Қалбаки microSD картани қандай аниқлаш мумкин?

Қалбаки microSD картани қандай аниқлаш мумкин?

Сохта microSD карталар устига кўпинча катта сиғим ёзиб қўйилади. Аммо сиз бунга чув тушманг! Қуйида ташқи хотира картасини сотиб олаётганда қаллоблар ўлжасига айланмаслигингиз учун йўл-йўриқларни келтириб ўтамиз.

Wish.com сайти миллион хил турдаги маҳсулотларни ақлни шошириб қўядиган нархда таклиф қилувчи онлайн дўкон ҳисобланади. Сайтдан Bluetooth адаптеридан тортиб кучугингиз учун хавфсизлик камаригача харид қилсангиз бўлади.

Собиқ Google ва Yahoo дастурчилари томонидан асос солинган ушбу сайт арзон нархдаги маҳсулотлар ишқибозлари эътиборини ўзига қарата олади.

Wish.com'дан, шунингдек, арзон microSD карталарни ҳам сотиб олсангиз бўлади. Бу ерда катта сиғимга эга хотира карталари деярли текинга сотилади. Афсуски, бу гаджетларнинг аксарияти сохта товардан бошқаси эмас. Улар смартфонингизда ишлайверади ва сизга нотўғри сиғимни кўрсатиб туради. Бу ерда сотувчилар содда харидорларни қаллоблик қурбонига айлантирмоқда.

Сохта microSD карта қандай кўринишга эга бўлади?

Қуйида 512ГБ сиғимга эга Huawei Class 10 хотира картаси учун wish.com сайтида келтирилган реклама скриншотини келтириб ўтамиз. Рекламада бир шубҳали жиҳатни кўриш мумкин. Қани, бир ҳаракат қилингчи: сохталикни аниқлай оласизмикан!?

Huawei хотира карталари ишлаб чиқармайди. Бор гап шу; рекламадаги муаммо шунда. Хитойлик техногигант Huawei оммавий савдо учун хотира карталари ишлаб чиқармайди. Компания ўз қурилмалари учун нано-хотира карталари тайёрлайди, бироқ бу умуман бошқа компонент.

Яна бир мисол келтириб ўтамиз: Verbatim 512ГБ Class 10 microSD хотира картаси. «Хўш, бунга нима қилибди?», дерсиз.

Verbatim компанияси, Huawei'дан фарқли, хотира карталари бизнеси билан шуғулланади. Аммо муаммо шундаки, компания 512ГБ ҳажмли карталар ишлаб чиқармайди (мақола ёзилаётган пайт ҳолатига кўра).

Яна бир қалбаки маҳсулот билан танишамиз. Буниси «Original microSD Card» деб номланади. Қизиғи, хотира картаси бирор-бир компания томонидан ишлаб чиқарилмаган. Аммо карта дизайни бошқа бир компания ишлаб чиқарадиган хотира карталари дизайнида тайёрланган. Қуйидаги расмга эътибор берсангиз, ишлаб чиқарувчи номи кўрсатилмаган бу карта Samsung EVO Plus расмий microSD картаси дизайнини ўғирлаганини кўрасиз:

Эътибор беринг, wish.com сайти қалбаки microSD карталар сотиладиган ягона дўкон эмас. ZoodMall ва eBay'да ҳам сохта маҳсулотлар тўлиб кетган. Ҳатто, Amazon ҳам қачонлардир учинчи томонлар сотувга қўйган қалбаки хотира карталарини сотишга хизмат қилган (баъзан ҳозир ҳам сотилади).

Қалбаки microSD'ларни аниқлаш ҳар доим ҳам осон эмас. Ишлаб чиқарувчилар дизайн борасида кўчирмачилик қилишга жуда уста. Интернетдан ёки жойлардаги дўконлардан хотира картасини сотиб олишда нафақат гаджет дизайнига, балки сиғимига ҳам эътибор беришингиз керак бўлади.

