддат талаб қилинишини ҳисобга олсак, уларга турли даражаларида хизмат кўрсатиш назарда тутилади. Халқаро майдонда стартаплар билан ишловчи платформалар бозори 1-3 миллиард АҚШ доллари атрофида пул топади.

ЎҚИНГ: ТАТУ талабалари компьютер ва андроидлар учун иловалар яратишди

Юртимизда ҳам стартаплар учун очиқ муҳит ва кенг имкониятлар яратилиши борасида бир қанча амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, «Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилиниши ҳам юқоридаги фикрларимиз далилидир.

Фармонга биноан, инвестиция ҳамда бошқарув компанияларини ташкил қилиш амалиёти кенгайтирилади.

Startupmarket.uz  эса, аввало, маҳаллий бозорни шакллантириш билан шуғулланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бундан ташқари, инвесторлар, айниқса хорижий инвесторларнинг инвестиция ҳиссаларини тезкор ва самарали жалб этиш учун учун ҳам катта имконият бўлади. Ўйлаймизки, Startupmarket.uz юртимизда стартаплар сотиладиган катта онлайн бозорга айланади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу лойиҳа ҳар йили ўтказиладиган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудуларида тадбиркорлик муҳитини такомиллаштириш» қўшма лойиҳаси томонидан юртимизда «Стартап-ташаббуслари» ёшларнинг стартап-ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган дастурида тақдим этилган.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг қиммат стартап

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!