Пуллик иловаларни текинга юклаймиз (1-қисм)

Пуллик иловаларни текинга юклаймиз (1-қисм)

Француз мода дизайнери Коко Шанел айтганидек: «Ҳаётда энг яхши нарсалар текин, иккинчи энг яхшилари эса ўта қиммат бўлади».

Ушбу иқтибосга смартфонлар нуқтайи назаридан қарасак, чиндан ҳам шундай зўр иловалар борки, уларни текинга топиш мумкин, бироқ баъзи яхши иловалардан фойдаланиш учун маълум миқдорда пул сарфлашга тўғри келади.

Масалан, PUBG Mobile, Fortnite каби ўйинларни бепул ўйнаш мумкин бўлса, Final Fantasy, Limbo, The Room Series кабилар учун тўлов қилиш талаб қилинади. Бундай пуллик иловаларни текинга олиш имкони ҳақида ўйлаб кўрган бўлишингиз аниқ.

Иловаларни пулга тортиб олишни хоҳламайдиган ёки бунга имкони бўлмаганлар учун қуйида 5 та (ва кейинги қисмда ҳам 5 та) қонуний усулларни келтириб ўтамиз. Улар ёрдамида сиз пул тўламаган ҳолда пуллик дастурларни текинга қўлга киритишингиз мумкин бўлади. Қуйида келтирилган усулларнинг кўпи, асосан, Android қурилмалар учун мўлжалланган, бир қанчаси эса iOS, Windows ва macOS'да ҳам иш беради.

Учинчи томон дўконларидан пуллик иловаларни юклаш

Қуйида учинчи томон дўконларидан пуллик иловаларни юклаш ҳақида маълумот бериб ўтамиз. Бунинг учун сиз, аввало, қурилмангиз созламаларига ўтиб, номаълум манбалардан илова юклашга рухсат беришингиз керак бўлади.

Пуллик иловаларни текинга юкланг

1. AppsFree

AppsFree оддий ва содда илова бўлиб, унинг ёрдамида айни дамда қайси пуллик иловалар текин тарқатилаётганини билиб олишингиз мумкин бўлади. Илова асосий экранида айни дамда 100% чегирмага эга қатор иловалар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатни иловаларнинг минимал рейтинги, юклашлар сони, категориялар ва ҳ.к. бўйича фильтрлашингиз мумкин.

Шу билан бирга, фильтрлардан маълум дастурчи яратган, реклама ва ички харидларга эга иловалар кўрсатилмаслигини белгилаб қўйсангиз ҳам бўлади.

AppsFree'да аниқ бир иловани қидириш ёки сиз хоҳлаган илова текин тарқатилаётганидан хабардор бўлиш имкони бўлмаса-да, маълум категория иловалар учун билдиришномаларни ёқиб қўйиш мумкин.

Ушбу илованинг ўзида рекламалар бор, бироқ 30 сониялик видео-реклама кўриш билан дастурдаги барча рекламалардан 24 соатга халос бўлсангиз бўлади. Умумий қилиб айтганда, AppsFree қидирув функцияси ва билдиришнома созламалари сабаб пуллик иловаларни бепул юклашда қўл келувчи энг мақбул иловалардандир.

AppsFree'ни бепул юкланг (ичида рекламалар бор)

2. AppSales

Юқоридаги иловани яратган дастурчи томонидан ишлаб чиқилган AppSales иловаси сизга пуллик иловаларни бепул юклашга ёрдам беради. Илова ёрдамида нафақат вақтинчалик бепул, энг оммабоп иловалар билан танишишингиз, балки маълум илова нархлари тарихини кўришингиз ҳам мумкин. Исталган илова устига узоқ босиб турсангиз, барча тафсилотлар кўрсатилади.

AppSales сизга нафақат 100% текин, балки катта чегирмали дастурларни ҳам кўрсатиб беради.

AppSales'ни бепул юкланг (ичида рекламалар бор)

ЎҚИНГ: Тил ўрганиш учун энг яхши 7 бепул илова

3. Paid Apps Gone Free (PAGF)

Paid Apps Gone Free ёки PAGF ҳам юқоридаги икки илова сингари вақтинчалик бепул тарқатилаётган иловаларни кўрсатади. Илованинг қидирув функцияси анчайин такомиллашган бўлиб, унинг ёрдамида сиз иловаларни рейтинги, юклашлар сони ва доимий нархи бўйича фильтрлашингиз мумкин. Бундан ташқари, қидирув натижаларида ички харидлар ва рекламаларга эга дастурлар кўрсатилмаслигини белгилаб қўйиш имкони ҳам мавжуд.

PAGF'ни бепул юкланг

4. Aptoide

Рўйхатдаги аввалги элементлардан фарқли ўлароқ, Aptoide илова эмас, балки худди Play Store каби, учинчи томон иловалар дўкони ҳисобланади. Ушбу дўкондан зўр иловаларни текин юклаш имкони бор. Эътиборли жиҳати шундаки, Aptoide аслида премиум бўлган иловалар яратувчилари билан шартномага эга. Масалан, Nova Launcher Play Store'да пуллик, лекин Aptoide'да текин. Aptoide дўконидан, шунингдек, Facebook, Roblox, Supercell сингари йирик компаниялар иловаларини топсангиз ҳам бўлади.

Агар қурилмангиз хавфсизлигидан хавотир олаётган бўлсангиз, ўзингизни ташвишга қўймай қўя қолинг. Сабаби, Aptoide'даги барча APK файллар шахсан илова дастурчиларининг ўзлари томонидан юкланади ва Aptoide дўконининг кўплаб қўшимча текширувларидан ҳам ўтади. Оддий қилиб айтганда, учинчи томон шахслар аралашуви йўқ бу ерда.

Aptoide'ни бепул юкланг

5. XDA Labs

XDA Labs яна бир муқобил платформа бўлиб, у ердан пуллик иловаларни бепул юкласангиз бўлади. Мисол учун, Play Store'да MiXplorer Silver иловаси 4.63 долларга сотилади, лекин уни XDA Labs'дан текинга юклаб олсангиз бўлади.

XDA Labs сайтига ўтинг

ЎҚИНГ: Смартфонга масофадан туриб илова юклашни ўрганамиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.