Ўзбекистондаги илк ақлли овозли ёрдамчи – Моҳира билан танишинг!

Ўзбекистондаги илк ақлли овозли ёрдамчи – Моҳира билан танишинг!

"Siri, менга қушлар ҳақида маълумот бер", "Алиса, чироқни ўчириб юбор", "Alexa, об-ҳаво қанақа?", "Ҳой, Google, қўшиқни қўйиб юбор". Бугунги кунда биз ижтимоий тармоқлардаги видеоларда ёки умуман реал ҳаётда одамларнинг ўз телефонлари ёки бошқа ақлли қурилмаларига мана шундай гапираётганликларини кўрамиз. Қизиғи шундаки, уларнинг буйруқлари сониялар ичида амалга оширилади. Қушлар ҳақида умумий маълумот берилади. Чироқ ўчади. Об-ҳаво қандай эканлиги аниқланади. Қўшиқ қўйилади. Буларнинг барчаси ақлли ёрдамчи томонидан бажарилади ва улар барчамизга маълум бўлган таниқли компаниялар томонидан ишлаб чиқилган. Siri – Apple, Алиса – Yandex, Alexa – Amazon, Google эса... ўз номидан маълум. Афсуски, бу беминнат ёрдамчиларнинг ҳеч қайси бири фақат ўзбек тилида ишламайди, яъни улар ўзбекчани деярли тушунмайди. Аммо энди улар бизга керак ҳам эмас. MohirDev ва UzbekVoice AI жамоаси Моҳира исмли Ўзбекистондаги илк ақлли овозли ёрдамчини тақдим қилишди.

Хизматнинг тўлиқ номи MohirAI. "AI" бу ерда "Artificial Intelligence" учун қисқартма ва бу "сунъий интеллект" маъносини англатади. Уни чақириш осон бўлиши учун эса Моҳира ёхуд Моҳир исмлари танланган. Нима учун айнан Моҳира? Лойиҳа асосчиси Анвар Нарзуллаев kun.uz нашрига берган интерюсида бу саволга шундай жавоб беради:

"Алишер Саъдуллаев (Ёшлар ишлари агентлиги директори) номини "Азиза" бўлсин деб таклиф берганди. Бунинг устида ҳам ўрганиш қилдик. Масалан, "Apple"ники "Siri", Россияники "Алиса". "Нима учун бундай исм танлашган" – деб эътибор берсак, энг кам ишлатиладиган исм танлаш керак экан. Чунки кўп қўлланадиган исм бўлса, сунъий интеллект ёқилиб кетаверади. Агар биз сунъий интеллектимизга "Азиза" деб исм қўйсак, у ишлаб кетаверарди. Шунинг учун "Моҳир" ва "Моҳира" деб танладик. Ҳозирда иккаласи учун алоҳида қилиб 100 соатдан овоз ёзиляпти".

Моҳира юқорида айтиб ўтилган Siri, Alexa ва Алисалар каби сизнинг саволларингизга жавоб бера олади. Маълум бўлишича, овозли ёрдамчи бугунги куннинг энг тренддаги сунъий интеллект платформаларидан бири – ChatGPT'га уланган. Бунда Моҳира берилган саволга жавобни тўғридан-тўғри интернетдан излаш ўрнига, жуда катта матнлар базасида "чиниққан" сунъий интеллект билан жавоб беради. Гарчи у ҳозирча сизнинг чироқни ўчириш ёки қўшиқ қўйиш каби буйруқларингизни бажара олмаса ҳам, у сиз билан суҳбатлашиши, маълумотларни тез топиб бериши ва осон тушинтириб бериши мумкин.

Ва бу Моҳиранинг ягона қобиляти эмас. MohirAI платформаси 92% аниқликдаги Speech-to-Text (STT) ва шу билан бирга Text-to-Speech (TTS) хизматларини ҳам таклиф қилади. Бунда STT хизмати орқали сиз ўзбек тилидаги оғзаки гапларингизни матнга ёки TTS билан матнларингизни оғзаки кўринишга тез ва осон ўгириб олишингиз мумкин бўлади. Кўпинча овозни матнга ўгириш хизматидан YouTube видеолар учун субтитрлар ёзишда фойдаланишади. Матнни овозга ўгириш хизмати билан эса китобларни осонгина аудио шаклга ўтказиш мумкин.

