Профессионал камералардан зўр илк смартфон – Mi 11 Ultra чиқибоқ DxOMark тахтини забт этди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  7415
  •  30.03.2021 12:57

Профессионал камералардан зўр илк смартфон – Mi 11 Ultra чиқибоқ DxOMark тахтини забт этди! (+видео)

29 март кунги мега-тақдимотида Xiaomi ўзининг флагман смартфони – Mi 11 Pro анонси билан бошлаган эди. Бироқ тадбирнинг бош қарамони у эмас, балки Xiaomi Mi 11 Ultra русумли премиум-флагман бўлди.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг илк букламафони – Mi Mix 4 «жонли» суратларда!

Компаниянинг энг кучли смартфони бўлган Xiaomi Mi 11 Ultra ўз хусусиятларига кўра Mi 11 Pro моделига ўхшаб кетса-да, ундан зўр жиҳатлари ҳам бисёр. Айниқса, улкан тўғри тўртбурчак шаклдаги блокка жойланган бош камераси бу гаджетга ўзига хослик бахш этган.

Mi 11 Pro бош камераси ҳам учталик, лекин мисли кўрилмаган даражада кучли. Унда ҳам асосий датчик тарзида, худди флагманнинг Pro-версиясидаги каби 50 мегапикселлик Samsung ISOCELL GN2 сенсори қўлланган ва имкониятлари бир хил.

Қолган иккитаси эса 48 мегапикселлик Sony IMX586 датчиклари бўлиб, биттаси 128 даражада ўта кенг бурчакли объектив билан бирлашган; иккинчиси эса телеобъективли перископ модул бўлиб, тасвирни оптик барқарорлаштириш тизимидан ташқари 5 карралик оптик ва нақ 120 карралик рақамли зумни қўллаб-қувватлайди!

Бош камеранинг ҳар учала модули ҳам сониясига 24 кадр тезлигда 8К-видео олишга қодир. Бундан ташқари, Mi 11 Ultra бир вақтнинг ўзида учта модулида ҳам расмга ёки видеога ола билади! DxOMark лабораторияси аллақачон бу моделни тест қилиб кўрган ва энг зўр камерофон, дея эътироф этган:

Xiaomi бу билан ҳам чекланиб қолмаган ва Mi 11 Ultra камерасининг имкониятларини профессионал фотокамералар даражасига кўтаришга интилган. Тўғри, уни барибир тўлиқ кадрли кўзгули камераларга тенглаштириб бўлмайди, бироқ смартфон Sony RX100M7 ихчам камерасидан яхши съёмка қилишини тақдимотда кўрсатишган:

Xiaomi Mi 11 Ultra суперфлагманининг яна бир ўзига хослиги – бош камера блогига жойланган, диагоналига 1,1 дюймлик қўшимча экранидир. Always-On display функцияли ушбу детални дастлаб асосий камера орқали селфи қилишда ёрдамчи сифатида қўллаш кўзда тутилган, бироқ кейинчалик унга бошқа имкониятлар ҳам қўшилган. Жумладан, бу дисплейда билдиришномалар, вақт, кирувчи қўнғироқлар ва аккумуляторнинг заряд даражаси акс этади.

Бош камера орқали зўр селфилар қилиш имкони мавжудлигига қарамасдан, Mi 11 Ultra экранининг тирқишига барибир 20 мегапикселлик олд камера ҳам ўрнатишган.

Дарвоқе, унинг четлари қайрилма дисплейи ҳам Mi 11 Pro моделидаги кабидир: 6,81 дюймлик AMOLED-матрица, 2K-тасвир, 120 герцлик частота, Corning Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси. Шунингдек, мазкур экран Dolby Vision ҳамда HDR10+ технологияларига эга ва 1,07 млрд рангни акс эттира олади.

ЎҚИНГ: 108МПлик Redmi Note 10 Pro камераси iPhone 12’никидан зўрми? («жонли» тест видеоси)

Суперкамерофон ҳам, Mi 11 Pro билан биргаликда, корпуси IP68 стандартига кўра чанг ва сув киришидан ҳимояланган илк Xiaomi смартфони бўлган. Табийки, унда ҳам энг кучли – Qualcomm Snapdragon 888 процессори ҳамда 12 ГБгача (LPDDR5) тезкор ва 512 ГБгача (UFS 3.1) доимий хотира чиплари қўлланган.

Аккумулятори ҳам Pro-версиядаги билан бир хил: 5000 мА/соатлик, симли ва симсиз усулда 67 ваттлик тезкор заряд, 36 дақиқада батарея тўлади, аммо смартфон қадоғига қувватлагич солинмаган.

Xiaomi ушбу моделида ҳам Harman Kardon стереодинамиклари, NFC чипи, экраности дактилоскоп ҳамда Android 11 базасидаги MIUI 12.5 график қобиғини қўллаган.

Суперфлагман нархига келадиган бўлсак, Хитойда уни 2 апрелдан бошлаб, қуйидаги модификацияларда сотишади:

Xiaomi Mi 11 Ultra 8/256 ГБ — $915

Xiaomi Mi 11 Ultra 12/256 ГБ — $990

Xiaomi Mi 11 Ultra 12/512 ГБ — $1065

Булардан ташқари, кейинроқ керамик корпусда Xiaomi Mi 11 Ultra Marbled Ceramic Special Edition версияси ҳам чиқади. Қизиғи – тезкор/ички хотираси 12/512 гигабайтлик бўлишига қарамасдан, компания уни ҳам 1065 долларга тенг нархда сотмоқчи.

ЎҚИНГ: 108МП камерали Xiaomi Mi 10S глобал бозорга хитойчасидан кучли бўлиб чиқяпти!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.