Қарши олинг: iPhone X’даги Face ID’дан ўн карра аниқ технологияни Vivo яратди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1196
  •  28.06.2018 15:01

Қарши олинг: iPhone X’даги Face ID’дан ўн карра аниқ технологияни Vivo яратди! (+видео)

Фойдаланувчининг юзини сканерлаш орқали унинг шахсини тасдиқлаш, шу асосда қурилмани қулфдан чиқариш ва яна айрим функцияларни амалга ошириш бўйича айни дамда Apple етакчи. Унинг iPhone X суперфлагманидаги Face ID тизими қиёфани таниш бўйича дунёда тенгсиз.

ЎҚИНГ: Уч камерали – флагман ҳамда арзон, аммо Face ID тизимли iPhone’ларнинг илк суратлари чиқди

Лекин кейинги йилларда турли инновациялар билан дунёни лол қолдираётган Vivo компанияси фойдаланувчи қиёфасини таниш бўйича ундан ҳам зўр технология яратди. Куни кеча, Шанхайдаги Бутунжаҳон мобил конгресс давосида бу ишлаб чиқарувчи юзни уч ўлчамли тарзда сканерловчи янги – TOF 3D технологиясини намойиш этди.

TOF 3D технологияси асосида донадор ёруғлик усули ётади – уни ҳозирда OPPO ва бошқа йирик компаниялар синаб кўришмоқда. Vivo бунда донадор нур датчигини қўллаяпти; у фойдаланувчи қиёфасининг 3D-моделини ҳосил қилиш учун 300 000 та кўзга кўринмас нурни юборади. Таққослаш учун айтиб ўтиш керакки, Face ID технологиясида Apple атиги 30 000 та шунақа нуқтадан фойдаланади. Яъни, хитойлик компаниянинг янги технологияси одам юзининг уч ўлчамли моделини iPhone X’дагига қараганда нақ ўн карра аниқроқ ярата олади. Бундан ташқари, у то уч метргача масофадан ҳам ишлай билади!

ЎҚИНГ: Ўн яшар бола iPhone X ҳимоясини буза олди!

«Уч ўлчамли сканерловчи TOF 3D технологиясини сунъий идрок билан бирлаштириб, биз энг яхши келажак учун янги имкониятларни тадқиқ қилишда давом этамиз», дейди Vivo катта ижрочи директори Алекс Фэн.

Мана, янги датчикнинг уч ўлчамли моделни яратишига бағишлаб тайёрланган лавҳани томоша қиламиз:

Vivo’нинг янги ишланмаси нафақат смартфонни қулфдан чиқариш учун эгасининг юзини таниш мақсадида, балки қурилмани ҳаводаги имо-ишоралар ёрдамида бошқариш, ҳатто атрофдаги жисмларни сканерлаш учун ҳам қўлланиши мумкин. Масалан, ишлаш масофасининг узунлиги эвазига, бундай сканер ёрдамида хонанинг виртуал нусхасини яратиш имконияти бўлади.

TOF 3D технологиясининг тижорат мақсадидаги қурилмаларга қачон татбиқ этила бошлаши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Android учун «дунёдаги энг зўр» юзни таниш тизими Россияда яратилди