Париждаги тақдимотда кўрсатилмаган Huawei P30 Lite намойиш этилиб, аллақачон сотувга ҳам чиқди!

  •   DiMaX
  •  2018
  •  28.03.2019 16:26

Париждаги тақдимотда кўрсатилмаган Huawei P30 Lite намойиш этилиб, аллақачон сотувга ҳам чиқди!

Куни кеча Париж шаҳридаги махсус тадбирда хитойлик компания стандарт Huawei P30 флагмани ҳамда унинг янада илғор – P30 Pro версиясини тақдим этганидан хабарингиз бор. Унда яна мазкур смартфоннинг нисбатан арзон ва хусусиятлари соддароқ варианти – Huawei P30 Lite ҳам кутилган эди, аммо у намойиш этилмаганди.

ЎҚИНГ: Huawei P30 ҳамда P30 Pro тақдим этилди: 10 карралик зум, тунда ҳам кундузгидек сурат!

Huawei P30 Lite моделини компания Париждаги анжуманда кўрсатиш тугул, эслагани ҳам йўқ, аммо орадан бир кун ўтиб, шу моделини намойиш қилди. Аниқроғи – бунинг учун махсус тадбир ўтказмади-да, шунчаки смартфон хусусиятларини расман маълум этиб, айрим мамлакатларда унинг учун олдиндан буюртма қабул қила бошлади!

Huawei P30 Lite диагоналига 6,15 дюймлик IPS-экран билан жиҳозланган бўлиб, унинг томонлари ўзаро 19,5:9 нисбатда, тасвир аниқлиги эса Full HD+ форматида. Смартфон 4 ядроли Kirin 710 процессорига эга, унда графикани қайта ишлаш учун Mali-G51 чипи мавжуд. Қурилма 6/128 гигабайтлик тезкор/доимий хотирага, дактилоскопик сканерга ҳамда 3.5 миллиметрлик аудиотирқишга эга. 3340 мА/соатлик аккумулятори USB Type-C порти орқали 18 ваттлик адаптердан тезкор қувват ола билади. Умуман олганда, бу – яқинда Хитой бозорига Huawei Nova 4e модели сифатида тақдим этилган смартфоннинг глобал версиясидир.

ЎҚИНГ: Huawei Nova 4e (ёки Huawei P30 Lite) тақдим этилди – «уч кўзли» селфифон!

Хитойлик техногигант Huawei P30 Lite моделини ҳам Leica оптикасига эга камера билан жиҳозлаган. Бош камера уч модулли: 24 МПлик асосий, 8 МПлик кенг бурчакли ҳамда 2 МПлик чуқурлик сенсори. Селфилар учун дисплей тепасидаги томчисимон “кемтик”да 32 МПлик якка датчик қўлланган.

 Афтидан, Huawei P30 Lite корпуси металлдан ишланган ва устидан шиша қопланган (қиммат моделлардаги каби). Уни оқ, қора ва мовий-бинафшаранг градиент рангларда таклиф этишяпти. Ўлчамлари 152,9х72,7х7,4 миллиметрга тенг, вазни эса 159 грамм тош босади. Смартфон Android 9.0 Pie операцион тизими базасидаги EMUI 9 график қобиғи остида ишлайди. Шунингдек, хитойлик компания унга ўзининг GPU Turbo 2.0 технологиясини ҳам татбиқ этган.

Huawei бу модели учун аллақачон аввалдан буюртма очган, нархига келадиган бўлсак, бозорига қараб сал фарқланади. Канадада унга 335 АҚШ долларига нархланган ва олдиндан буюртма расмийлаштирганларга Huawei Band 3 Pro фитнес-браслети ҳам қўшиб беришади.

Филиппинда эса Huawei P30 Lite арзонроқ – 322 доллар бўлиб, аввалдан буюртма расмийлаштирган харидорларга бир неча аксессуар: Bluetooth-колонка, селфи-таёқ, ҳимоя шишаси, ғилоф ва портатив аккумулятор ҳам ҳадя!

Буюртмачиларга компания ушбу смартфонни апрелнинг бошидан етказиб бера бошлайди. Бизнинг Terashop.uz интернет-дўконимизда эса 825 000 сўмдан бошланувчи турли Huawei смартфонларини харид қилиш мумкин ва бунда буюртмани узоғи билан икки иш кунида қўлингизга оласиз.

ЎҚИНГ: Huawei қулоқчинсиз мусиқа тинглаш имконини берувчи Smart Eyewear «ақлли» кўзойнагини тақдим этди

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.