Қарши олинг: Apple TV+ – эксклюзив сериаллар ва фильмлар сервиси! (+видеолар)

  •   DiMaX
  •  604
  •  26.03.2019 18:34

Қарши олинг: Apple TV+ – эксклюзив сериаллар ва фильмлар сервиси! (+видеолар)

Apple компанияси 25 март куни «Стив Жобс театри»да матбуот анжумани ўтказганидан хабарингиз бор. Унда Apple Card, Apple Arcade, Apple News+ каби бир қатор янги сервислар тақдим этилди.

ЎҚИНГ: 14 яшар ўсмирни Apple нега мукофотлаяпти?

 Купертинолик корпорация мазкур тадбирида Apple TV+ сервисини ҳам намойиш этди. Бу – фақатгина Apple буюртмасига кўра тайёрланган оригинал контент томоша қилинадиган ўзига хос лойиҳадир. Компания бу борада ҳамкорлик қилишга кўплаб машҳур актёрлар, режиссёрлар, сценарист ва продюсерларни жалб этган. Улар орасида Риз Уизерспун, Женнифер Энистон, Бри Ларсон, Жейсон Мом, Октавия Спенсер, Жей Жей Абрамс, М. Найт Шьямалан ва Стивен Спилберг кабилар ҳам бор.

Apple TV+ учун махсус оригинал сериаллар ва бадиий фильмлар суратга олинади, жумладан, Женнифер Энистон иштирокида комедия ҳам.

Ушбу сервисга бағишланган расмий видеолавҳа:

Корпорация Apple TV+ сервисини тайёрлашга бирмунча олдин – Apple Music’да телешоу ва клиплар пайдо бўлганидаёқ киришган. Кўриниб турибдики, мусиқалар сервиси видеоконтент учун торлик қилган ва ушбу янги сервис ташкил этилган. Apple TV+ учун айрим фильм ва сериаллар аллақачон тайёр бўлиб бўлган, қолганлари эса суратга олиш ва монтаж жараёнидадир.

ЎҚИНГ: 2018 йилнинг энг зўр ўйин, илова, китоб, фильм ва сериалларини Google эълон қилди

Apple TV+ тақдимотини машҳур Стивен Спилберг олиб борди:

Женнифер Энистон, Риз Уизерспун ҳамда Стив Карелл «Тонгги шоу» комедияли сериалини тақдим этишди:

Кумейла Нанжиани АҚШга кўчиб келиб, муваффақиятларга эришган эмигрантлар ҳақида ушбу сервис учун махсус сериал ишлайди. Бу – ҳаётий воқеаларга асосланган комедияли альманах бўлади.

Жей Жей Абрамс эса хонанда Сара Бареллис иштирокида драматик сериал тайёрлайди.

АҚШда ўта машҳур бўлган ток-шоу бошловчиси Опра Уинфри ҳам янги сервисда Apple билан ҳамкорлик қилади. Айни дамда у иккита ҳужжатли фильм устида ишлаяпти: улардан бири аёлларнинг жинсий жиҳатдан жабрланиши ҳақида бўлса, иккинчиси – руҳий касаллиги бор инсонлар тўғрисида.

Apple TV+ контентига кирувчи эксклюзив фильм ва сериалларни фақат iPhone, iPad, Apple TV, шунингдек, Mac компьютерлари ва ноутбукларида томоша қилиш мумкин бўлади. Мазкур сервис шу йилнинг кузида юздан ошиқ мамлакат ҳудудида ишга тушади. Унга обуна нархи ҳам ўшанда маълум қилинади.

ЎҚИНГ: Apple янгиланган iMac ҳамда iMac Pro компьютерларини ҳам тақдим қилди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!