Қандай қилиб видео ва исталган бошқа файлни iPhone’га юклаб олиш мумкин?

Қандай қилиб видео ва исталган бошқа файлни iPhone’га юклаб олиш мумкин?

Apple компаниясининг мобил операцион тизимида ташқи ишлаб чиқувчиларнинг клавиатуралари ёки билдиришномалар панели учун виджетлари пайдо бўлаётган бўлса-да, iOS ҳали ҳам нисбатан ёпиқ операцион тизимлигича қолмоқда. Бу фикр, хусусан, файлларни юклаб олиш масаласига ҳам дахлдор. Оддий суратлар ёки ҳужжатларни юклаб олишда, одатда, айтарли муаммо юзага келмайди, бироқ жамланма архив файлларҳ ёки видеороликларни iPhone ё iPad’га юклаб олиш — осон иш эмас. 4PDA томонидан тайёрланган қуйидаги мақолада жейлбрейк қилинмаган iPhone’га видео ва бошқа файлларни қандай қилиб юклаб олиш мумкинлиги ҳақида сўз боради.

Уюшган мобил дастурлар ёрдамида юклаб олиш

iOS учун чиқарилган бир қатор мобил дастурлар, биринчи галда, офис дастурлари у ёки бу файл турлари билан автоматик равишда уюшади. Масалан, исталган браузерда матнли ҳужжатни очсангиз, юқори панелда файлни юклаб олиб, Интернетга кирмасдан ҳам ўқиш имконини берувчи махсус тугмача пайдо бўлади. Қуйида қурилмаган ўрнатилган Polaris Office офис тўплами ёрдамида “.docx” форматидаги файлни юклаб олиш мисолини кўриб чиқамиз.

1. Браузерни очиб, зарур файлга гиперҳавола берувчи саҳифага ўтасиз.

2. Гиперҳаволани босасиз. Браузерда файл олдиндан кўриш тартибида очилади.

3. Юқоридаги “сузувчи” панелда пайдо бўлган “Polaris Office’да очиш” тугмасини босасиз.

Файл қурилма хотирасида сақланиб қолади ва уни кейинроқ Polaris Office мобил дастури ёрдамида очиб, кўриш, таҳрирлаш ва булутли хотирага экспорт қилиб қўйиш мумкин бўлади.

Ихтиёрий файлни юклаб олиш

Баъзан файлларни бевосита iPhone ё iPad’да ишлатиш учун эмас, балки шахсий компьютерга ўтказиш учун ҳам юклаб олишга тўғри келади. iOS’да буни, бу файлни операцион тизим қўллаб-қувватламаса-да, стандарт воситалар ёрдамида амалга ошириш мумкин.

1. Браузерни очасиз ва зарур файлга ҳавола жойлашган саҳифага ўтасиз.

2. Ҳаволани босасиз. Экраннинг юқори қисмида пайдо бўлган панелда “…да очиш” (“Открыть в…”) тугмасини босасиз.

3. “Қайдлар” (“Заметки”) мобил дастурини танлайсиз.

4. Зарурат бўлса, қайдномага матн киритинг, шундан сўнг “Сақлаш” (“Сохранить”) тугмасини босинг.

5. Агар қурилмангизда iCloud билан синхронизация созланган бўлса, файлни булутли сервис сайтига ўз Apple ID’ингиз билан кириб, шахсий компьютерга ёки исталган бошқа қурилмага кўчириб олса бўлади.

Худди шу йўл билан файлларни бошқа булутли сервисларга, масалан, Dropbox ёки Evernote’га ҳам юклаб қўйиш мумкин. Бунинг учун 3-пунктда қайд этилган “Қайдлар” мобил дастури ўрнига бошқа керакли дастурни танлаш кифоя. Бу усулнинг битта камчилиги — интернет трафигини икки карра кўпроқ йўқотасиз: аввалига файлни iPhone’га юклаб олиш учун, сўнг файлни булутли сервисга экспорт қилиш учун. Бу усул файл ҳажми жуда катта бўлса ва Интернет трафиги чекланган бўлса ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин.