Қаллоблар microSD карта контроллерига ўзгартиришлар киритиб, карта сиғими ҳақида нотўғри маълумот кўрсатишади. Картани қурилмангизга уласангиз, ташқи хотира қурилма ҳажми 512ГБ сифатида кўрсатилади. Аммо картага файлларни ёза бошлашингиз билан қуйидагилар кузатилади:

• Файлларни ёзиш учун картада ятарлича бўш жой бўлмайди.
• Мавжуд файллар устидан бошқа файллар ёзилади.
• Карта ишдан чиқади, маълумотларингиз эса йўқолиб қолади.

Оддий қилиб айтганда, бундай карталар файлларингизни сақлаш учун хавфли ҳисобланади.

Хотира картаси ҳақиқий ёки қалбаки эканлигини қандай текшириш мумкин?

Агар wish.com ёки бошқа дўконлардан аллақачон хотира картасини сотиб олган бўлсангиз, картани бир қатор синовлардан ўтказиб, уни текшириб кўрсангиз бўлади. Қуйида бу учун 3 та усулни келтириб ўтамиз.

ЎҚИНГ: ОГОҲ БЎЛИНГ: пандемия палласида мобил фирибгарлик!

1. FakeFlashTest

FakeFlashTest — флеш дискнинг ҳақиқий сиғимини кўрсатиб берувчи дастурдир. Дастурдан фойдаланиб, тезкор синов ўтказсангиз бўлади. FakeFlashTest картага 512 байт маълумот ёзади/ўқийди. Агар ёзиш/ўқиш жараёнида муаммолар юзага келса, бу экранда акс этади. Агар батафсил таҳлилни хоҳласангиз, тўлиқ тест ўтказсангиз ҳам бўлади.

Юкланг: Windows учун FakeFlashTest (текин)

2. H2testw

H2testw ҳам оммабоп дастурлардан бири ҳисобланади. Дастур чиқарилганига анча йиллар бўлган. Шунинг учун, хотира картаси синови ҳараёни секин амалга ошиши мумкин. Шундай бўлса-да, H2testw ҳали ҳам сохта карталарни аниқлаш учун энг яхши усуллардан биридир.

Юкланг: Windows учун H2testw (текин)

3. ChipGenius

ChipGenius бошқа ускуналардан фарқли. Флеш драйвга маълумот ёзиб, уни қайта ўқиш ўрнига ChipGenius хотира картасининг ўзидаги маълумотни тўғридан-тўғри ўқийди. Бу билан эса у ҳозирда мавжуд энг тезкор дастурлардан бири саналади.

Тест жараёни якунлангач, экранда «Умумий сиғим= 16ГБ» ёки шунга ўхшаш маълумот кўринади.

Юкланг: Windows учун ChipGenius (текин)

Қалбаки microSD карталар сотиб олишга арзмиядими?

Агар wish.com ёки ZoodMall'дан 512ГБлик картани 10 долларга сотиб олган бўлсангиз, пулингизни қайтариб беришларини талаб қилинг. Онлайн дўконлар товарни қайтариб олиб, тўланган маблағни сизга у ёки бу усулда қайтариб беришлари керак.

Лекин қалбаки флеш драйвлар бутунлай фойдасиз эмас. Қалбаки бўлса ҳам, картанинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаб олгач, ана ўша сиғимдан фойдалансангиз бўлади.

Ўта арзон microSD карталарни сотиб олишдан сақланинг.

Агар сотувда турган маҳсулот ишониш қийин даражада арзон бўлса, эҳтимолки, сиз қалбаки маҳсулотни кўриб турибсиз.

Ўзингиз ҳам кўриб турганингиздек, онлайн дўконларда сохта хотира карталари жуда кўп. Ҳатто ишончли халқаро дўконларда ҳам, сохта маҳсулотлар учраб туради. Улардан огоҳ бўлинг!

ЎҚИНГ: Бугун ҳеч кимнинг туғилган куни эмас! Буни ҳаммага тарқатинг ва «бонус»га эга бўлинг!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!