Планшетлар савдосида кескин пасайиш кузатилди

Планшетлар савдосида кескин пасайиш кузатилди

Microsoft пандемия шароитида ишлаш учун мос бўлган мобил қурилмаларга бўлган талабдан фойдаланди. Surface сериясидаги ўзгаришлар компанияни дунёдаги етакчи планшет сотувчиларидан бирига айлантирди. 

Айни пайтда кўплаб компанияларнинг планшет савдо ҳажми тушиб кетмоқда. Умуман олганда, планшет етказиб бериш 2021 йилда 3% га қисқарган бўлса, тўртинчи чоракда 25% га камайди. Чорак давомида жами 46.7 миллион дона планшет етказиб берилди. Ушбу маълумотлар Strategy Analysis ҳисоботида кўрсатилган. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, харидорларнинг ноутбукларга бўлган талаби ошганлиги планшетлар савдосининг тушиб кетишига сабаб бўлган. Компонентларнинг етишмаслиги бир вақтнинг ўзида иккита бозорда талабни тўлиқ қондиришга тўсқинлик қилди. 

Apple тўртинчи чоракда бозор етакчилигини сақлаб қолди. Компания октябрдан ноябргача бўлган вақт оралиғида 14.6 миллион дона планшет етказиб беришга муваффақ бўлди, бу йиллик ҳисобда 21% га кам деганидир. Apple компаниясининг бозор улуши 31% ни ташкил қилади. 

Бозор улуши 16% бўлиб, иккинчи ўринни эгаллаган Samsung 7.3 миллион дона планшет етказиб берди. Йиллик кўрсаткичда компаниянинг савдо ҳажми 28% га камайди. 

12% бозор улушига эга бўлган Amazon учинчи ўринни эгаллади. Чорак давомида компания 5.8 миллион дона планшет сотди, бу 2020 йилнинг тўртинчи чорагига нисбатан 13% кам деганидир. 

Lenovo 4.6 миллион дона планшет етказиб берди. Компаниянинг савдо ҳажми 17% га тушиб кетди. Lenovo'га тегишли бозор улуши 10% ни ташкил қилади. 

Кучли бешликни Microsoft якунлади. Компания 1.9 миллион дона планшетлар сотди. Бу бир йил аввалгидан атиги 1% га кам демакдир. Microsoft'нинг бозор улуши эса 4% ни ташкил этади.

ЎҚИНГ: 2021 йилда энг кўп смартфон сотган компания номи маълум бўлди