P10 Lite: Huawei'нинг ўрта нархли "имзоси"

P10 Lite: Huawei'нинг ўрта нархли

Кириш 

Хитойлик таниқли телекоммуникация ишлаб чиқарувчисининг 2017 йил бошидаги P10 флагмани тақдимотидан сўнг, кўп ўтмасдан унинг ўрта нархли бир неча талқинлари ҳам сотувга чиқарилди. Бунинг сабаби оддий – имкон қадар бозорни эгаллаб олиш.

Huawei компанияси Huawei P10 lite смартфонини жорий йилнинг март ойида Буюк Британияда намойиш қилди. Huawei P10 ҳамда Huawei P10 Plus флагманларининг “ҳамёнбоп” талқини бўлган "Lite" туркумининг Huawei P10 ҳамда P10 Plus’дан бош фарқи – қўш объективли камераларнинг йўқлиги. Унинг 12 мегапикселли бош ва 8 МП олд модули ҳам “акалари”никидан фарқли равишда Leica фирмасига тегишли эмас. Бу смартфонлар ёнма-ён турса, уларни ажратиш қийин.

Иккинчи муҳим фарқи – процессор. Саккиз ядроли HiSilicon Kirin 685 процессор самарадорликда юқори талқинга ўрнатилган Kirin 960’дан сал-пал орқада. Шунингдек, Huawei P10 Lite орқа панели шиша бўлса, Huawei P10 ва P10 Plus’ники металлдан тайёрланган. Huawei P10 Lite’нинг экран диагонали Huawei P10’га қараганда 0,1 дюймга каттароқ. 

Бежирим дизайн

Huawei смартфонлар дизайнига ўзгача муносабатда бўлади. Бир қарашда ишлаб чиқарувчи Huawei P10 Lite'да зиқналик қилмаганини англаш мумкин. Корпус пишиқлиги ва материалларнинг сифатлилиги, яхши йиғилгани билан смартфон ташқи кўриниш рақиблардан ажралиб туради.

Huawei P10 Lite дизайни жаҳоннинг энг қиммат флагманларининг кўриниши билан беллаша олади. Алюминий корпусдаги шаклдорлик, шиша улоқларнинг нафис жозибадорлиги ва  2,5D шаклидаги қайрилма шиша жозибадорлигида Huawei'га хос услубга гувоҳ бўлиш мумкин.

Huawei мобил телефонлари фойдаланувчилари компания корпус шаклдорлигига алоҳида эътибор қаратишини яхши билишади. Huawei P10 Lite ҳам бундан мустасно эмас.

Барча бошқарув элементлари пухта ўйлаб, сўнг жойлаштирилган. Корпуснинг қиялама ёнлари девайсдан фойдаланишда қулайлик яратади.

Ўчириб-ёқиш тугмаси корпуснинг ўнг томонида, овозни бошқариш тугмаси билан ёнма-ён жойлашган.

Сенсор клавишлар ўрнига экран охирида виртуал клавишлар жорий қилинган. Бармоқ излари сканери эса орқа панел марказидан ўрин эгаллаган. Одатдагидай, орқа панел чап томон бурчагида бош камера модули кучли диодли фоточақноқ бор.

Смартфон томида 3,5 мм.ли наушник ҳамда қуйи қисмида microUSB портлари мавжуд.

Корпус ихчам ўлчами билан кафтда қулай жойлашади. Huawei P10 lite ўлчамлари: 146,5 x 72 x 7,2 мм, вазни — 142 грамм. 

Экран имкониятлари

Huawei P10 Lite'нинг диагонали 5,2 дюймли экранига ўрнатилган дисплей матрицаси IPS технологияси асосида ишлаб чиқарилган ва юқори даражали ёрқинлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, экран рангни табиий рангларда узатиши билан ҳам ўзига хос.

Ранглар ўртасидаги чуқур қарама-қаршилик, тасвирнинг экраннинг барча ерида бир хил акс этиши фойдаланувчини хурсанд қилади. Дарвоқе, экран пиксел сиғими – Full HD (1920x1080 пикселли). Ҳар дюймда 424 белги. Бу эса диагонали 5,2 дюйм бўлган экран учун керагидан ортиқ қулайлик дегани.

