Ўзбекистонда янги тўлов тизимини шу йилиёқ тўлақонли ишга туширишмоқчи

  •   DiMaX
  •  1493
  •  21.02.2019 09:52

Ўзбекистонда янги тўлов тизимини шу йилиёқ тўлақонли ишга туширишмоқчи

Марказий банк маълумотларига кўра, «Humo» тўлов тизимини 2019 йил мобайнида тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда spot.uz нашри хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: "Humo" тўлов тизимининг ишга тушиш вақти маълум бўлди

Тўлов тизими брендини яратиш мақсадида Марказий банк томонидан янги ташкил этилаётган тўлов тизими учун ном танлашга танловда аҳоли ўртасида ўтказилган овоз бериш натижалари бўйича «Humo» варианти 45,3% билан биринчи ўринни эгаллаган эди.

Марказий банк маълумотларига кўра, мазкур тўлов тизимини 2019 йил мобайнида тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда «Humo» тўлов тизими учун муҳандислик инфратузилмаларини яратиш ва банк карталари, терминал қурилмалари, банкоматлар харид қилиш бўйича ишлар ҳам параллел равишда амалга оширилмоқда.

Марказий банк Ахборотлаштириш Бош маркази таркибида Миллий банклараро процессинг марказини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Қайд этилишича, Миллий банклараро процессинг марказининг муваффақиятли ишга туширилиши банк карталарига асосланган тўлов хизматларини кўрсатувчи чакана тўлов тизимлари ўртасида рақобат муҳитининг пайдо бўлишига, тўлов хизматларидан фойдаланувчилар учун хизматдан фойдаланганлик учун тўланадиган комиссион ҳақ арзонлашишига, илғор технологияларни қўллаган ҳолда масофавий нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини оширишга, банк карталарига асосланган чакана тўлов тизимлари сонининг ортиши билан мамлакат тўлов тизимида рўй бериши мумкин бўлган рискларни камайтиришга хизмат қилади.

2019 йил 1 январь ҳолатига 17 686 мингта банк пластик карталари муомалада бўлиб, 2018 йил мобайнида DUET тизими банк пластик карталари билан боғлиқ лойиҳаларнинг тугатилганлиги муносабати билан умумий сони қисқарган.

Тўлов терминаллари сони эса 2018 йил 1 январь ҳолатига 235 712 тани ташкил этган бўлса, 2018 йил мобайнида 3,9 фоизга ортиб, 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 244 913 тани ташкил этган. Шунингдек, банкомат ва инфокиосклар сони 2018 йил 1 январь ҳолатига 5 632 тани ташкил этган бўлса, 2018 йил мобайнида қарийб 21,8 фоизга ортиб 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 6 859 тани ташкил этган.

ЎҚИНГ: Фирибгарлар қармоғи. Пластик картадаги пулларингиз жойидами?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!