"Лойиҳанинг энг қийин ва қиммат қисми ҳам шу моделни яратиш бўлди", - дейди Анвар Нарзуллаев ўз блогида. "Ҳозирги замонавий сунъий интеллектлар жуда катта маълумотлар устига қурилади. Уни яратиш жараёнида катта ҳажмдаги маълумотлар керак бўлади. Шу нарса узоқ йиллар давомида катта муаммо бўлиб келяпти. Бизда эса ўзбек тилидаги очиқ маълумотлар жуда кам. Давлат ташкилотлари ёпиқ, маълумотларни бермайди. Махфий бўлмаган ахборотлар ҳам йиғилмаган ёки тартибли қилиб жамланмаган. Маълумот олишимиз учун бизга доим Статистика қўмитаси (ҳозирги Статистика агентлиги)нинг сайти кўрсатилади, лекин у ерда жуда кам, чегараланган маълумотлар. Шунинг учун ҳам айни шу масалада "UzbekVoice AI" лойиҳаси туртки бўлди. Лойиҳа раҳбари Бахтиёр билан танишиб қолганимда, базаларни йиғаётганини айтиб, сунъий интеллект қисмини йиғишда ердам бериши бўйича таклиф қилди. Шу билан ишлар бошланиб кетди. Энг катта туртки маълумотлар базаси борлиги бўлди."

UzbekVoice AI асосчиси, Бахтиёр Ҳасанов эса ўз лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ҳақида ҳам kun.uzъга интервю берган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг биринчи босқичини ишлаб чиқиш 2021 йилда бошланган. Ўшанда 300 соатга яқин овоз 2-3 ой давомида 100 тача одамлар томонидан онлайн йиғилган ва кейин Мозилла Cоммон Воиcе платформасига жойлаштирилган. 2022 йилга келиб эса Ёшлар ишлари агентлиги ёрдами билан 200 нафар одам 1 ой офлайн ишлаш натижасида 1000 соатлик овоз қайта ишланган.

"Жуда катта ҳажмда матнлар, маълумотлар базаси бор. Мана шу матнларни биз иштирокчиларга бот орқали берамиз, улар ўқийди. Иштирокчи ўқиган матнларни эса бошқа одамлар тўғри ёки нотўғри ўқиганини текшириб кўради. Тўғри мутолаа қилинганини икки нафар одам тасдиқласа, тўғри ўқилган матнлар базасига тушади. Бундан эса тадқиқотчилар, сунъий интеллект билан шуғулланувчилар ҳам фойдаланиши мумкин бўлади. Ҳисоблаб чиққанимизда корпусимизда 70 мингдан кўпроқ уникал сўзлар ишлатилганини аниқладик. Биз кунлик ҳаётимизда минг ёки 1 минг 200 тадан кўп сўзни ишлатмасак керак", дейди Бахтиёр Ҳасанов kun.uz'га берган интервюсида.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Моҳира ёлғиз эмас. У ўтган йилнинг ноябр ойида ICT WEEK ҳафталигида UZINFOCOM томонидан тақдим қилинган Muxlisa AI хизматига рақобатчилик қилади. Бироқ, Muxlisa AI ақлли ёрдамчи бўлиш борасида ҳали курашга тайёр эмас ва у эндигина ишлаб чиқилмоқда. Лекин сиз унинг STT ва TTS хизматларидан фойдаланиб кўришингиз мумкин.

MohirAI ҳам ҳали тўлиқ ишга туширилганича йўқ, лекин ҳозирча ундан mohir.ai веб-сайти орқали фойдаланиб кўришингиз мумкин. MohirAI пуллик хизматлар билан бирга 21 март куни тақдим қилинишини кутилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.