Файл менежери ёрдамида юклаб олиш ва архивлари билан ишлаш

Файлларни булутли сервислар ёрдамисиз ҳам iOS-қурилмаларга юклаб олиш мумкин, бунинг учун App Store’дан файл менежерларидан бирини кўчириб олиш керак бўлади. Қуйидаги мисол учун бепул File Manager мобил дастури ҳам мос тушади.

1. Браузерни очасиз ва зарур файлга ҳавола жойлашган саҳифага ўтасиз.

2. Ҳаволани босасиз. Экраннинг юқори қисмида пайдо бўлган панелда дастлаб “…да очиш” (“Открыть в…”), сўнг “File Manager’га юклаб олиш” (“Скопировать в File Manager”) тугмасини босасиз.

Агар сиз жамланма архив файлни юклаб олган бўлсангиз, унинг ичида нима борлигини бевосита қурилма ичида, сочиб-ёйиб кўришингиз мумкин. Бунинг учун:

1. File Manager’ни очасиз ва керакли архив файлни танлайсиз.

2. Unzip тугмасини босиб, архивни сочиб-ёйиш истагини тасдиқлайсиз.

Архивнинг яқинида худди шу номли папка пайдо бўлади, унда архивдан чиқарилган файлларни кўриш мумкин. Уларни бирма-бир кўриб чиқиш ва зарур мобил дастурга экспорт қилиш мумкин.

Файл менежерлари файлларни юклаб олиш ва архивлар билан ишлашдан ташқари, юклаб олинган файлларни iTunes орқали шахсий компьютерга узатиш имконини ҳам тақдим этади.

1. iTunes’ни очасиз ва юқори панелдаги навигация ёрлиғини босасиз.

2. “Дастурлар” (“Программы”) бўлимига ўтиб, “Умумий файллар” (“Общие файлы”) бандига тушасиз.

3. Чап томондаги дастурлар рўйхатидан File Manager’ни танлайсиз, сўнг ўнгдаги сақлаб қўйилган файллар рўйхатидан керакли ҳужжатни танлайсиз.

4. “…да сақлаш” (“Сохранить в…”) тугмасини босасиз ва файл сақланиши керак бўлган компьютердаги тегишли папкани кўрсатасиз.

Видеони юклаб олиш

Интернетдаги саҳифада видео файлга бевосита гиперҳавола кўринишида жойлаштирилган бўлса ҳам, iOS’даги браузер уни юклаб олишга имкон бермайди — фақат кўриб, томоша қилиш мумкин. Бу тўсиқни енгиб ўтиш учун бизга яна ташқи мобил дастур, масалан, бепул Video Lite иловаси керак бўлади.

1. Video Lite’ни очасиз.

2. Мобил дастурнинг манзил қаторига видео жойлашган веб-саҳифа ҳаволасини киритасиз.

3. Мобил дастурнинг буйруқлар панелидаги “Сақлаш” (“Сохранить”) тугмасини босасиз ва пайдо бўлган сузувчи ойнадаги “Хотирага сақлаш” (“Сохранить в память”) тугмасини босиб, ўз ҳаракатингизни тасдиқлайсиз.

4. “Юкланган файллар” (Загрузки”) бўлмасига ўтасиз. Видеоёзув юклаб бўлинганидан сўнг, уни бевосита қурилмада, офлайнда кўриш мумкин бўлади. Роликни “Фото” мобил дастурига ўтказиш учун файл номи ёнидаги “i” тугмасини босиш, сўнг — фотокамера пиктограммаси бор яшил тугмани босиш керак.

Қайд этиш жоиз, мобил дастур YouTube видеохостинги билан яхши ишлайди, лекин бошқа сервислар билан муаммолар юзага келиши мумкин.

iOS’нинг нисбатан эски версиялари билан таққослаганда iOS 9’да кўплаб файлларни олдиндан ўрнатилган воситалар ёрдамида кўчириб олса бўлади, бироқ баъзи форматлар учун ҳали ҳам ташқи мобил дастурлардан фойдаланиш зарурати бор.

Apple ўз мобил операцион тизимини янада эркинлаштириш йўлида давом этади, фойдаланувчилар эса файллар билан ишлашда тизимнинг ўз дастурларидан фойдаланиш имконига эга бўлади, деб умид қилишдан ўзга чора йўқ ҳозирча.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!