PSD-файлларни Photoshop’сиз ҳам очадиган 5 дастур

  •   DiMaX
  •  2785
  •  25.03.2017 11:53

PSD-файлларни Photoshop’сиз ҳам очадиган 5 дастур

PSD-файллар билан фақат Photoshop дастури орқалигина тўлақонли ишлаш мумкин. Аммо график файлларни очиш, ҳатто қатлам (слой)ларини очишга қурби етадиган бир нечта бепул дастур мавжуд. Қуйида шулардан энг қулай, тушунарли ва бепул бўлган бештасини кўриб чиқамиз.

Тўғри, улар функционаллиги бўйича Photoshop билан беллаша олмайди, аммо бундайроқ вазифаларни уддалай билишади.

GIMP

  • Операцион тизим: Windows, Mac и Linux.
  • Рус тили: бор.

Бу дастур – Photoshop’нинг энг қизиқарли аналогларидан биридир. PSD-файлларни ўқиши учун унга қўшимча плагинларни ўрнатиш ҳам шарт эмас. Оддий расмли файлларни очгандек усул билан очаверади: File → Open.

Бундан ташқари, GIMP дастури орқали PSD-файлдаги расмнинг қатлам (слой)ларини ҳам очиб, таҳрирласа бўлади. Бироқ бу функцияни тўлақонли деб бўлмайди: у барча қатламларни ўқий олмайди, айримларини растр қилишга тўғри келади. Шунингдек, у айрим PSD’даги ўзгаришларни аниқ ўзидагидек қилиб сақлай олмаслиги ҳам мумкин. Шундан кейин бу файл Photoshop’да очилмай қолиши эҳтимоли ҳам бор. Бироқ PSD-файлга ўзгариш киритиш ва уни JPEG форматидаги расм сифатида сақлаш мумкин.

Paint.NET

  • Операцион тизим: Windows 7 ва кейинги версиялар.
  • Рус тили: бор.

Бу – стандарт Microsoft Paint’дан кўра анча яхши, лекин максимал даражада тушунарли ва ишлатишга қулай дастур. Агарда PSD-файл устида GIMP’да ишлай олмасангиз, уни Paint.NET дастурида очинг.

Аммо Paint.NET бу турдаги файлларни очиши учун, унга тегишли плагинни ўрнатиш талаб этилади. Бунинг учун:

  • Плагинни кўчириб олинг.
  • Кўчириб олинган архивдан файлларни чиқаринг.
  • PhotoShop.dll файлини нусхалаб олинг.
  • Paint.NET ўрнатилган папкага (масалан, C:\Program Files\paint.net) боринг.
  • PhotoShop.dll файлини FileTypes папкасига ташланг.
  • Paint.NET’ни очинг.

Гарчи PSD-ҳужжатлардаги қатламларни оча билса ҳам, Paint.NET барибир Photoshop’нинг барча функцияларини бажара олмайди, унда суратларни қайта ишлаш имконияти бироз чекланган.

Photopea

  • Операцион тизим: исталган тизимда, браузерда очилади.
  • Рус тили: бор.

Қисқаси, Photopea – қолганлари каби дастур эмас, балки онлайн-сервис бўлиб, интерфейси Photoshop ёки GIMP’ни эслатади. Унинг афзаллиги шундаки, компьютерга ҳеч нима ўрнатиш талаб этилмайди. Photopea исталган қурилмадаги браузерда очилаверади.

Аммо онлайн-иловалар барибир ўрнатилган дастурлар каби самарадор ишламаслиги мумкин. Photopea ҳам бундан мустасно эмас, лекин PSD-файллардаги қатламлар устида ишлашга имкон беради.

XnView

  • Операцион тизим: Windows (Linux ва macOS учун XnView MP версияси бор).
  • Рус тили: фақат Standart ва Extended-версияларида бор.

Бу ўзига хос график органайзер бўлиб, унинг ёрдамида компьютерингиздаги суратлар тўпламларини очиш ва саралаш мумкин. XnView дастурида таҳрирлашнинг оддий функциялари мавжуд: ранглар палитрасини ўзгартириш, фильтр ёки эффект қўшиш мумкин.

Гарчи кўп оммалашмаган бўлса-да, бу дастур 500 дан ортиқ (!) форматлардаги расмларни оча олади ва уларни яна 70 та форматга ўгира билади. Шундай экан, PSD ва бошқа тасвирли файлларни таҳрирловчи ҳамда бошқа форматга ўгирувчи сифатида ҳам уни ўрнатиб олсангиз арзийди.

XnView’нинг бошланғич версиясида фақат инглиз, француз ва немис тиллари мавжуд.

IrfanView

  • Операцион тизим: Windows.
  • Рус тили: бор.

Бу дастур ҳам, худди XnView каби, асосан график файлларни кўриш ва бошқа форматга ўгиришга мўлжалланган. Аммо IrfanView унчалик кўп форматлар билан ишлай олмайди. У PSD-файлни худди расм каби очади. Унда қатламларни таҳрир этишнинг иложи йўқ, аммо оддий суратларга ўзгартириш киритса бўлади. IrfanView орқали қайта ишлаш имкониятлари кўпроқ бўлиши учун, PSD-файлни аввало бошқа бирор қулай форматга ўгириб олиш мумкин.

IrfanView тез ишлайди, жуда кам жой ва ресурс талаб қилади (ўрнатилувчи файллари 3 МБдан салгина ошади ўзи).

Агарда юқоридаги вариантлардан бирортаси сизга тўғри келмаса, PSD-файлни JPG форматига ўтказсангиз ҳам бўлади. Бунинг учун Go2Convert ёки бошқа исталган конвертердан фойдаланиш мумкин.