«Пистали музқаймоқ»: якуний Android P тақдимот куни ҳам маълум!

  •   DiMaX
  •  903
  •  03.08.2018 14:46

«Пистали музқаймоқ»: якуний Android P тақдимот куни ҳам маълум!

Google компанияси ўз мобил операцион тизимининг янги талқинлари чиқарилиш вақтини қаттиқ сир тутади. Лекин одатда бу каби маълумотларни жамоатчиликка инсайдерлар ошкор этиб қўйишади.

ЎҚИНГ: Сиз узоқ кутган функция Android P талқинида бўлади!

Жумладан, тизим тўққизинчи авлодининг илк версияси – Android P DP 1 жорий йилнинг март ойида чиққан, ўтган ҳафтада унинг сўнгги – тўртинчи бета-талқини тақдим этилган. Android P’нинг якуний версияси эса ушбу йилнинг учинчи чорагида чиқарилиши кутилмоқда.

Машҳур инсайдер Эван Блассга кўра, якуний Android P тақдимоти 20 августда бўлиб ўтади. Инсайдер ўзининг Twitter-саҳифасида август ойи календари акс эттирилган суратни эълон қилган – ундаги 20 август санасига лотинча «P» белгиси туширилган:

Бласс бу микропостини ҳеч қанақасига изоҳламаган, аммо бу ерда навбатдаги Android талқини ҳақида гап кетаётганини англаш қийин эмас. Зеро, унинг битта олдинги – Android 8 Oreo талқини тақдимоти ўтган йилнинг 21 августида бўлиб ўтганди.

ЎҚИНГ: Android P бета-версияси чиқди. Қайси смартфонларга уни ҳозироқ ўрнатиш мумкин?

«Яшил роботчали» операцион тизимнинг тўққизинчи талқини номи борасида эса ҳозирча бирорта аниқ маълумот йўқ. Тахмин қилинган вариантлар орасида қуйидагилар ҳам мавжуд: Petit Four, Pound Cake, Pastille, Popsicle, Pancake, Puff Pastry, Pecan Pie, Pumpkin Pie, Peanut, Pistachio ва ҳоказо.

Айни дамгача кузатувчиларнинг аксарияти булар орасидан Pie (пирог) ҳамда Pineapple (ананас) вариантини ҳақиқатга яқинроқ, дейишмоқда. Аммо яқиндагина Huawei компанияси мижоз билан суҳбат чоғида тасодифан Android 9 талқинининг номини айтиб юборган. Унга кўра, мазкур тизим Pistachio (писта) деб аталиши кутилмоқда.

Аммо анъанавий тарзда ширинликлар номи билан аталиб келаётган Android тизимига «Писта» дея ном қўйишмаса керак. Шунга кўра, Android’нинг тўққизинчи талқини Pistachio Ice Cream – «Пистали музқаймоқ» деб аталиши эҳтимоли юқори.

ЎҚИНГ: Android P ҳақида янги маълумот: ҳайратда қолишингиз турган гап

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!