Ўзбекистонда янгича «проездной» карта жорий этилди, у дўконларда ҳам ўтади! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2785
  •  09.01.2020 17:40

Ўзбекистонда янгича «проездной» карта жорий этилди, у дўконларда ҳам ўтади! (+видео)

Жорий йилнинг 3 январидан юртимизда махсус транспорт тўлов карталари сотувга чиқарилди. Тўлов карталарининг нархи 11 минг сўм бўлиб, ҳар бир картага олдиндан бир марталик тўлов миқдори юкланган, деб ёзади ЎзА.

ЎҚИНГ: Тошкентда жамоат транспорти автоматлаштирилган тизимга ўтяпти

Бугун бир гуруҳ журналистлар дастлабки босқичда «Тошшаҳартрансхизмат» таркибидаги автобусларга ўрнатилган электрон тўловларни қабул қилувчи мобил ва стационар валидаторларнинг ишлаш жараёни ва автобус электрон тизимига интеграция қилингани билан танишди.

– Бунга ўхшаган тизимлар кўпгина ривожланган давлатларда жорий этилган ва яхши самара бермоқда, – дейди Ягона умумреспублика процессинг маркази автоматлаштириш тизимларини ривожлантириш ва жорий этиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Олимжон Зокиров. – Буюк Британияда «Oyster card», Японияда «Suica», АҚШда «Metro Card», Жанубий Кореяда «T-money», Италияда «Integrato», Сингапурда «EZ Link», Россиянинг «Тройка» тизими шулар сирасидан.

Амалдаги ойлик йўл чипталар аслида 130 марта фойдаланишга мўлжалланган. Бироқ, назорат йўқлиги боис, қанча транспортга чиқилса ҳам ой давомида қўлланилади. Янги тизимдан йўловчиларга фойда бўлса бўладики, зарар бўлмайди. Бу тизимда бир марта 1400 сўм тўлаб, келгусида эса бир нечта транспорт туридан автобус+метрода юриш мумкин. Ёки бир нечта бекатга белгиланган тўлов миқдорини тўлаш мумкин булади. Шунга кўра, масофа узунлигига қараб йўлкира ҳақи ўзгаради.

Демак, энди мобиль компанияларда бўлгани каби транспорт тизимида ҳам вақт ҳамда масофадан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган қулай тариф режалари жорий этилади. Мисол учун, Сергели-Юнусобод йўналишида автобусга чиққан йўловчи саноқли бекат юрса 1000 сўм, охирига қадар борса 1400 сўм тўлайди. Ҳар бир мижоз ўзига қулай тарифни танлаши ва фойдаланиши мумкин. Бунинг эса 80 дан ортиқ йўналиш мавжуд булади.

ЎҚИНГ: ДИҚҚАТ: Ўзбекистонда телефон сотиб олсангиз, IMEI-код учун сиз пул тўламайсиз!

Бунинг учун йўл карталари харид қилиш керак бўлади, ҳар бир автобуснинг эшигига эса валидатор қўйилади. Кондуктор пулни олиши, қайтим ва билет бериш учун одатда беш дақиқадан кўпроқ вақт сарфланади. Валидаторларнинг ишлаш тезлиги эса бир дақиқадан ҳам қисқа бўлиб, йўловчи учун ноқулайлик келтирмайди. Шунингдек, замонавий технологиялар кўмагида йўловчиларнинг оқимини ўрганиш учун имконият туғилади. Қайси йўналиш кам рентабелли, қайси бекатда йўловчи кўп – аниқлаш осон бўлади.

Пенсионерлар, ўқувчи-талабалар ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда жамоат транспорти хизматидан имтиёзли асосда фойдаланиш ҳуқуқига эга алоҳида фуқаролар тоифалари учун имтиёзли транспорт карталарини шахсийлаштириш ва карта таннархи бўйича сотиш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Янгича турдаги – ягона транспорт картасидан фойдаланиш жараёни қуйидаги видеода кўрсатиб берилган:

Учрашувда ягона транспорт картаси билан келгусида нон ва бошқа керакли маҳсулотлар ҳам харид қилиш мумкинлиги айтилди. «Агарда вазият шундай бўлса, бу карталар нега керак? Пластик карталардан фойдаланиб юраверсак бўлмайдими», деб ўйлаганларга жавоб тайёр.

– Аввало, буни ойлик йўл чипталари сотиладиган шохобчалардан бемалол, навбатсиз харид қилиш мумкин, – дейди «Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори» директори Тимур Азатов. – Ҳаммада ҳам NFC банк пластик карталар йўқлигини ҳисобга олиб, транспорт карталарини қулайлик сифатида ишлаб чиқардик. Шунингдек, мисол тариқасида, ҳарбий хизматчилар текинга юради, уларнинг қанчаси ва қайси транспорт турларидан фойдаланишини ҳисобини юритиш учун ҳам бу керак эди. Айни вақтда йўловчи транспортларига ўрнатилган жиҳозлар транспорт карталарини қабул қилади, январ ойининг охирига қадар жамоат транспортида NFC банк карталаридан ҳам тўловни амалга ошириш имкони пайдо бўлади.

Учрашувда бу тизим йўловчиларга ҳам, ҳайдовчига ҳам қулай бўлиб, ташувчи корхоналарнинг даромади ошиши, йўл ҳақи тўловлари йиғими ҳам кўпайиши айтилди. Шунингдек, мазкур карталар март ойига қадар пойтахтимизда тўлиқ йўлга қўйилади ва шу йилнинг сентябрь ойидан вилоятлардаги жамоат транспортларида ҳам жорий этилади.

ЎҚИНГ: Тошкент метрополитенида йўл ҳақини контактсиз тўлаш тартиби тажриба тариқасида ишга туширилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!