PlayStation VR (виртуаль воқелик) шлеми кузда сотувга чиқарилади

PlayStation VR (виртуаль воқелик) шлеми кузда сотувга чиқарилади

Бу йил кузда  PlayStation 4 фойдаланувчилари Oculus Rift ҳамда HTC Vive русумидаги VR-шлемларида PlayStation видео ўйинларини ўйнаш бахтига мушарраф бўлишади. Бу ҳақида GameStop компанияси раҳбари Пол Рейнс Fox телеканали билан бўлиб ўтган суҳбатда маълум қилган.

Видео ўйинлар, ўйин ўйнашга мўлжалланган қурилма ва аксессуарларнинг чакана савдоси билан шуғулланадиган йирик компания раҳбари – Пол Рейнснинг сўзларига кўра, сотилиши режалаштирилган виртуаль воқелик приставкалари Sony компаниясининг маҳсулотидир. Уларда виртуаль воқелик тизими учун яратилган илк видео ўйинларни ўйнаш мумкин. PlayStation 4 приставкасига уланган шлемда ўйинлардаги тасвир ва аудиони қайта ишлайдиган дастурий ва аппарат таъминоти маҳсулотлари тизими мавжуд бўлади.

Айни кунда GameStop компанияси бошқа ишлаб чиқарувчилар билан ҳам музокара олиб бормоқда.

Ҳозирча Sony бу тўғрида расман эълон қилгани йўқ. Компания томонидан аввал тарқатилган хабарларда янги қурилманинг 2016 йилнинг 1 ярим йиллигида,  $400 дан $800 АҚШ долларигача бўлган нархда сотувга чиқарилиши айтилган эди. Айни пайтдаги маълумотларга қараганда, PlayStation VR тахминан 300 АҚШ доллари нархида сотилиши мумкин.

2015 йилнинг 29 июнида намойиш қилинган энг сўнгги PlayStation 4 видео ўйин приставкаси бугунги кунга қадар 35.9 миллион дона сотилган. Миллионлаб ишқибозлар ўйинларни виртуаль воқелик шлемида ўйнаб кўриш истагида эканлиги ҳисобга олинса, VR-шлемлар оммавий равишда сотилиши мумкин.

$600 доллар бўлиши кутилаётган Oculus Rift қурилмасига март ойидан бошлаб буюртма бериш мумкин бўлса,  HTC Vive PRE кўзойнаги апрелида тақдим қилинади.

PlayStation VR’нинг илк талқини Oculus Rift кўзойнагидек кучли бўлмаслиги мумкин. Сабаби, Oculus қурилмасида Nvidia GTX 970 график-тасвир процессоридан фойдаланмоқчи. PlayStation 4 эса Nvidia GTX 660 процессорига ўхшаш бўлган “юракча” билан таъминланади.  Шунингдек, нарх масаласида ҳам Oculus Rift қимматроқ. PlayStation’дан фарқли ўлароқ, Oculus’га мўлжалланган приставканинг дастур ва имкониятларини янгилаб бориш мумкин.

Бу йўналишда Oculus ва HTC Sony’нинг энг кучли рақобатчиларидир. Агар улар бу лойиҳага қўшилмас эканлар, уларнинг шлемларидан фойдаланиш истагида бўлганлар видео ўйинларни виртуаль шлемларда ўйнаш учун шахсий компьютерлар сотиб олишларига тўғри келади.

Афтидан, 2016 йил виртуаль воқелик технологияси янгиликларига жуда бой бўладиган кўроинади. Бир ёқдан Oculus компаниясининг Oculus Rift, бошқа тарафдан миллион дона сотилган Google’нинг Cardboard виртуаль воқелик кўзойнаги, яна Sony каби улкан технология ишлаб чиқарувчисининг бу йўналишдаги маҳсулот ва изланишлари айни пайтда қизғин палласига етган. Бу эса видео ўйинлар савдосининг ҳам ошиб кетишига хизмат қилади.

Йил бошида жаҳоннинг йирик инвестиция банкларидан бири – The Goldman Sachs 2025 йилга келиб виртуаль воқелик қурилмалари савдосининг пул айланмаси бугунги компьютерлар савдосиникига тенг бўлиб, 80 миллиард АҚШ долларига етиши ҳақида маълумот тарқатган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!