PlayStation 5 сирини рақобатчи – Xbox раҳбари фош этди

  •   DiMaX
  •  761
  •  18.08.2020 10:48

PlayStation 5 сирини рақобатчи – Xbox раҳбари фош этди

Microsoft корпорациясининг энг янги ўйин приставкаси ҳозирда Xbox Series X бўлиб турибди. Sony эса унинг асосий рақиби – PlayStation 5 ҳамда унинг PlayStation 5 Digital Edition версиясини тақдим этган.

ЎҚИНГ: Геймерларнинг севимли қурилмаси: PlayStation 4 тавсифи билан танишинг!

Интернетда ушбу икки ишлаб чиқарувчининг ўйин консоллари ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди. Уларни бирор инсайдер эмас, балки бевосита Microsoft Xbox лойиҳаси раҳбари Фил Спенсер (Phil Spencer) эълон қилган. Шу жумладан, у рақобатчиларнинг PlayStation 5 туркумидаги приставкалари нега бунчалик катта бўлганини ҳам изоҳлаб ўтган.

Спенсернинг таъкидлашича, Microsoft ўз консолида ҳисоблаш блоклари (Computer Unit – CU) сони кўплигига асосий эътиборни қаратган, уларнинг ишлаш частотаси эса пастроқ. Sony бўлса бошқача йўлдан борган – CU’лар сони камроқ, аммо улар юксак частотада ишлайди.

Аниқроқ қилиб айтганда, Xbox Series X моделида 1,825 гигагерцлик частотада ишловчи 52 та ҳисоблаш блоги қўлланган. PlayStation 5 консолларида эса атиги 36 та CU ишлатилган, аммо улар нақ 2,23 гигагерцлик частотага эга.

Юқори частотали иш эса ҳамиша иссиқлик ажралиб чиқишини оширади, шу боисдан уларни совитиб турувчи радиаторлар майдонини кенгайтириш, қўшимча ёки каттароқ вентиляторлар ўрнатиш керак бўлади. Буларнинг барчаси эса охир-оқибатда гаджет корпусининг ҳам катталашувига олиб келади.

Microsoft ўз приставкасида фақат битта вентилятор қўллаган ва унинг айланиш частотаси ҳам паст, шу боисдан шовқин чиқармайди, дейди Фил Спенсер. Айни шу омил Xbox Series X корпуси ўлчамининг PlayStation 5 даражасида катта эмаслигига ҳам сабаб бўлган.

ЎҚИНГ: Microsoft янги консоли – Xbox Series X ва геймпадини тақдим этиб, кулгига қолди (+видеолар ва мемлар)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!