Poco M2 Pro тақдим қилинди, лекин у оригинал смартфон эмас!

  •   DiMaX
  •  619
  •  07.07.2020 14:54

Poco M2 Pro тақдим қилинди, лекин у оригинал смартфон эмас!

Xiaomi корпорациясининг Poco суббренди, ўзи ваъда қилганидек, Ҳиндистонда бугун Poco M2 Pro моделини намойиш қилди. Бироқ у ҳам буткул оригинал смартфон эмас экан.

ЎҚИНГ: Xiaomi шу кунларда Android 11’гача янгиланувчи смартфонларини расман айтди

«Хитойча Apple»нинг март ойида намойиш қилинган ва Ҳиндистон бозорига мўлжалланган Redmi Note 9 Pro моделини биласиз. Кейинроқ эса Redmi Note 9 Pro Global смартфони тақдим этилган ва у Ҳиндистондаги Redmi Note 9 Pro Max смартфонининг глобал талқини бўлса-да, ундан ҳам сал фарқлари бор.

Хулласи калом, Poco M2 Pro смартфони ўша – ҳиндча ва глобал версиялардаги Redmi Note 9 Pro моделларининг чатишмаси бўлиб чиқди. Унга глобал версиядаги Redmi Note 9 Pro гаджетидан камера блогининг дизайни ҳамда 33 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси мерос бўлиб ўтган. Ҳиндча смартфондан эса у 48 мегапикселлик бош камерани олган. Янги гибрид смартфонда NFC модули бор-йўқлигини компания айтмаётганига қараганда, ушбу чип унга ўрнатилмаган.

ЎҚИНГ: «Қоч йўлдан, Redmi!» – энг арзон, тағин NFC ва 120 Гц экранли, квадрокамерали 5G-смартфон сотувга чиқди

Шундай қилиб, Poco M2 Pro смартфони Snapdragon 720G процессорига, 4 ёки 6 ГБлик тезкор ҳамда 64 ёхуд 128 ГБлик доимий хотирага эга. Квадрокамераси 48 + 8 + 5 + 2 мегапикселлик, олд камераси бўлса 16 мегапикселлик датчиклардан иборат. Смартфон дисплейи IPS матрицали, диагоналига 6,67 дюймлик, аниқлиги Full HD+ форматида.

Poco M2 Pro аккумуляторининг ток сиғими 5000 мА/соатлик бўлиб, 33 ваттлик тезкор қувватлаш технологиясига эга; худди шундай зарядник смартфон қутисининг ўзида келади. Кези келганда айтиб ўтсак – Apple янги iPhone’лар қадоғидан оддийгина қувватлагич ва қулоқчинни ҳам олиб ташлаяпти.

ЎҚИНГ: 394 долларлик Redmi K30 Pro минг долларлик iPhone 11 Pro Max’ни жангга чорлади! («жонли» видео)

Poco M2 Pro нархига келадиган бўлсак, Ҳиндистонда уни тезкор/ички хотира конфигурациясига кўра қуйидагича сотишади: 4/64 ГБлиги 187 доллар, 6/64 ГБлиги 200 доллар, 6/128 ГБлиги эса 227 доллар.

Таққослаш учун, Redmi Note 9 Pro моделининг нархи ҳам айни шу Ҳиндистоннинг ўзида 187 доллардан бошланади. Poco M2 Pro смартфони эса янада тезкор қувватланиши билангина ундан фарқ қилади.

Xiaomi, Redmi ва Poco смартфонларининг глобал прошивка, глобал версия ва хитойча версиялари, уларнинг ўзаро фарқи ҳақида мана бу мақоламиздан батафсил маълумот оласиз.

ЎҚИНГ: 4 июлгача барқарор MIUI 12’га янгиланган ва тез орада янгиланадиган барча Xiaomi, Redmi ва Poco смартфонлари рўйхати

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.