PDAF нима?

PDAF нима?

PDAF (кенгайтмаси — Phase Detection Auto-Focus) камера технологияси бўлиб, фазани аниқловчи авто-фокус ҳисобланади. PDAF камеранинг махсус ёруғлик датчиклари жамланмасидан фойдаланган ҳолда тасвир қанчалик даражада фокусдан ташқари эканини аниқлайди. Натижада, объектив тез ва аниқ равишда фокус олади.

Профессионал камерада ойнасимон мослама объективга тушаётган ёруғликнинг бир қисмини PDAF датчикларига йўналтиради. Аммо смартфонда бунинг имкони йўқ.

Смартфонда PDAF'нинг ўрнини фокус пикселлари бажаради. Фокус пикселлари асосий камера пикселларининг бир қисмини ташкил қилиб, тасвир олишга эмас, балки фокус олишга мўлжалланган бўлади.

Фокус пикселлари жуфт бўлади. Ҳар бир жутфтликда пикселлар ёнма-ён жойлашади. Жуфтликдаги иккала пиксел бир хил миқдорда ёруғлик қабул қилса, демак, фокус олинган бўлади. Агар ёнма-ён пикселга турлича миқдорда ёруғлик тушса, демак, объект фокусга олинмаган бўлади. Ёруғлик ўртасидаги тафовут объект қанчалик даражада фокусдан ташқарида эканини аниқлаб беради. Ушбу маълумотдан фойдаланиб, камера фокусни созлайди, тасвир тиниқ чиқади.

PDAF'га муқобил тизим Контрастни аниқловчи авто-фокус (CDAF) ҳисобланади. Ҳозирги замонавий флагман смартфонларда ҳам PDAF, ҳам CDAF бўлади. Бу гибрид фокус тизими деб аталади.

PDAF тизими CDAF'дан кўра тезроқ ишлаб, фокусни тезкорлик билан аниқлайди ва объективни керакли нуқтага йўналтиради.

ЎҚИНГ: Мегапиксел нима?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!