Пойтахтимизда «Ақлли тармоқлар» лойиҳаси тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  361
  •  29.01.2019 16:56

Пойтахтимизда «Ақлли тармоқлар» лойиҳаси тақдим этилди

Жорий йилнинг 28 январь куни пойтахтнинг Hyatt Regency меҳмонхонасида тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, мутахассислари АҚШлик ишлаб чиқувчи ва инвесторлар билан Smart Grid + Wi-Fi 2.0 технологияси ва бошқа истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Бу тўғрида Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Инновацион ривожланиш вазирлиги нималарни қойиллатди? Ҳаммасига жавоб берди!

Инновацион ривожланиш вазирлиги «Dreyfus Capital» компанияси (АҚШ) билан ҳамкорликда Wi-Fi тизимига уланган сўнгги авлоддаги электр энергиясини тақсимланишини, истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг инновацион тизимини жорий этиш бўйича «Smart Grid» (smart grid – ақлли тармоқлар) лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Истиқболда газ, сув ва иссиқлик таъминоти ҳисобини юритиш тизимларини жорий қилиш ҳам кўзда тутилган.

Мамлакат иқтисодиётининг муваффақиятли ривожланиши энергетик комплекснинг барқарор ишлаши, истеъмолчиларнинг электр ва иссиқлик энергиясига эҳтиёжини қондиришга боғлиқ.

Истеъмолчиларнинг электр энергиясига эҳтиёжини қондиришда энергияни бус-бутунлигича ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача етказиш жуда муҳим саналади.

Жаҳон банкининг маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда электр энергиясини узатиш ва тарқатиш жараёнида умумий йўқотишлар 20 фоиздан зиёдни ташкил этади – бу, масалан, Германиядаги худди шундай кўрсаткичлардан беш баробар кўпдир.

Тадбирда соҳадаги вазирлик ва идоралари билан электр, газ ва сув таъминоти ҳисобини юритиш муаммолари муҳокама қилинди. Шунингдек, АҚШнинг «Delta Energy & Communications, Inc.» компанияси томонидан «Smart Grid ақлли тармоқ» лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш тўғрисидаги маълумотларни йиғишда ахборот ва коммуникацион тармоқлардан фойдаланувчи мазкур замонавий тармоқ электр энергия ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг самарадорлигини, ишончлилигини, иқтисодий фойдани оширади, соҳанинг барқарорлигини таъминлайди.

АҚШнинг «Delta Energy & Communications, Inc.» компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган «Smart Hub» ускунаси кўп сонли манбалардан ахборотни тўплаб (ўлчов датчиклари, алоқа мосламалари ва ҳ.к.), юқори тезликда истеъмолчиларга узатиш имкониятига эга. Мазкур мосламани мавжуд трансформаторларга ўрнатиш таклиф этилмоқда. Тизим ишлаши учун истеъмолчилар уланиш нуқталарида Wi-Fi канали орқали ахборотни узатиш ва назорат қилиш имконини берувчи электр ўлчов асбоблари талаб этилади.

Бунда онлайн режимда узатилган ва истеъмол қилинган электр энергияси, газ, сув ҳажмлари, трансформаторлар ва электр тармоғининг бошқа коммутация ускуналарининг ишлаш кўрсаткичлари, юзага келаётган носозликлар ва тармоққа рухсатсиз уланишлар тўғрисида маълумотларни олиш мумкин бўлади.

Шунингдек, техник йўқотишлар ҳажмини аниқлаш ва тармоқ ишини автоматик режимда оптималлаштириш, ускуна носозлигини ўз вақтида тезкор аниқлаш ва мазкур носозликларни бартараф этиш бўйича чораларни қўллаш, тармоққа рухсатсиз уланиш ҳолатларини тезкор аниқлаб, ваколатли органлар билан ҳамкорликда тегишли тартибда бундай ҳолатларни бартараф этиш имкониятларини беради.

Ускуна табиий газ, совуқ ва иссиқ сув таъминоти ҳисобини юритиш ўлчовларидан ахборот олиш, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигини алоқа каналлари билан таъминлаш, интернет, телевидение, уяли алоқа хизматларини кўрсатиш имконини беради.

Тизим, шунингдек, Интернет тармоғига уланиш ва унинг тезлигини оширишга хизмат қилади. Пилот лойиҳани янги қурилган уй-жойларда амалга ошириш мумкин. Натижада, мазкур тизим «Ақлли шаҳар» концепциясини амалга ошириш учун асос бўлади.

Лойиҳани амалга ошириш ҳақидаги қарор тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан музокаралардан сўнг қабул қилинади. Бунда лойиҳани Dreyfus Capital ва Ardmore Capital (АҚШ) инвестиция компаниялари молиялаштиришга тайёргарлик билдиришди.

 2019 йил республикамизда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилиниб, очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган экан, мазкур лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилажак инвестицион лойиҳа бўлади.

ЎҚИНГ: Энг инновацион мамлакатлар рейтинги билан танишинг