Президент: «Тезкор мобил интернет қамрови йил якунигача 90 фоизга етказилсин»

  •   DiMaX
  •  1426
  •  12.05.2020 08:51

Президент: «Тезкор мобил интернет қамрови йил якунигача 90 фоизга етказилсин»

Шавкат Мирзиёев 11 май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда хизматларни рақамлаштириш борасидаги ҳозирги аҳвол таҳлил қилинди, деб ёзади «Davletovuz» канали.

ЎҚИНГ: Карантин даврида интернет ва телефон билан боғлиқ саволларга АКТ Вазирлиги жавоб берди

Қайд этилганидек, давлат идораларида мавжуд 700 дан ортиқ ахборот тизимларининг атиги 30 фоизи «Электрон ҳукумат» тизимига уланган. Давлат хизмати кўрсатувчи 80 та идоранинг атиги 27 таси Давлат хизматлари агентлигига интеграция қилинган.

Тошкент шаҳрида электрон тиббиёт картаси, электрон шифохона ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимларини жорий этиш, ижтимоий нафақалар ҳисобини юритишга мўлжалланган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»ни жорий йил якунига қадар ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Давлат солиқ қўмитасига савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини онлайн назорат касса машиналарига ўтказиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш ҳамда электрон ҳисоб-фактура тизимини жорий этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Келгуси беш йилда саноат корхоналарида ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига таннархни ўртача 13-15 фоизга пасайтириш мумкинлиги таъкидланди.

ЎҚИНГ: Мобил интернет тезлиги нега пасайди? АКТ вазирлиги изоҳ берди

Транспорт вазирлигига темир йўлларда юк ташиш ҳамда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти хизматлари тўлови учун автоматлашган тизимларни ишга тушириш, барча транспортларга ягона электрон билет жорий этишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Жорий йилда оптик толали алоқа қамровини мактабгача таълим тизимида 41 фоиздан 100 фоизга, халқ таълимида 40 фоиздан 70 фоизга, соғлиқни сақлаш соҳасида 38 фоиздан 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланган. Бу орқали кўплаб қишлоқларга интернет тармоғи етиб боради.

Шу боис Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш, тезкор мобил интернет қамровини йил якунигача 90 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Келгуси ўқув йилида «1 миллион дастурчи» лойиҳасига 47 минг нафар ўқувчини қамраб олиш, соҳага замин яратиш учун мактабларда 7-синфдан бошлаб дастурлаш асосларини ўқитишни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев: «Бу ишларни келгуси 2-3 йилда тўлиқ амалга оширмасак, ҳар бир кечиккан йилимиз мамлакатимизни 10 йил орқага тортади», дея таъкидлади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда миллий идентификация тизими яратилади

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!