Pixel Tablet билан Google яна планшетлар бизнесига қайтди!

Pixel Tablet билан Google яна планшетлар бизнесига қайтди!

Google планшетлар билан бироз омадсиз тарихга эга. Ушбу бозорда компаниянинг ягона муваффақияти 2012 йили чиқарилган Nexus 7 планшети бўлган. Кейинги йилларда эса компания сенсор экранли портатив компютерлар билан кўплаб идеаларни синаб кўрган, Android ёки ChromeOS билан янги планшетларни ишга туширган, аммо кўп ўтмай улардан воз кечган. Уларнинг ҳеч қайси бири Nexus 7 каби машҳур бўла олмаган ва 2019 йилга келиб, компания планшетлар бозорида чиқаётгани маълум бўлган эди. Бироқ, бўлиб ўтган Google I/О 2023 конференцияси барчасини ўзгартирди – Google ўзининг Pixel Tablet номли янги планшетини тақдим қилди ва катта экранли қурилмалар бозорига қайтди.

Googleънинг Pixel Tablet планшети 10.95 дюймли 2560×1600 пиксел резолюциясидаги LCD экранга эга бўлиб, у USI 2.0 стилусини қўллаб-қувватлайди. Узоқдан пластикка ўхшаб кўринса-да, планшет алюминий рамкага эга.

Pixel Tablet олд томонида ҳам, орқа томонида ҳам 8 MP камера билан жиҳозланган ва улар 1080p форматида 30 fps видеолар олиш имконини беради. Сиз планшетда ҳам Magic Eraser каби Google қурилмалари учун эксклюзив бўлган айрим хусусиятлардан фойдаланишингиз мумкин. 

Google I/О конференсиясида планшетдан аввалроқ намойиш қилинган Pixel 7а смартфони каби Pixel Tablet ҳам Tensor G2 чипсети билан Titan М2 хавфсизлик процессорида 8 GB оператив ва 128 GB (256 GB варианти ҳам бор) хотирада ишлайди. Планшет Android 13 операцион тизимида ишлайди ва у камида 5 йиллик янгиланишларни қабул қилади. Қурилманинг 27 ватт-соат батареяси 12 соат тинимсиз видео стрим қилишга етади.

Планшет ён томонидаги Ёқиш тугмасига бармоқ изи сканери интеграциялаштирилган. Шунингдек, унинг икки ён томонларида иккитадан (жами тўртта) динамиклар, учта микрофонлар, ҳамда USB Type-C 3.2 Gen 1 порти мавжуд.

Pixel Tablet'нинг ўзига хос хусусиятларидан бири унга Chromecast'нинг ички ўрнатилганлиги бўлиб, бунда сиз смартфонингиздаги мусиқа ёки видеони бир неча қадамлар билан планшетга узатишингиз мумкин. Бундан ташқари планшет қутида Charging Speaker Dock билан келади. Ушбу қурилмага планшетни ўрнатиб қўйган ҳолда унинг батареясидан ҳавотир олмасдан 24/7 фойдаланишингиз мумкин. Қолаверса, қўшимча қурилма овоз кучайтиргич вазифасини ҳам бажара олади. 

Google сиздан планшетни уйдан кўчага олиб чиқмаслигингизни хоҳлайди, чунки қурилмада на 5G, на LTE (4G) қўллаб-қувватланади – у фақат Wi-Fi орқали ишлайди.

Буларнинг барчаси билан Pixel Tablet планшети атиги 499 доллар туради. Уни сиз Porcelain, Hazel ва Rose рангларида топишингиз мумкин. Планшет учун аллақачон олдиндан буюртма бериш бошланган ва у 20 июндан бошлаб сотувга АҚШ, Канада, Австралия, Ҳиндистон ва Европа мамлакатлари бўйлаб сотувга чиқарилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.