“Пхеньян” смартфони ёки Шимолий Кореяда интернет қандай ишлаши ҳақида

  •   Saroy
  •  2519
  •  12.10.2018 12:41

“Пхеньян” смартфони ёки Шимолий Кореяда интернет қандай ишлаши ҳақида

2011 йил декабрда ёш генерал Ким Чен Ин Шимолий Кореянинг янги раҳбарига айланди. Раҳбарликнинг биринчи йилидаёқ унинг  олдида иккита вазифа кўндаланг турарди. Бир томондан кўп сонли ички ва ташқи таҳдидлар қаршисида режимнинг (мамлакатнинг ҳам) хавфсизлигини таъминлаш бўлса, иккинчи томондан Шимолий Корея иқтисодиётини кўп йиллик инқироз ботқоғидан олиб чиқиш, яъни иқтисодий ўсишни таъминлаш эди.

Иккала вазифа ҳам жуда мураккаб ва кўп ҳолларда бир-бири билан мос тушмайдиган чора-тадбирлар кўлланишни талаб этар эди. Шунга қарамай, Ким Чен Ин ҳозирча белгиланган йўналиш бўйича ҳаракат қилишнинг уддасидан чиқаяпти, деб айтиш мумкин. Қолаверса ёш раҳбар  ўз ҳокимиятининг асосларини мустаҳкамлашни бир зум бўлса ҳам тўхтатгани йўқ, шунингдек мамлакатнинг иқтисодий ҳаётини  ҳам йўлга қўйишда давом этмоқда.

Ким ва компьютер

Замонавий иқтисодиётни компьютерсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Буни  ёшлигининг кўп  қисмини  Швейцарияда ўтказган Ким Чен Ин ҳам яхши тушунади. Бироқ компьютер технологияси биринчи навбатда ахборот технологияси ҳисобланади ва унга режим учун энг катта таҳдид сифатида қаралиши керак. Энг асосий муаммо – бу КХДРнинг ҳаёт кечириш даражаси бўйича қўшни давлатлардан, биринчи навбатда Жанубий Кореядан анча орқада қолиб кетганида эди.  Шимолий Корея раҳбариятининг ҳавотир олишига асосий сабаб, мамлакатда ахборот технологиялари соҳасининг ривожланиши билан бир қаторда,  аҳолининг ташқи дунё ҳақидаги билими ҳам ошиб бориши эди. Бу эса, мамлакатда оммавий норозиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Бир қарашда мазкур муаммонинг ечими жуда оддий туюлади – компьютерлаштириш, ахборот тармоқлари ва ҳатто уяли алоқадан воз кечилса бўлди. Нафсиламрни айтганда, Шимолий Корея ушбу техника муъжизаларисиз, шундоғам  бир неча ўн йиллардан буён яхши ривожланиб келаётганди ва бундан кейин ҳам ривожланишда давом эта оларди. Аммо Ким Чен Инда бошқача режалар бор. У ахборот технологиясининг ҳокимият учун қанчалик хавфли эканини жуда яхши англайди, лекин шу билан бирга, у юқори технологияларсиз мамлакатни қашшоқлик ботқоғидан олиб чиқа олмаслигини ҳам яхши тушинади. Шу боис Ким Чен Ин эксперимент қилишга қарор қилди: у Шимолий Кореяда шундай ахборот муҳитини яратишни хоҳладики, бу мамлакатнинг иқтисодий риожланишига шарт-шароит яратсин. Гап эса бозор муносабатлари модели ҳақида бормоқда. Ким Чен Ин  отасидан фарқли улароқ, ҳозирги замонда бозор муносабатлари моделининг ҳақиқий маънодаги муқобили йўқлигини яхши биларди.

