Pixel 4a тақдим этилди: iPhone SE 2020 кушандаси ундан 100 долларга арзон! (+видео)

  •   DiMaX
  •  766
  •  04.08.2020 10:59

Pixel 4a тақдим этилди: iPhone SE 2020 кушандаси ундан 100 долларга арзон! (+видео)

Google компаниясининг Pixel 4a смартфони ҳақида деярли барча маълумотлар тарқалиб бўлган, унинг «жонли» суратлари, хусусиятлари ва ҳатто нархини ҳам эълон қилганмиз. Яқинда эса компания уни адашиб ўз дўконига чиқариб ҳам қўйганди.

ЎҚИНГ: Ўтган йили Google хитойлик компаниядан кўра кўпроқ смартфон сотган

Кеча – 3 август куни, ниҳоят, ҳамёнбоп Pixel 4a смартфонининг расмий намойиши бўлиб ўтди. Google уни ўлчами 5,81 дюймлик, аниқлиги Full HD+ форматли OLED-дисплей билан таъминлаган. Экраннинг юқори чап бурчагида 8 мегапикселлик селфи-камера учун тирқиш ўйилган.

Янги «пиксел»нинг бош камераси ҳам якка – 12,2 мегапикселлик (худди Pixel 4 моделидаги сингари) датчикка эга. Фоточақноқ билан бирга квадрат блокка жойланган бош камерага оптик ва электрон барқарорлаштириш тизими жорий этилган. Смартфоннинг орқа панелида бармоқ изи сканери ҳам жойланган.

Pixel 4a учун Qualcomm Snapdragon 730G процессори ҳамда 3140 мА/соатлик аккумулятор танланган. Қурилма 18 ваттлик тезкор қувватлаш технологиясига эга ва тегишли зарядник ҳам смартфон жамланмасига киритилган.

ЎҚИНГ: Инсайдер қулоқчинсиз ва қувватлагичсиз iPhone 12 қадоғини видеода кўрсатди

Google янги смартфони корпусига стереодинамик билан бирга, қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам ўрнатган. Pixel 4a тоза Android тизимида ишлайди, уни яна Titan M хавфсизлик модули билан ҳам таъминлашган.

Pixel 4a фақат қора рангда ва ягона конфигурацияда – 6/128 гигабайтлик тезкор/доимий хотирали вариантда чиқаришган. Google унинг учун 349 АҚШ доллари миқдорида нарх белгилаган; унинг асосий рақиби – iPhone SE 2020 (iPhone SE 2 ёки iPhone 9) ихчам смартфонининг бундай конфигурациялиси бундан 100 долларга қиммат.

ЎҚИНГ: Apple раҳбари iPhone SE 2020’нинг исталган Android-смартфондан асосий афзаллигини маълум қилди

Қуйида Pixel 4a моделининг видеотавсифини (инглиз тилида) томоша қиламиз:

Янги смартфон учун олдиндан буюртма олиш аллақачон бошланган, очиқ савдога эса уни 20 августда чиқаришади. Pixel 4a харидорлари бонус тарзида YouTube Premium, Google Play Pass ҳамда Google One сервислари учун уч ойлик бепул обунага ҳам эга бўлишади.

Шунингдек, компания 5G тармоғида ишловчи Pixel 4a версиясини ҳам эълон қилди. Лекин унинг тақдимоти кузда, Pixel 5 билан бирга ўтказилади.

ЎҚИНГ: Пандемия палласида биттагина компания смартфонлари савдоси ўсди, тағин нақ 25 фоизга!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!