Қандай қилиб интернетдан хавфсиз фойдаланиш мумкин? (1-қисм)

Қандай қилиб интернетдан хавфсиз фойдаланиш мумкин? (1-қисм)

Интернет кўпчилигимизнинг ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этган омилга айланиб улгурди. Глобал тармоқдан фойдаланиш қизиқарли, фойдали, бироқ айни дамда, хавфли бўлиши ҳам мумкин. Онлайн хавфсизлигингизни таъминловчи усул ва воситалардан фойдаланиб, ўзингиз ва шахсий маълумотларингизнинг хавфсиз бўлишига эришишингиз мумкин.

Қуйида WikiHow сайтидан олинган мақола орқали интернетдан фойдаланаётганингизда қандай қилиб браузинг амалиётингизни хавфсиз қилиш мумкинлиги ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Паролларингизни ҳимоялаш

1. Кучли ва уникал пароллардан фойдаланинг. Бирор-бир аккаунтингиз учун пароль яратаётганингизда, пароль рақамлар, символ ва (ҳам кичик, ҳам БОШ) ҳарфлардан иборат эканига ишонч ҳосил қилинг. Бир неча аккаунт учун бир хил паролдан фойдаланишдан қочинг. Тўғри, ҳар бир паролни ёдда сақлаш осон бўлмаслиги мумкин, бироқ фақат шундагина маълумотларингиз хавфсиз бўлади.

• Эслаб қолишга осон ёки сизга қандайдир алоқаси бор гаплар/бирикмаларни қисқартириш билан пароль яратинг. Масалан, «www.terabayt.uz сайти» жумласини «3W.tBuz-s@yt!» шаклида қисқартириш мумкин.

• Пароль қанчалар узун бўлса, унинг кучли бўлиш эҳтимоли шунчалар юқори бўлади. Севимли иқтибосингиз ёки бирор-бир қўшиқ, китоб, фильмдан олинган ўзингизга ёққан бир қатор гапни қисқартириб пароль қилиб олсангиз бўлади.

«123456», «654321», «1234abcd», «пароль» ёки бошқалар осон топа оладиган бирикмалар (масалан, кучугингизнинг лақаби, кўчангиз номи) ни пароль қилиб олманг.

2. Паролларингиз хавфсиз сақланиши учун пароль менежеридан фойдаланинг. Пароль менежерлари ҳар бир аккаунтингиз учун автоматик равишда кучли ва уникал пароль яратади ва уни эслаб қолади. Сиздан фақат менежернинг ўзи учун битта пароль яратиш, қолганини дастурнинг ўзига қўйиб бериш талаб қилинади холос.

• Баъзи пароль менежерларидан бепул фойдаланиш мумкин, бошқалари эса пуллик премиум пакетга эга.

• Оммабоп ва ишончли пароль менежерларига 1PassWord ва LastPass кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бошқа дастурларни ҳам қидириб топсангиз бўлади, албатта.

• Бундан ташқари, браузерингизнинг Паролларни синхронлаш ички функциясидан фойдаланишингиз ҳам мумкин. Бироқ бу функция нисбатан ишончсизроқ ва аккунтингиз бузиб кирилиши мумкин.

3. Бир неча босқичли аутентификациядан фойдаланинг. Бир неча босқичли аутентификация аккаунтга кириш учун логин ва паролдан ташқари яна қўшимча маълумот, масалан, телефон рақамингизга юборилган бир марталик кодни киритишни ҳам талаб қилади. Кўплаб email провайдерлари ва ижтимоий тармоқ платформаларида ушбу хизмат мавжуд.

• Аккаунтингизда бир неча босқичли аутентификация ёқилган-ёқилмаганини сайтнинг Созламалар саҳифасидан текширишингиз мумкин бўлади.

• Бу ортиқча ишга ўхшаб туюлиши мумкин, бироқ бундай чоралар фақат пароль ишлатишдан кўра ишончлироқ.