Ҳозирда Шимолий Корея раҳбарияти ҳамда махсус хизмат ходимлари интернетнинг анархияли руҳини назоратга олишга ҳаракат қилар экан, амалга оширилаётган бундай ишлар  дунёнинг ҳеч бир мамлакатида қўлланилмаётганини таъкидлаш зарур. Шимолий Кореяда жамият барқарорлигини таъминлаш устидан полиция назорати юқори даражада бўлгани билан, компьютер соҳасидаги таълим жуда паст. Шунга қарамай,  компьютер таълимига уриниш бўляпти ва бу ташқи дунёда ҳам қизиқишни ортирмоқда.

Ҳа, режимнинг ўзига хослигига қарамай, КХДРда компьютерлар, уяли телефонлар ва бошқа электрон техникалар  кўп. Дарвоқе, уларнинг сони айнан мамлакатни Ким Чен Ин бошқаргандан кейин, мамлакат иқтисодий инқироздан чиқа бошлагач кўпайди. Уяли телефонлар Кореяга  2008 йил декабрда кириб келган эди. Бу Мисрнинг  Orascom компанияси билан қўшма корхона очилгандан кейин рўй берди. Очиғини айтганда, маҳаллий уяли алоқа тармоғини яратишга яна ҳам эртароқ, яъни 2002 йилда Таиланд ёрдамида уриниб кўрилган эди. Аммо биринчи уриниш натижа бермади: 2004 йилда хусусий шахсларнинг мулки бўлган барча уяли телефонлар мусодара қилинди, аммо Таиланд иштирокида яратилган алоқа тармоғи фаолиятини тўхтатмади ва  бир неча юз нафар давлат мансабдорларига хизмат кўрсатишда (уларнинг телефонлари ўзларида қолдирилган эди) давом этди.

Иккинчи уриниш ҳақида нима дейиш мумкин? Ўзингиз баҳо беринг! Ҳозирда Шимолий Кореяда 4 миллионта абонент бор. Ҳақиқий фойдаланувчилар сони эса анчайин оз. Гап шундаки, мамлакатда  амал қилаётган тарифлар  жуда қиммат, айниқса асосий лимитдан ошиб кетадиганлар учун алоҳида тўлов. Шу боис улар бир йўла бир нечта телефон сотиб олишни маъқул кўришади ва уларни бошқа одамлар номига расмийлаштиради.

Назарий жиҳатдан КХДР фуқароси фақат битта уяли телефон тутиши керак, аммо амалда бошқа шахслар ёрдамида, яъни уларнинг номига қўшимча аппарат ва  SIM-карталарни  рўйхатдан ўтказиш йўли билан  ушбу таъқиқни осонгина четлаб ўтиш мумкин. Ҳақиқий фойдаланувчилар сони уч миллионга яқин, бу мамлакатда ҳар иккинчи оилада уяли телефон бор деганидир.

Телефонларнинг асосий қисми эски, тугмали моделлар. Лекин кейинги пайтларда КХДРда смартфонлар ҳам пайдо бўлди. Уларнинг энг машҳури  «Ариран» ва «Пхеньян».

КХДРда сотилаётган аппаратлар Шимолий Корея ёрлиғига эга ва софт ҳам карейс тилида. Қолаверса, ушбу қурилмалар расман Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган, дейилади. Аслида бундай эмас. Смартфонлар Кореяда йиғилиши мумкин, аммо эҳтиёт қисмларнинг  бари Хитойдан келтирилади. Баъзан эса, бутун бошли аппаратнинг ўзи  ҳам Шимолий Корея буюртмаси билан Хитойда тайёрланади. Дарвоқе, бошқа мамлакатнинг саноат ютуқларини ўз номига ўтказиб олиш  Шимолий Кореяга хос амалиёт ҳисобланади. Бир вақтлар СССРдан импорт қилинган ускуналарнинг ёрлиқлари ўчирилиб Шимолий Корея ёрлиқлари қўйиларди.

