Poco бренди энг арзон смартфонини намойиш этди!

  •   DiMaX
  •  1003
  •  06.10.2020 17:24

Poco бренди энг арзон смартфонини намойиш этди!

Xiaomi корпорацияси Poco бренди остида тайёрлаётган арзон смартфон ҳақида биз июлдаёқ ёзган эдик. Poco C3 русумли бу қурилма ўтган ҳафтада энг оммабоп смартфонлар рейтингига ҳам кирган.

ЎҚИНГ: Тақдимотдан олдин Poco C3 смартфонининг муҳим жиҳати маълум қилинди

Ниҳоят, Poco C3 модели бугун – 6 октябрь куни Ҳиндистонда расман намойиш қилинди. Кутилганидек, у аввалроқ «Хитойча Apple» жаҳон бозорига тақдим этган бошқа бир – Redmi 9C смартфонининг ребрендинг қилинган клони бўлиб чиқди.

Poco C3 диагоналига 6,53 дюймлик, тасвир аниқлиги HD+ форматли IPS дисплейга эга. Унинг «электрон юраги» ҳам ўша-ўша – ўйинбоп MediaTek Helio G35 процессори. Қурилманинг 5000 мА/соатлик аккумулятори USB-C порти орқали максимал 10 ваттлик тезкор қувватлана олади.

Redmi 9C бош камерасида 13 + 5 + 2 мегапикселлик модуллар қўлланган бўлса, Poco C3 моделида унинг иккинчи сенсори кучайтирилган – 13 + 5 + 2 мегапикселлик датчиклар қўйилган. Экраннинг томчисимон кемтигида ўша-ўша – 5 мегапикселлик селфи-камера жойлашган.

ЎҚИНГ: Redmi энг арзон смартфонини ҳам энг кучли модификацияда чиқарди

Шунингдек, Poco бренди остидаги смартфоннинг корпус ранглари бошқачароқ ҳамда тезкор ва ички хотиралари каттароқ. Яъни, компания уни 3/32 ҳамда 4/64 гигабайтлик хотира билан чиқаряпти (Redmi 9C девайси эса 2/32 ва 3/64 ГБлик); ҳар иккала вариантида ҳам 512 гигабайтгача ҳажмли microSD-картаси учун слот бор.

Poco C3 корпусида 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши мавжуд; Xiaomi уни яна Bluetooth 5.0 ҳамда Wi-Fi 802.11 b/g/n, GPS + GLONASS интерфейслари, FM-радио билан ҳам таъминлаган. Смартфон Android 10 операцион тизими базасидаги MIUI 12 график қобиғи билан тақдим этилган.

Ҳиндистонда Poco C3’нинг кичик хотирали вариантини 102 долларга, катта хотиралисини эса 123 долларга баҳолашган. Яъни, у Poco брендининг энг арзон смартфони сифатида бозорга чиқмоқда.

Дарвоқе, Xiaomi, Redmi, Poco ва Black Shark смартфонларининг глобал прошивка, глобал версия ва хитойча версиялари, уларнинг ўзаро фарқи ҳақида мана бу мақоламиздан батафсил маълумот оласиз.

ЎҚИНГ: Бизни алдашибди: MIUI 13’га янгиланувчи Xiaomi, Redmi ва Poco смартфонларининг катта рўйхати

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.