Президент қарори билан Ўзбекистонда илк IT-мактаб фаолиятини бошлади

Президент қарори билан Ўзбекистонда илк IT-мактаб фаолиятини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 сентябр куни “Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорда қайд этилишича, мазкур таълим маскани улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш, ўқувчиларнинг аниқ фанларнинг юксак марраларини забт этишига кўмаклашиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорларини аниқлаш ҳамда қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ташкил этиш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан илгари сурилган.

Ушбу мактаб:

- умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

- ўқувчиларда дастурлаш асосларини, маълумотлар базаларини шакллантириш ва ахборот хавфсизлиги кўникмалари ва медиа маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантириш;

- юқори касб маҳоратига эга бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини ташкил қилиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлаш;

- ўқувчиларни чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ва халқаро эътироф этилган сертификатлар олишга тайёрлаш;

- ўқув жараёнининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан узвийлигини таъминлаш мақсадида 10–11-синф ўқувчиларининг ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги етакчи ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ўташларини ташкил этиш каби вазифаларни амалга оширади.

IT-мактаб Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Тепамасжид кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг биносида фаолият олиб боради.

Ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланадиган квота асосида 5-синфдан бошлаб ёзма ва оғзаки синов натижаларига кўра танлов асосида қабул қилинади.

Ихтисослаштирилган мактабни ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, ўқув-тарбия жараёнини халқаро андозалар асосида ташкил этиш мақсадида унга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкент шаҳридаги Инха университети профессор-ўқитувчиларини белгиланган тартибда жалб этилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!