4. Фақатгина ишончли сайтларда аккаунт яратинг. Бирор-бир сайтда аккаунт яратишдан олдин (сайт сиздан бор-йўғи email манзилингизни сўраса ҳам) яхшилаб ўйланг. Паролингиз қанчалар кучли бўлса-да, уларни ишончсиз сайтда фойдаланиш шахсий маълумотларингизни хавф остига қўяди.

• Гаплар грамматик жиҳатдан нотўғри ёзилган, имло хатолари кўп бўлган сайтлардан узоқ юринг.

• Ҳаддан ташқари кўп поп-ап хабар/реклама кўрсатадиган сайтлардан огоҳ бўлинг.

5. Бирор сайтдан фойдаланиб бўлгач, ундаги аккаунтингиздан чиқиб кетинг. Бирор-бир сайтга логин қилиш браузерингизда cоокие-файлларни ҳосил қилади. Бу эса шахсингизни аниқлаш имконини беради. Агар бу файллар ўғриланса, аккаунтингиз ҳам хавф остида қолади. Бу, айниқса, жиддий маълумот, масалан, банк аккаунтингиз ёки пластик карточка рақамингизни киритган сайтингизга тааллуқли.

• Агар бирор сайтга кўпчилик ишлатадиган компьютер ёки тармоқ орқали кирган бўлсангиз, сайтдан фойдаланиб бўлгач, аккаунтингиздан чиқиб кетинг.

• Шахсий компьютер ва уйингиздаги Wi-Fi'дан фойдалансангиз ҳам, онлайн банкинг ёки онлайн дўконлардаги аккаунтингиздан фойдаланиб бўлгач, логоут қилинг.

• Лекин шахсий компьютерингизда email ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар учун очилган аккаунтингиздан чиқиб кетмасангиз ҳам бўлади.

ЎҚИНГ: Нима учун VPN'дан фойдаланиш керак? (+бонус)

Ижтимоий тармоқлар ва email'дан хавфсиз фойдаланиш

1. Профилларингизни бегоналардан қулфлаб қўйинг. Ижтимоий тармоқлардаги профилларингизни бегоналардан қулфда сақлаш сиз танимаган одамларнинг сизни кузатиши ва сиз ҳақингиздаги маълумотларни тўплашидан сақлайди. Профилингиз фақат дўстларингизгагина очиқ бўлиши тавсия қилинади.

• Аккаунт созламаларига ўтиб, профилингизни кимлар кўриши/кузата олишини белгиланг.

• Профилингиз тармоқдаги исталган фойдаланувчига кўриниб туришини белгилаб қўйсангиз ҳам, муҳим маълумотларингиз, жумладан, уй манзилингиз ва телефон рақамингиз бегоналар кўзидан яширин бўлиши керак.

2. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизда қайси маълумот/постларингиз ҳаммага кўриниб турганини кўздан кечиринг. Аккаунтингизнинг Махфийлик бўлимига ўтиб, айни дамда қайси маълумотларингиз бегоналарга кўриниб турганини билиб олинг.

• Бу каби текширувларни бир неча ойда бир марта такрорлаб туринг — ҳаммаси рисоладагидек эканига ишонч ҳосил қилиш учун.

3. Тармоққа пост жойлаётиб, бу постингиздан кейинчалик ўзингиз пушмон емаслигингизга амин бўлинг. Интернетдан хавфсиз фойдаланиш Facebook/Instagram'га қўяётган постларингизга ҳам боғлиқ. «Қўйган постимни кейинроқ ўчириб юборсам бўлади», деб ўйлашингиз мумкин, лекин унутманг: сиз улашган маълумотни скриншот қилиб олиш, бошқалар билан улашиш мумкин. Демак, кейинроқ ўчириб юбориш ечим бўла олмайди. Етти ўлчаб бир кесишни одат қилинг.

• Масалан, пост қўйишдан олдин ўзингизга савол беринг: «Бу постни ота-онам, ўқитувчиларим ёки ишхонадаги раҳбарим кўрса, уялиб қолмайманми?» Шунга қараб, қарор чиқаринг.