Huawei P10 Lite экранида тасвирнинг акс этиши рангдор ва ёрқин. Юқори ёрқинлик боис, қуёш остида ҳам матнни ўқиш мумкин.

Компания бу моделда дисплей ёнларидаги қора ҳошияни қисқартиришга ҳаракат қилган.

Платформа ва самарадорлик 

Huawei P10 Lite компаниянинг 8 ядроли, частота тезлиги 2,35 ГГц бўлган HiSilicon Kirin 658 процессорида фаолият кўрсатади. Видеочип учун эса етарлича илғор Mali-T830MP2 танланган. Смартфонда 3 Гб "оператив" ҳамда 32 Гб (талқинидан келиб чиқиб 4/64 Гб ҳам бўлиши мумкин) доимий хотира ўрнатилган. microSD бўлмачаси ёрдамида хотирани 256 Гб.гача ошириш мумкин.

2017 йилда бирор смартфоннинг турли бенчмарк ва тестлардаги натижаларини аввалдан билиб, шунга кўра харид қилиш урфга айланди. Тестларда смартфон P9, Mate 8, Meizu MX6 каби телефонлардан бир озгина орқада.

Бироқ, қўрқмай айтиш мумкинки, Huawei P10 Lite самарадорлиги -- яхши. Унда стандарт иловаларни ҳам, график-тасвирга бой иловаларни ҳам қийналмай очиш ва улардан фойдаланиш мумкин.

Шунингдек, видео намойишида ҳам бирор носозлик ёки қотиб қолишлар, фойдаланувчини ғашини келтирувчи жиҳатлар кузатилмайди. Смартфон видео-картаси 4K сиғимли видеоларни ҳам қийналмай қайта ишлаб, намойиш қилади.

Фильмларни смартфон хотирасида ёки интернет орқали Youtube, шунингдек бошқа тармоқларда ҳам тўғридантўғри кўрса бўлади.

Овоз сифати – юқори. Huawei аудио-видео технологиясига алоҳида диққат қилади. Шу боис, меломанлар смартфон динамиклари узатаётган товушдаги бас ва юқори частоталарга бой овоздан ҳузур қилишади.

Android 7.0 Nougat'нинг ўзлаштирилган EMUI 5.1 талқини функцияларга бой ва фойдаланувчига ўзига зарур қулайлик яратиб олиш имконини беради. 

Аккумулятор имкониятлари

P10 Lite аккумуляторининг электр токи сиғими 3000 мА соат. Корпус ниҳоятда юпқа бўлгани боис, батарея ҳам шунга мувофиқ кичикроқ бўлиши табиий.

P10 Lite бу қувват билан 9 --11 соат ишлайди. Смартфондан бир иш куни давомида бемалол фойдаланиш мумкин.

Шу билан бирга, ундаги «Smart Power-Saving 5.0» қувватни тежайдиган функция ҳамда тезкор қувват олиш функциялари харидор учун чинакам бонус бўлган. Агар қувватни тежаш функцияси ёқилса, ундан 2 кун фойдаланиш мумкин. Шунингдек, смартфон 30 минту ичида қувватини 40 фоизга тўлдиради.

Қолаверса, аккумуляторда қувватлаш ускунасидан ўтаёган ток оқимини автоматик равишда мувофиқлаштириш функцияси мавжуд. Бу эса қувват олаётган вақтда смартфон аккумуляторининг қизиб кетишини олдини олади. шунингдек, бу технология аккумулятордан узоғроқ вақт фойдаланишга ҳам хизмат қилади.

Камера имкониятлари

P10 Lite аппарати бош камераси ягона модулли ва унга 12 мегапикселли сенсор ўрнатилган. Бош камера OIS, яъни суратни оптик барқарорлаштириш функциясига эга эмас. Унинг диафрагмаси f/2,2 ҳажмли. Бош камера "портрет режими"да фазали фокуслаш функциясидан фойдаланади.

Селфи-камера учун 8 мегапикселли сенсор танланган. Видеоконференция жараёнида ҳам олд камеранинг юқори имкониятларига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ёруғлик яхши шароитда камераларнинг сурат олиш имкониятлари ортади. Бош камера сониясига 30 кадрли Full HD сиғимли тасвир олади.

