Парижда "рекордчи" Oppo Find X тақдим қилинди

Парижда

Франция пойтахти Парижда кутилган тақдимот бўлиб ўтди. Унда Oppo компанияси ўзининг Oppo Find X - "Find" туркумига мансуб илк флагманини тақдим қилди. Смартфон қизиқарли ва ўзига хос техник жиҳатлари билан ажралиб туради.

6,4 дюймли экран ён томонларга қайрилган шаклда. AMOLED матрицали дисплейнинг пикселлар сиғими Full HD+. Экран билан боғлиқ аҳамиятли жиҳатлардан бири -- олд панелнинг деярли 93% фоизи дисплейдан иборат. Айтиш керакки, жаҳондаги ҳали бирор девайс экран масаласида бундай натижани кўрсата олмаган. Ромлар эса ҳар томондан имкон қадар юпқалашган ва у қадар ҳам кўзга ташланмайди.

Ушбу натижага эришиш учун компания муҳандислари олд ҳамда бош камерани корпуснинг юқори қисмига ўрнатилган ва ҳаракатланадиган махсус модулга жойлаштирганлар. Яъни, девайснинг том қисми слайдерли механизм асосида ишлайди. Фойдаланувчи камера иловасини ишга тушириши билан том қисмидаги бу блок автоматик тарзда (бор-йўғи 0,5 секун ичида) ишга тушади.

Oppo Find X динамиги ҳам томдаги ҳаракатланувчи блокка жойлаштирилган. Унинг кўриниши одатий. Ҳаракатланувчи модул бекиниб турганида смартфон олд ва орқа панели силлиқ ва жозибадор кўринади.

Бундан ташқари, янги смартфон бармоқ изи сканеридан ҳам маҳрум бўлган. Бунинг учун эса бир нечта датчиклар жамланмасидан иборат ва 3D-сканерлаш технологиясида ишлайдиган функция татбиқ қилинган. Mi 8 флагманидан сўнг, Oppo Find X қиёфани тўлиқ сканерлаш тизимига эга бўлган иккинчи Андроид смартфон бўлди.

Шишадор корпусли смартфонни ишга тушириш учун дисплейда бармоқни юргизса бўлди. У тезкорлик билан блокировкадан чиқади.

Oppo Find X айни пайтда энг илғор андроид процессор бўлган Qualcomm Snapdragon 845 чипига эга бўлган. Унга 8 гигабайтгача тезкор ҳамда 256 гигабайтгача доимий хотира ўрнатилган.

Бош камерада 16 Мп ва 20 Мп аниқлигидаги сенсорлар ўрнатилган. Олд камера учун эса 25 мегапикселли датчик танланган. Камералар олган сурат "сунъий интеллект" технологияси ёрдамида тизимда қайта ишланади.

Oppo Find X флагманига ўрнатилган 3730 мА соат сиғимли аккумуляторни USB Type-C орқали тезкор қувватлаш мумкин.

Ўқинг: Mi Max 3: "гигант кинофон" ҳайратга солади

Девайс қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo операцион тизимининг Color OS талқини бошқарувида фаолият кўрсатади.

Хитойда Oppo Find X бугун сотувга чиқарилди. Флагман баҳоси 700 АҚШ доллари этиб белгиланган.