Павел Дуров Россия ҳудудида Telegram'нинг блокланишига рози бўлди

Павел Дуров Россия ҳудудида Telegram'нинг блокланишига рози бўлди

Россиялик Павел Дуров ҳозирда мамлакатда энг машҳур ижтимоий тармоқ ҳисобланувчи «ВКонтакте»дан кетганидан сўнг Telegram мессенжерини яратган эди. Атиги бир неча йил ичида ушбу мессенжер бутун дунё, жумладан, Россиянинг ўзида ҳам тезликда машҳурликка эришиб олди. Айни вақтда Россия ҳукумати Telegramъни блоклаш борасида Дуровга босим ўтказишдан чарчамаяпти.

ЎҚИНГ: Муддат тугади: Telegram’ни блоклаш учун судга ариза топширилди

Россия қонунчилигига кўра, ушбу мессенжер хизмати ФСБ (Федерал Хавфсизлик Хизмати) қўлига ўз фойдаланувчилари ҳақида маълумот ва юборилаётган хабарларни ўқишга имкон берувчи махсус шифрлаш кодини тақдим қилиши лозим. Бироқ Павел Дуров бу талабни бажаришдан бош тортмоқда.

Эртага, яъни 13 апрел куни Москва шаҳар Таганский тумани суди Роскомнадзор томонидан киритилган даъвони кўриб чиқиши лозим. Ушбу суднинг якуний хулосаси Telegram Россия ҳудудида блокланадими ёки йўқми, деган саволга ойдинлик киритади.

Бугун Telegram'нинг Россия Федерациядаги манфаатларини ҳимоя қилувчи «Агора» халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш гуруҳи раҳбарияти унинг юристлари хизматнинг мазкур мамлакатдаги бўлажак тақдирини ҳал қилажак суд мажлисида қатнашмаслиги тўғрисида хабар олди. Бундай қарорни шахсан Павел Дуровнинг ўзи қабул қилган. Бу билан Дуров мессенжерни Россия Федерацияси ҳудудида блокланишига ихтиёрий розилик билдирмоқда.

Telegram асосчиси ўз юристлари суд мажлисида иштирок этиб, компанияга қарши бошланган «очиқ ўйинни легитимлаштирмаслиги» зарур, деб ҳисобламоқда. Бошқача сўз билан айтганда, эртага бошланадиган суд натижаси 99,9 фоиз аниқликда Telegram'нинг Россия ҳудудида блоклаш ҳақидаги қарор билан тугайди. Сабаби Россия судлари Роскомнадзор тарафида туришини англаш қийин эмас. Суд мажлиси эртага Москва вақти билан эрталабки соат 10:00 да бошланади ва бир неча соат ичида тугаши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Telegram ва Роскомнадзор можаросига Рамзан Қодиров ҳам аралашди

Бугун Роскомнадзорнинг расмий вакили суд қарор қабул қилиши биланоқ Telegram блокланиши ҳақида баёнот берган эди. Демак эртадан бутун Россия ҳудудига фойдаланувчилар дунёдаги энг ишончли ва тезкор мессенжер хизматларининг биридан фойдалана олмай қолишларини кутиш мумкин. Бунга сабаб эса шунчаки мессенжер раҳбариятининг фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотлар ҳамда уларнинг ёзишмаларини махсус хизматларга тақдим этишдан бош тортаётгани бўлмоқда.

Ушбу сабаб билан Whatsapp, Viber, Facebook, Instagram, Skype ва бошқа қатор хизматлар ҳам бутун Россия ҳудудида блокка солиниши мумкин. Уларнинг барчаси Telegram каби фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни махсус хизматларга топширмайди. Ушбу хизматлар раҳбарияти бундай талаб қўйилганда ҳам уни бажаришдан бош тортишлари эҳтимоли юқори. Бироқ ҳозирча улар Telegram каби босимга учрамаётир.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Winsloop

Сиёсий-ижтимоий мавзулардан тортиб, технологияга қадар ёритишни хуш кўрувчи мустақил журналист, таржимон ва фрилансер.