Ўзбекистоннинг илк онлайн савдо бозори ишга туширилади

Ўзбекистоннинг илк онлайн савдо бозори ишга туширилади

Сўнгги пайтларда электрон савдо ҳажми улуши жаҳон миқёсида жадал юқорилаб бормоқда. Мамлакатимизда тадбиркорликка берилаётган имкониятлар миллий маҳсулотларни халқаро бозорга олиб чиқиш учун замин яратмоқда. Қолаверса, мамлакат ҳудудида ҳам онлайн саво платформаларини яратиш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Натижада, Интернет орқали харид қилинган маҳсулотларни ўз вақтида, хавфсиз етказиб бериш хизматига талаб ошмоқда. Бунинг учун эса хизмат кўрсатувчи олдида зарур логистика инфратузилмасини яратиш вазифаси турибди.

Шуларни инобатга олган ҳолда, 2018 йилнинг 8 февралида “Ўзбекистон почтаси” АЖ да Ўзбекистон миллий почта оператори ҳамда Швейтсариянинг “ZOODEL” компанияси ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди. Бу тўғрида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар тарқатмоқда.

Меморандум Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасида рақобатбардошликни ошириш, тадбиркорларнинг халқаро бозорларга кириб бориши ва “Ипак йўли” мамлакатлари (Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Арманистон, Озарбойжон, Грузия, Туркия, Ливан, Афғонистон, Эрон, Ироқ, Покистон) билан савдо-сотиқ ҳамкорлигини йўлга қўйшда муҳим аҳамият касб этади.

Меморандумга мувофиқ, 2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ZoodMall янги электрон онлайн майдончаси ишга туширилади ва бу орқали ишлаб чиқариш компаниялари ва диллерлар ўз молларини воситачиларсиз сотиш имкониятига эга бўладилар.

Бунинг учун миллий ва халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари махсус мобил иловаларга жойлаштирилади;

ЗоодМалл орқали миллий маҳсулотларни eBay, AliExpress, Lazada, Cdiscount каби халқаро савдо майдончаларида сотилади. Натижада, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳар куни жаҳон миқёсида юз миллионлаб харидорлар диққатига ҳавола қилинади.

ZOODEL компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича Бош директори С.Мухамедалиевнинг сўзларига кўра, компания мобил иловасидан 300 миллиондан ортиқ халқаро харидор фойдаланади. Бу эса ўзбек тадбиркорларига хориж бозорларига осон чиқиш имконин беради. Бу жараёнда Ўзбекистон миллий почта оператори эса маҳсулотларни сифатли йетказиб беришни ўз зиммасига олади.

Шунингдек, томонлар ўзаро консултатив тажриба ва маълумотлар алмашиш, электрон тижорат соҳасида ўқувлар ташкил қилиш, бу йўналишдаги халқаро тадбирларда қатнашишда ҳамкорлик қиладилар.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 22 январида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инноватсион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон тижорат соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.