Паролингиз ўғирланганини янги Telegram-бот орқали текшириб кўринг!

  •   DiMaX
  •  2912
  •  18.06.2019 12:51

Паролингиз ўғирланганини янги Telegram-бот орқали текшириб кўринг!

Турли сервисларда, почта хизматларида логин ва паролларнинг ўғирланиши ҳолатлари учраб туради. Қозоғистонлик ахборот хавфсизлиги мутахассиси Ботиржон Тютеев электрон почтанинг пароли ўғирланганини аниқлаб берувчи Telegram-бот яратди.

ЎҚИНГ: Хакерлар ўғирлаган пароллар орасида менинг паролим бор-йўқлигини қандай аниқлаш мумкин?

MailSearchBot деб номланувчи мазкур бот электрон почта аккаунтларининг паролларини «сизиб чиққан» маълумотлар базаларидан излаб кўради. Ундан фойдаланиш жудаям осон: мана бу ҳавола орқали ўтиб, бот билан мулоқотни бошлайсиз. Унга текшириладиган email манзилини юборасиз ва бироз муддат кутасиз.

Агарда қачондир хакерлар унинг паролини ўғирлашган бўлса, ўша ўғирланган пароллар рўйхати келади. Бордию ушбу почтангиз паролини бирор мартаям ўғирлашмаган бўлса, MailSearchBot боти ҳеч нима топилмагани ҳақида хабар беради.

Ботиржон Тютеевнинг сўзларига кўра, айни дамда ушбу дастурнинг базасида салкам 9 миллиард жуфт логин-парол мавжуд. Агарда почтангизнинг ҳозирги паролини MailSearchBot топа олса, уни тезда алмаштирганингиз маъқул, дейди дастурчи.

Дарвоқе, сизга қадрдон Terabayt.uz сайтида паролингизни бузиш қанчалик осонлигини онлайн текшириш усули ҳақида, шунингдек, паролингиз ўғирланганини Google Chrome орқали аниқлаш йўли хусусида ҳам мақолалар чиққан.

ЎҚИНГ: ТОП-20: Энг ёмон пароллар рейтинги билан танишинг! (2019 йил апрель)