Пластик карта ўлчамида тўлақонли смартфон тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  649
  •  07.08.2021 15:40

Пластик карта ўлчамида тўлақонли смартфон тақдим этилди

Хитойнинг Mony компанияси Indiegoo майдончаси орқали 4G алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайдиган дунёдаги энг кичкина смартфонни намойиш этди. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, ушбу смартфон барча ишни қила олади, дея хабар беради Daryo нашри.

ЎҚИНГ: Ноодатий дизайнга эга 10 та мобиль телефон

Компания баёнотига кўра, Mony Mint номини олган смартфон фойдаланиш ноқулай бўлган вазиятларда энг қиммат телефонлар ўрнини босиш учун мўлжалланган. Масалан, катта телефонни кўчадаги машғулотлар вақтида кўтариб юриш кўплаб ноқулайликларни юзага келтиради.

Mony Mint смартфони 3 дюймли сенсор дисплей билан жиҳозланган. Бу LTE’ни қўллаб-қувватлайдиган 3,3 дюймли Palm Phone’дан кичикроқ демак. Ўзига хос дизайнга эга смартфоннинг ўлчамлари пластик картасичалик келади. Телефонда USB-C портидан ташқари, ўчириб-ёқиш ҳамда овозни бошқариш тугмалари мавжуд.

Mony Mint 3 гигабайт тезкор ва 64 гигабайт ички хотира билан жиҳозланган. Ҳатто SD-карта слотидан ҳам фойдаланиш мумкин. Иккита SIM-картага эга смартфон кўплаб машҳур мобил дастурлар ўрнатилган ҳолда етказиб берилади. Қурилма Android 9 операцион тизими ёрдамида бошқарилади.

Смартфоннинг аккумулятор сиғими 1250 мА/соатга тенг бўлиб, у қурилманинг бир марта қувватланиш орқали уч кунгача ишлашини таъминлайди.

Mony Mint нархи 150 долларни ташкил этади ва ноябрдан сотувга чиқади. Аммо ҳозирча у коллектив молиялаштириш босқичида бўлиб, нархи 100 долларни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июлида Kickstarter краудфандинг майдончасида 3 дюймли экранга эга замонавий ва қулай Jelly 2 смартфони пайдо бўлган эди.

ЎҚИНГ: Визиткага жойланган микрокомпьютер тақдим этилди!