Ўзбекистондаги илк Илмий лойиҳалар акселераторининг финали бўлиб ўтди

  •   DiMaX
  •  445
  •  10.05.2019 13:01

Ўзбекистондаги илк Илмий лойиҳалар акселераторининг финали бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 7 май куни юртимиздаги биринчи Илмий лойиҳалар акселератори C.A.T. Science Accelerator финали бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида ўтказилди, дейилади вазирлик хабарида.

ЎҚИНГ: Инҳа университетида SAP Next-Gen Lab инновацион лабораторияси очилди

Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров очди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатимизда самарали стартап-экотизимини яратиш жуда муҳим бўлиб, унинг ривожланишида акселератор ва инкубаторлар, шунингдек венчур фондлар муҳим ўрин тутади.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда стартап ҳаракат шаклланиш босқичида экан, турли дастур ва танловлар оммалашмоқда, – деди А.Назаров. – Стартапларнинг аксарияти IT соҳаси билан боғлиқ бўлиб, шу пайтгача илмий йўналишдаги мутахассис ва ёш жамоалар бир четда қолиб кетаётган эди. Негаки, уларнинг лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш учун замонавий лабораториялар керак, зарур материаллар ҳам анча маблағни талаб этади. Шу билан бирга, жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, табиий фанлар соҳасидаги юқори технологик стартаплар энг даромадли ва тез ўсувчи сегмент бўлиб қолмоқда. Бу ўринда Илғор технологиялар маркази негизида илмий стартаплар учун акселератор ташкил этиш ташаббуси жуда ўринлидир. Айтишим лозимки, ушбу ташаббус 2018 йилнинг июль ойида давлатимиз раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Бугун Акселераторнинг илк қалдирғочларининг меҳнат маҳсулини кўришдан мамнун бўламиз.

– Марказимиз 2018 йилнинг апрель ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги таркибига ўтди. Шунда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси масаласи кўтарилди, – деб айтди Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулова. – Бир томондан илмий марказмиз, иккинчи томондан Талабалар шаҳарчаси ҳудудида жойлашганимиз учун акселерация илмий лойиҳасини яратишга қарор қилдик. Шундай қилиб, марказимизда юқори технологияли кичик компаниялар учун мавжуд инфратузилма, хоналар, лабораториялар ва асбоб-ускуналарни имтиёзли шартларда тақдим этган ҳолда Инновацион стартап-акселератор ва стартап-инкубатор ташкил қилинди. 2018 йилнинг сентябрь ойида акселераторимиз ўз ишини бошлади. Унга 130 та ариза тушиб, улардан 28 та лойиҳа танлаб олинди. Акселератор ишининг олти ойи давомида финалгача 17 та жамоа қолди.

ЎҚИНГ: Термизда инновацион мобиль кинотеатр иш бошлади

Акселератор директори Владимир Цойнинг таъкидлашича, акселератор фаолияти давомида жамоалар турли семинар ва тренингларда иштирок этиб, бизнес асослари, солиққа тортиш тизими, бизнес-режалаштириш, корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, инвесторлар олдида чиқиш учун презентация тузиш асослари каби мавзуларда малакаларини оширишди.

Жамоаларнинг чиқишлари узоқ йиллик тажрибага эга мутахассислар томонидан баҳоланди. Жами 17 жамоа 6 ой давомидаги ишларининг натижасини тақдим қилишди. Акселераторнинг барча иштирокчиларига сертификатлар топширилди, лойиҳаларини энг яхши тақдим этган 3 та жамоа эса эсдалик совғаларини олишди.

Даставвал учта энг яхши жамоа пул мукофоти билан тақдирланиши эълон қилинган. Лекин айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан стартап лойиҳалар танлови эълон қилингани туфайли акселераторнинг 10 та энг яхши жамоаси мазкур танловга тавсия этилди. Жамоаларнинг бизнес-режалари Инновацион ривожланиш вазирлигининг танлов комиссияси томонидан алоҳида баҳоланади ва молиялаштиришга тавсия этилади.

ЎҚИНГ: Андижондаги инновацион лойиҳага Жаҳон банки 140 минг доллар ажратди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!