Ўзбекистонлик стартаплар бир миллион долларлик инвестиция жалб этиш имкониятига эга бўлдилар!

  •   DiMaX
  •  1194
  •  09.05.2018 13:13

Ўзбекистонлик стартаплар бир миллион долларлик инвестиция жалб этиш имкониятига эга бўлдилар!

Ривожланаётган бозорлар орасидаги стартапларнинг халқаро мусобақаси – Seedstars World бу йилнинг май ойида Ўзбекистонга ҳам кириб келадиган бўлди. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш орқали ривожланаётган бозорларида ишсизликни камайтиришдир, деб ёзади Spot нашри.

ЎҚИНГ: KOICA Ўзбекистондаги стартапларни қўллаб-қувватламоқчи

Камида икки йилдан бери олиб борилаётган Ўзбекистон стартаплари мазкур танловда қатнашиш учун ариза беришлари мумкин. Ғолибга Швейцарияда бўлиб ўтадиган халқаро саммитга бепул йўлланма тақдим этилади. У ердаги якуний питчингда иштирок этган стартаплар нақ бир миллион долларгача ҳажмдаги инвестицияни Ўзбекистонга жалб этиш имконини қўлга киритадилар.

«Seedstars World бу – Силикон (Кремний) водийси ва Ғарбий Европадан ташқари ҳудудлардаги бошловчи тадбиркорларни инвесторлар билан боғловчи платформадир. Модомики Тошкентдаги илк танловимиз бўлаётган экан, бунда биз мутлақо янгича ёндашувларга эга лойиҳаларни топишдан умидвормиз. Стартаплар ва тадбиркорлар учун ҳар йилги тадбирларимиз харитасига Ўзбекистонни ҳам қўшиб қўядиган лаҳзани биз сабрсизлик билан кутмоқдамиз», – дейди Seedstars World бош амалиёт директори Катарина Жулениова.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон делегацияси АҚШ даги "Кремний водийси"даги нуфузли компаниялар билан келишувлар имзолади

Seedstars World танловига ушбу ҳавола орқали ариза бериш учун стартап асосчилари инглиз тилида эркин гаплаша олишлари, лойиҳанинг ўзи эса қуйидаги талабларга жавоб бериши даркор:

  1. Ташкил этилганига 2 йил тўлмаган;
  2. Айни дамгача 500 000 АҚШ долларидан кам миқдорда молиялаштирилган;
  3. Технологик асосли;
  4. Тайёр минимал яшовчан маҳсулот (MVP)га эга ва лойиҳанинг кўламдорлигини исботлаш имконияти;
  5. Тижорат лойиҳаси бўлиши керак.

Seedstars World танловига ариза беришни истаган тадбиркорлар промокод олиш учун лойиҳанинг қисқача тавсифи ҳамда тақдимотини тайёрлаб, [email protected] манзилига юборишлари мумкин. Ариза беришнинг сўнгги муддати – 2018 йилнинг 12 май санаси.

Ўзбекистондаги финалчилар орасидан энг юқори баҳоланган ўнтаси 18 май куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Пресс-клубида бўлиб ўтадиган Seedstars Tashkent питчингида иштирок этишади.

Шунингдек, истаган киши тадбирда тингловчи сифатида рўйхатдан ўтиш, тадбиркорлар ва инвесторлар билан нетворкингда қатнашиш учун ушбу ҳавола орқали мурожаат қилиши мумкин.

ЎҚИНГ: Инновация тушунчаси ҳақида

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!