Тўғри, сифат борасида уни P10 билан солиштириш хато. Флагман "оғаси"дан бир озгина орқада бўлса ҳам, P10 Lite олган суратлар ўзи тенги смартфонларникидан анча яхши.

Қуйидаги суратларда бунга гувоҳ бўлинг.

Ўзига хос жиҳатлари 

Huawei P10 Lite мобил алоқа воситасининг имкониятлари Huawei томонидан Android 7.0 асосида ишлаб чиқарилган EMUI 5.0 дастурий таъминот воситаси билан боғлиқ. У шунчаки қулай интерфейсдан мақбул анимациялар ва қўшимча функциялари билан фарқ қилади.

Хусусан, аппарат имо-ишораларни тушунади. Фирманинг «Knuckle Sense» технологияси ёрдамида смартфон фойдаланувчиси скриншотлар олиши, видеосъёмкани намойиш қилиш ва бошқалар билан файллар алмашиш мумкин. Ва, буларнинг барчасини бир ёки 2 та бармоқ билан кўрсатилган ишораларда қилиш мумкин.

Ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни хуш кўрувчилар учун ишлаб чиқарувчи махсус «AppTwin» функциясини ишлаб чиққан. Унинг моҳияти шундаки. фойдаланувчи бир вақтнинг ўзида муайян тармоқдаги 2 та профилидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Мисол учун, фойдаланувчи бир вақтда ҳам шахсий, ҳам касбий профилидан фойдаланиши мумкин.

Шу билан бирга, смартфондаги Wi-Fi Bridge функцияси ёрдамида телефондан бир вақтнинг ўзида 4 тагача қурилмага Wi-Fi сигналини узатиш мумкин.

 Рақиблари 

Huawei P10 Lite 19 мартдан Европада 369 АҚШ доллари баҳосида сотувга чиқарилган эди. Айни пайтда бу телефон юртимиз смартфон бозорида 275 доллардан сотилмоқда.

Унинг ашаддий рақибалир ҳам йўқ эмас. Жумладан, ҳамёнбоп ва кучли смартфонлари билан ном қозонган Xiaomi компанияси Huawei P10 Lite'нинг нархи эвазига ундан бир оз кучлироқ Mi 5 смартфонини таклиф қилади.

Шунингдек, юртимиза бозорларида 175 АҚШ долларидан сотилаётган Redmi Note 4X ҳам баъзи жиҳатлари билан рақобатга кириша олади. Хусусан, 5,5 дюймли дисплей, 4 ГБ оператив хотира ва 64 ГБ доимий хотира, 4100 мА соат сиғимли аккумулятор. Бироқ, камерофон сифатида P10 Lite'га рақиб бўла олмайди.

5,1 дюймли, 3 ГБ «оперативка», 32 ГБ доимий хотирага эга ZTE Blade V8 ҳам унинг рақиби.

Samsung Galaxy A3 (2017)'нинг экран сиғими пастроқ бўлса ҳам, АMOLED технологиясида тасвир узатиши билан ўзига хос.

Nokia 6 ҳам 5,5 дюймли Full HD экрани, 4 ГБ ва 32 ГБ хотиралари, 3000 мА соат аккумулятори ва 16 Мп камераси билан бозорда P10 Lite билан рақобат қилади. 

Хулоса 

Huawei P10 Lite "ихчам" смартфонларнинг ёрқин вакили. Сўнгги вақтларда у ўрта нархли девайслар орасида яхши сотилатгани билан диққатга тушган. Ихчам дизайн ва замонавий жиҳатларни ўзида жамлаган iPhone SE каби, 5,2 дюймли қулай ўлчамли ва илғор жиҳатли Huawei P10 Lite ҳам яхши сотилмоқда.

Huawei P10 Lite бежирим гаджет ихлосмандлари учун мос смартфон. Арзон бўлса ҳам, флагмандай ҳашамдор, яхши ишлаб, яхши тасвир намойиш қилувчи, яхши суратга олувчи мобил алоқа воситаси харид қилиш истагида бўлганлар учун Huawei P10 Lite – энг яхши вариант!

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 2.7 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!