4. Сизни белгилашган (отметка, тег қилишган) постларга лайк босишдан олдин, пост контенти билан танишиб чиқинг. Аккаунтингиз сизга зарар келтирувчи ёки сизни уятга солиши мумкин бўлган саҳифаларда белгиланиб қолишини олдини олиш учун созламалардан тегларни таҳлил қилиш буйруғини фаоллаштиринг.

• Махфийлик созламаларидан тегларни таҳлил қилиш буйруғини фаоллаштиринг.

• Шунда, кимдир сизни тег қилса, сизга билдиришнома келади. Сизни ким ва қаерда тег қилганини текшириб, кейин тегга рухсат берсангиз/рад этсангиз бўлади.

5. Интернетда танишган одамингизга ҳеч қачон шахсий маълумотларингизни берманг. Буни ҳамма билиши мумкин, бироқ яна бир марта эслатиб ўтишни муҳим деб топдик. Онлайн танишган одамингизни қанчалар яхши биламан деб ўйласангиз ҳам, уларнинг асл мақсади нима эканини била олмайсиз.

• Исмингиз, манзилингиз, телефон рақамингиз, мактаб ёки ишхонангиз ҳақида ҳеч кимга айтманг.

• Бундан ташқари, севимли кафе/ресторан/дўконингиз номини ҳам ҳеч кимга ошкор қилманг, чунки бу маълумотлардан фойдаланиб, сизнинг тахминий жойлашувингизни аниқлаш мумкин бўлади.

6. Виртуал танишган одамингиз билан реал ҳаётда, юзма-юз учрашиш борасида ҳам огоҳ бўлинг. Имкон қадар онлайн танишган кишиларингиз билан юзма-юз кўришманг. Агар вазият учрашишни тақозо қилса, ундай ҳолда одам гавжум жойда учрашинг ёки дўстингизни ўзингизга ҳамроҳ қилинг.

• Мабодо ўзингизга дўстингизни шерик қила олмасангиз, қаерга кетаётганингиз ва қанча вақт у ерда бўлишингизни кимгадир айтиб кетинг.

• 18 ёшдан кичик бўлсангиз, ҳеч қачон виртуал танишларингиз билан реал ҳаётда учрашманг.

7. Онлайн форумларда гендер-нейтрал тахаллуслардан фойдаланинг.

8. Нотаниш шахслардан келган email хабарларни ёки файлларни очманг. Онлайн фирибгарликнинг «фишинг» (ингл. phishing) деб аталувчи тури билан шуғулланувчи фирибгарлар сохта email ва хабарлардан фойдаланиб, сизнинг шахсий маълумотингизни қўлга киритишга уринади. Нотаниш манзилдан келган email хабарни кўрсангиз, уни спамлар жилдига ўтказинг.

• Email ичида кўринишидан ишончли сайтга берилган ҳавола бўлиши мумкин, бироқ сизга келган бу хабар ҳақиқатан ҳам ишончли манзилдан эканига амин бўлмагунингизгача ҳавола (ссилка, линк) устига боса кўрманг.

• Фишинг фирибгарлари Visa картангиз рақамини сўраши мумкин.

Демак, биринчи навбатда паролларингизни хавфсиз сақлашга ҳаракат қилинг. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларингизга огоҳ бўлинг. Нотаниш манзилдан келган электрон хабарни очманг.

Интернетдан хавфсиз фойдаланишга доир маслаҳатлардан иборат ушбу мақоламизга ҳозирча шу ерда нуқта эмас, вергул қўйиб турамиз. Ушбу мақоланинг кейинги қисми ҳам бор. Иккинчи қисмда интернетдаги веб-сайтлар ва Wi-Fi тармоқларидан хавфсиз фойдаланиш ҳамда смартфонингизни ҳимоялаш усуллари ҳақида маълумот берамиз.

Ўзингизни ва шахсий маълумотларингизни асранг. Бизни кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ:  ОГОҲ БЎЛИНГ: пандемия палласида мобил фирибгарлик!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.