Уяли телефонлар етарли иловалар базасига эга бўлиб, уларнинг асосий қисми маҳаллий дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган.  Шимолий Кореялик фойдаланувчилар маҳаллий интернет – дўконлардан харидларни амалга ошириши мумкин, мабодо ишга кетаётганда янгиликлардан бохабар бўлай деса ёки йўл-йўлакай Олий раҳбарият қандай улуғланаётгани ҳақида билишни истаса, бемалол «Родон синмун» хабарларини ўқиши мумкин, уяли телефон уларга шундай имкониятни ҳам беради.

Аммо хориж давлатларига қўнғироқ қилиш учун уяли алоқадан фойдаланиш мумкин эмас: алоқа фақат Шимолий Корея абонентлари билан ишлайди.  Бошқа мамлакат билан гаплашиш жуда зарур бўлса, Хитойдан яширин йўл билан  келтирилган ҳамда Хитой тармоқларига уланган ноқонуний аппаратлар орқали қўнғироқ қилса бўлади, аммо бундай телефонларни тутиб юришнинг ўзи жиноий жазога тортиладиган ҳолат ҳисобланади. Бунда ўзига яраша мантиқ бор: КХДР фуқаросининг бундай телефонга эга бўлишига ягона сабаб унинг чет элга қўнғироқ қилиб ажнабийлар билан  алоқа ўрнатишга бўлган истагидир. Бу эса мамлакатда олиб борилаётган сиёстга умуман тўғри келмайди.

Шимолий Кореянинг стандарт уяли телефонлари орқали чет эл киноларини кўриш ва мусиқаларини тинглаш ҳам мумкин эмас.  2013 йилдан бошлаб, барча телефонлар махсус ишлаб чиқилган операцион тизим билан жиҳозланди. У  фойдаланувчига махсус “имзоси” бўлмаган видео, аудио ва матнли файлларни очишни таъқиқлайди. Бундай «имзо»ни эса тегишли ташкилотлар беради. Улар файл мафкуравий  томондан мақбул деб ҳаралса ҳамда оддий фуқаролар билиши мумкин бўлмаган маълумотлар топилмаса очишга рухсат берилади, яъни махсус “имзо” берилади. Имзо берилиши учун файллар «рисоладагидек» бўлиши керак, контентлар мафкуравий сиёсатга қарши бўлмаслиги керак. Махсус “имзоси” йўқ файллар режим  учун хавфли саналади ва оддий фуқароларга  уларни очиш таъқиқланади.

Шахсий компьютерлар учун ҳам шундай тартиб жорий этилган. Ҳа, тўғри топдингиз  Шимолий Кореяда ҳам компьютерлар кўп, уларнинг сони ҳозирда миллионтага яқинлашди. Аксарият компьютерлар Хитойдан келтирилади: ҳозир икки давлат чегарасида жойлашган Хитой шаҳарларида Шимолий Кореялик харидорлар учун тутилган компьютерлар билан савдо қиладиган дўконлар кўп.

Миллий миқёсдаги интернет

КНДРда хусусий шахсларнинг ҳамда давлат одамларининг  ҳам катта қисмида расман интернетга уланиш имкони йўқ. Интернетда дипломатик миссиялар ва бошқа хорижий ташкилотлар ишлаши мумкин. Шимолий Кореяда ҳақиқий интернет ўрнини маҳаллий «Кванмён» тармоғи эгаллаган. Бу, дунё ўргимчак тармоғи билан мутлақо боғланмаган миллий интернет саналади, шу билан бирга, у  турли контентларга бой.

Халқаро интернет тармоқларига уланиш фақат имтиёзга эга айрим ташкилотларнинг ходимлари учун мумкин, лекин уларга ҳам интернетга кириш учун махсус рўхсат талаб этилади. Бошқалар учун эса, бошқача тизим мавжуд: давлат ахборот марказлари интернетни кўриб туради ва мутахассислар ёки кенг жамоатчилик учун қизиқиш уйғотади деб ҳисобланган контентлар бўлса олиб ташланади. Кейин фойдали контент топилиб «Кванмён» тармоғига жойланади. Бундай контентлар асосан, илмий-оммабоп материаллар, табий фанлар ва техникалар бўлиши мумкин.

