Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мактабларидаги интернет тезлигини танқид қилди

  •   DiMaX
  •  1013
  •  22.03.2019 13:27

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мактабларидаги интернет тезлигини танқид қилди

Жорий йилнинг 19 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев мактаблардаги интернет тезлигини танқид қилди. Бу хусусда Президент матбуот хизматига таяниб «Дарё» интернет-нашрининг Telegram-канали маълумот берган.

ЎҚИНГ: Президент инновацион мактабга ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев раислигида 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди, дейилади хабарда.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, йиғилишда «бугунги кунда барча мактабларда компьютер техникаси бўлишига қарамасдан, интернет хизматидан етарли даражада фойдаланилмаётгани танқид қилинган». «Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2021 йилгача барча мактаблардаги компьютер синфларини замонавий технологиялар ва юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди», – дея таъкидланган эди йиғилиш ҳақидаги расмий ахборотда.

Таъкидлаш жоиз, 2018 йил июль ойида «Халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси эълон қилинган эди. Унда, жумладан, Ўзбекистонда мактабларнинг 28 фоизи компьютер синфларига эга эмаслиги, 63 фоизида замонавий ускуналар йўқлиги, 93 фоизи эса юқори тезликдаги интернетга эга эмаслиги кўрсатиб ўтилган эди. Худди ўша ҳужжат лойиҳасида 2021 йил охиригача барча халқ таълими муассасаларини интернет тармоғига кенг полосали кириш имконияти билан таъминлашни таклиф қилинган эди.

Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича бешта муҳим ташаббусни илгари сурган. Ушбу ташаббусларнинг учинчиси шундай: «Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш».

Эслатиб ўтиш жоиз, Президент Ўзбекистондаги интернет тезлиги ва нархини, шунингдек, баъзи мактабларда информатика фани ҳали ҳамон эски дастурлаш тили асосида ўтилаётганини аввал ҳам танқид қилган.

ЎҚИНГ: Президент мактабларида ахборот технологияларига ихтисослашган фан ҳам ўқитилади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!