Павел Дуров: «Биз террорчиларга дўст эмасмиз!»

  •   DiMaX
  •  823
  •  18.07.2017 12:33

Павел Дуров: «Биз террорчиларга дўст эмасмиз!»

«ВКонтакте» ижтимоий тармоғининг ҳамда Telegram мессенжерининг асосчиси Павел Дуров ушбу иловани буткул чеклаб қўйган Индонезия ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган. Бу ҳақда у Telegramдаги ўзининг каналида пост эълон қилган.

«Гап шундаки, вазирлик ходимлари яқинда мазмуни террорчиликка алоқадор бўлган каналлар рўйхатини электрон почта орқали бизга юборишган, бизнинг жамоамиз эса уларни тезда кўриб чиқа олмаган. Афсуски, мен бу илтимослардан бехабар қолганман, бу эса вазирлик томонидан англашилмовчиликни келтириб чиқарган», – деб ёзади Дуров ўз каналида.

Telegram асосчисининг хабар беришича, вазиятни тўғрилаш учун бир нечта чоралар қабул қилинган. Биринчидан, Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлиги томонидан маълум қилинган – террорчиликка алоқадор бўлган барча оммавий каналлар ёпилган. Иккинчидан, Дуров тўғридан-тўғри алоқа каналини ўрнатиш учун мазкур вазирликка хат юборган; бу эса келажакда ҳам террорчилик тарғиботини аниқлаш ҳамда тўсиқ қўйиш устида самарали ишлашга имкон беради. Учинчидан, Telegram’да инодонезияликлар тилини биладиган ва мамлакат маданияти билан таниш бўлган модераторлардан иборат махсус жамоа тузилади; бу эса террорчиликка алоқадор контент ҳақидаги маълумотларни тезда кўриб чиқиш имкониятини яратади.

«Telegram кучли шифрланган ва махфийликка йўналтирилган, лекин биз террорчиларга дўст эмасмиз, – деб ёзади Дуров. – Биз ҳар ойда ИШИДга алоқадор бўлган минглаб оммавий каналларни блоклаб ва бу ишнинг натижаларини @isiswatch каналида эълон қилиб келмоқдамиз. Биз ҳамиша террорчилик тарғиботининг олдини олишда янада самаралироқ ишлашга интиламиз ва вазиятни яхшилаш борасидаги ғояларни доимо қўллаб-қувватлаймиз».

Эслатиб ўтамиз, Индонезия ҳукумати 14 июль куни мамлакатда Telegram мессенжери фаолиятини блоклаб қўйган эди. Павел Дуров эса аввалроқ ўзининг каналида Telegram овозли қўнғироқларининг ҳимояланганлиги таъкидлаб, асосий рақобатчи мессенжер – WhatsApp’ни, шунингдек Facebook ва бошқа айрим сайтларни ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини сотаётганликда айблаган эди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!