Мутахассислар буюртмасига кўра, мақсадли ахборот қидириш амалиёти ҳам мавжуд: тегишли ваколатга эга бўлган, синалган мутахассислар ишончсиз ва синалмаган ҳамкасблари учун зарур бўлган маълумотларни ҳам қидириш билан шуғулланади.

2013 йилда мамлакатдаги барча компьютерлар «Пульгын пёль» («Қизил юлдуз») операцион тизимга ўтказилди. Ушбу тизим Linux базаси асосида махсус тайёрланган. Мамлакатда барча компьютерлар  рўйхатдан ўтказилиши мажбурий қилиб қўйилган. Исталган вақтда, фойдаланувчи кутмаган пайтда назорат текшируви амалга оширилиши мумкин. Шундай экан, бир кун келиб аҳоли барибир «Қизил юлдузга» уланишга тўғри келади.

«Қизил юлдуз»нинг энг муҳим жиҳати юқорида айтиб ўтилган имзода бўлиб, бу тартиб  2014–2015 йиллардан буён амал қилиб келади. Компьютер бошқа компьютерда яратилган видео, аудио ёки матнли материаллар бор бўлган файлларни, агар электрон тарзда “имзо” белгиси бўлмаса очмайди, яъни материаллар ғоявий хавфсиз саналсагина очишга рухсат берилади. Бундай белгини шахсий тартибда олишнинг имкони йўқ, у  шунга ваколати бўлган хукумат ташкилотлари томонидан тайёрланади.

Бу, корейс  халқи сўнгги пайтда  хорижий (биринчи навбатда Жанубий Кореяники)  фильмларни USB орқали  кўриш одатини аста секин тарк этишга  тўғри келади, деганидир. Компьютер эгаси  ҳатто ҳамкасблари ёки танишлари билан ҳам бошқа компьютерларда тайёрланган ҳужжатларни алмаша олмайди, мумкин эмас. Бошқа компьютерда тайёрланган маълумотлар ёки  бухгалтерия  ҳисоботлари ҳам очилмайди.

КХДР раҳбарияти, чамаси ушбу муаммони англаб етган кўринади ва ҳатто уни ҳал этиш вариантларини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Мамлакатда  ҳужжат алмашинуви назорат қилинмайдиган USB-хотира сақлагичлар (флешкалар)  ҳам тарқалмоқда. Улар орқали тушунмаган фуқаролар ўзи билмаган ҳолда исталган нарсасини ёзиши мумкин. Лекин Шимолий Корея интернетида айланиб юрадиган файллар устидан тўлақонли цензура назорати ўрнатилганини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

«Қизил юлдуз»нинг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, тизим вақти-вақти билан мониторни скриншот қилади ва уларни узоқ вақт сақлайди. Бундай скриншотларни оддий фойдаланувчи ўчира олмайди. Мақсад эса маълум – тегишли идора вакиллари компьютердан таъқиқланган контент кўришда фойдаланилганми ёки йўқми текшириб кўриши керак.

Шуниси аниқки, ушбу чораларнинг барчаси компьютерлар ва уяли телефонларнинг иқтисодий самарадорлигини пасайтиради, лекин мамлакат раҳбариятининг фикрича, ички хавфсизлик ва барқарорлик охир оқибатда иқтисодиётдан муҳимроқдир. Шунга қарамай, Ким Чен Ин ҳукумати бошқа соҳалар каби, ахборот технологиялар соҳасида ҳам хавфсизлик талаблари билан иқтисодий самарадорлик орасидаги мувозанатни топишга ҳаракат қилмоқда. Одатда бундай қарорлар қабул қилишда узаро муросага кўпроқ эътибор қаратишга тўғри келади. Натижада хавфсизлик ҳам, иқтисодий самарадорлик ҳам бироз зарар кўради, лекин мувозанат сақланади. Нима бўлганда ҳам, бундай сиёсат ҳозирча ўзини оқлаяпти, Ким Чен Ин учун шуниси муҳим.

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!