Польшада тунда ёнадиган велосипед йўлакчаси қурилди

Польшада тунда ёнадиган велосипед йўлакчаси қурилди

Бундан тахминан икки йил олдин Studio Roosegaarde компаниясининг дизайнерлари Голландияда люминецентли тошчалар билан жиҳозланган ёнадиган велосипед йўлакчаларининг тажрибавий лойиҳасини амалга оширган эди. Худди мана шундай йўлакча яқин орада Польшанинг Лидзбарк-Варминьски шаҳрида TPAQI маркази томонидан барпо этилди. Бу ҳақда New Atlas сайти маълумот берган.

TPAQI ходимлари мазкур турдаги йўлакчани яратиш устида бир йилча аввал иш бошлашган эди. Лаборатория шароитларида ўзидан нур қайтарадиган бир қатор материаллар синаб кўрилди. Қоронғи пайтда ҳам велосипедчилар, ҳам пиёдаларни хавфсиз ҳаракат билан таъминлаш мақсадида узлуксиз синовлар ўтказилди. Натижада неоорганик люминофор асосидаги майдаланган материал танлаб олинди. Ушбу қоришма кундузи қуёш нурини ютиб, тунда ўзидан кўк рангдаги ёруғлик чиқаради.

tpaqi2

Мутахассисларнинг таъкидлашича 30-60 дақиқали қуёш нурларидан “зарядланиш”, материалга энг камида 8 соат мобайнида ёруғлик чиқаришга етар экан. Материал 20 йил атрофида хизмат қилиши мумкин. Ҳозирча шаҳардаги 100 метрли велойўлакча тажриба мақсадлари учун мазкур материал билан қопланган.