Парламентда meningfikrim.uz орқали келган икки мурожаат муҳокама қилинмоқда

Парламентда meningfikrim.uz орқали келган икки мурожаат муҳокама қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Парламентида автомобиллар ойнасини қорайтиришга рухсат бериш ҳамда дарахтларни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ қилиш ҳақидаги электрон жамоавий мурожаатлар кўриб чиқилмоқда. Бу тўғрида портал фаолиятига масъул ташкилотлардан бири Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабар тарқатмоқда.

Шу йилнинг апрель ва май ойларида “Менинг фикрим” (www.meningfikrim.uz) веб-порталида Ўзбекистонда автомобиллар ойнасини қорайтиришга рухсат бериш ва дарахтларни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ қилиш ҳақидаги электрон жамоавий мурожаатлар эълон қилинган эди. Ушбу мурожаатлар қисқа муддат ичида 10 000 дан зиёд овоз тўплади.

Мазкур мурожаатлар “Менинг фикрим” веб-портали модератори -Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти берган хабарига кўра, кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига киритилган.

Айни пайтда ваколатли давлат органлари томонидан зарур таклифлар шакллантирилмоқда. Мурожаатлар бўйича қарорлар тегишлилиги бўйича 60 кун муддат ичида эълон қилинади. Ваколатли орган қабул қилган қарор «Mening fikrim» порталида эълон қилинади.

Жорий йилнинг 20 апрелида ишга туширилган порталда бугунгача жами 45 та жамоавий мурожаат эълон қилинган. Уларнинг 35 таси Олий Мажлис палаталари, 6 таси халқ депутатлари вилоят Кенгашлари, 4 таси халқ депутатлари туман Кенгашларига йўналтирилган. Энг кўп мурожаатлар қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари, экология, фан, таълим ва уй-жой хўжалиги соҳаларида берилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан порталнинг Telegram мессенжеридаги ботини ва мобил иловасини яратиш режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, энди фойдаланувчилар Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифалари орқали ҳам порталда рўйхатдан ўтиб, мурожаатларга овоз беришлари мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.