Қарши олинг: шов-шувли Samsung Galaxy A80 смартфони (+расм ва видео)!

Қарши олинг: шов-шувли Samsung Galaxy A80 смартфони (+расм ва видео)!

Мана, яна бир Infinity дисплейли смартфон билан танишиш вақти етиб келди. Бироқ дисплей Infinity-U, Infinity-О ёки Infinity-V ҳам эмас. Уни қандай номлашни, келинг, ўзингизнинг ихтиёрингизга топширсак-да, Samsung'нинг янги Galaxy'си тўлиқ тавсифига киришсак.

Samsung Galaxy A80'нинг олд томони экран билан тўлиқ қопланган. Компаниядагилар бунга ҳам олд камера, ҳам орқа камера вазифасини бажарувчи корпусдан чиқувчи айланувчи камера механизмини яратиш билан эришди. Шунга ўхшаш камера ечими илгари ҳам яратилганди, бироқ у A80'даги каби эмасди.
Шошманг, A80'нинг мақтарли жиҳатлари шу билан тугамайди. Одатий иккита — кенг ва ўта кенг — камерага қўшимча равишда янги девайс ўзининг сатҳ харитасини яратишга хизмат қилувчи учинчи парвоз вақти (ингл.time-of-flight — ToF) камераси билан смартфонларнинг рақобатга тўла оламида революция ясади. Бу билан селфи олганда нафақат асосий камеранинг сифатли маҳсулотига, балки такомиллаштирилган хариталанган сатҳга ҳам эга бўласиз. Расмлар у ёқда турсин, буни жонли фокус видеоларига ҳам қўша оласиз.
Деярли ҳаммага қурилманинг одатдагидан баландроқ 20:9 нисбатдаги FullHD+ резолюцияли 6,7 дюйм катталикдаги SuperAMOLED дисплейи маъқул келса керак. 800 cериясидан кейинги ўринда турувчи Qualcomm'нинг энг янги Snapdragon 730 чипи ҳам самарадорлиги ва кучи билан ўзини яхши "кўрсатиши" кутилмоқда.
Лекин қаҳрамонимизнинг таъбни хира қилувчи томонлари ҳам йўқ эмас, афсуски. 3,700 мА/соат сиғимли аккумулятор камеранинг янги позицияга кўчиши қурбони бўлди. Бу, ўзингиз ҳам яхши билганингиздек, ҳозирги ўрта катталикдаги экранли смартфонлардаги сиғимдан ҳам камроқ. Тўғри, A80'да 25WUSB қувват улашиш технологияси мавжуд, бироқ бу барибир қурилма ичига ўрнатилган катта сиғимли аккумулятор ўрнини боса олмайди. Нима қилса ҳам, келинг, Samsung'дагиларни тушунишга ҳаракат қилайлик. Ахир, шу аккумулятор билан ҳам A80 220 грамм тош босади.
A80 ичида ростдан жой танқис бўлган кўринади: аудио жек ва microSD карта уясидан ҳам воз кечилган. Афсус.

Қуйидаги жадвалдан А80'да нималар бор, нималар йўқлигини билиб олишингиз мумкин:

Samsung Galaxy A80 техник маълумотлари:

  • Корпус: 165.2х76.5х9.3мм, 220г; Gorilla Glass 6 орқа панель, алюминий ром; Angel Gold, Ghost White, Phantom Black ранглар гаммаси
  • Экран: 6.7" SuperAMOLED, 1080х2400px резолюция, 393 пиксел/дюйм, Gorilla Glass 3
  • Процессор: Snapdragon 730 чипи: саккиз ядро (2х2.2 Ghz Kryo 470 Gold & 6х1.8 GHz Kryo 470 Silver); Adreno 618 график процессори
  • Хотира: 8ГБ тезкор, 128ГБ доимий хотира; microSD карта уяси мавжуд эмас
  • ОТ: Android 9 Pie; Samsung One UI
  • Камера: Корпусдан чиқувчи камералар жамланмаси. Асосий камера: 48МП, 1/2.0" Sony IMX586 Quad Bayer сенсори, f/2.0 апертура, 80 даража кўриш майдони (26 миллиметрга тенг фокус узунлиги), лазер/PDAF. Иккинчи камера: 8МП, f/2.2 апертура, 123 даража кўриш майдони (11мм фокус узунлигига тенг), ўзгармас фокус. Учинчи камера: парвоз вақти 3D сатҳ камераси. LED чироқ
  • Аккумулятор: 3,700мА/соат; 25W тезкор қувватлаш
  • Алоқа турлари: Dual-SIM LTE Cаt.11 (60Мбит/с, 75Мбит/с) Wi-Fi a/b/c/g/n/ac, GPS; Bluetooth 5.0, А2DP, ЛLE, USB-C 2.0
  • Нархи: 4 950 000 сўм (сотиб олиш)
  • Бошқа: экраности бармоқ изи сканери, динамик карнай мавжуд; аудио жек мавжуд эмас

Қадоғи

Қурилмани сотиб олганингизда, қутида худди Galaxy А70'даги каби 5V/3А ва 9V/2.77А номиналига эга 25 ваттли қувватловчи адаптер бўлади. Адаптер USB Қувват улашиш технологиясига мос бўлиб, унга C-to-C кабели шерик қилинган.
Аудио жек йўқлиги ўрнини босиш учун компания бир жуфт USB-C "earbuds" ҳам тақдим қилади. Баъзи тўпламларда ҳимоя ғилофи ҳам бўлади. Харид жараёнида тўплам ичига ғилоф киритилган ёки киритилмаганини сотувчидан сўраб аниқ билиб олишингизни маслаҳат берамиз.

Дизайни

Смартфонни қўлингизга олишингиз билан Galaxy A80'нинг энг ўзига хос жиҳати — дисплейи эътиборингизни тортади. Ўта калта ромлар, камера учун тирқишларнинг йўқлиги. Девайснинг 6,7 дюймли SuperAMOLED бу экрани, бизнингча, ҳақиқий Infinity ("Infinity" сўзи инглизчада, аслида, "чексизлик" маъносини беришидан хабардорсиз) экран қанақа бўлишини бошқаларга кўрсатиб берди.
Агар штангенциркулингиз бўлса, уни A80'нинг юқориги қисмига қўйиб кўринг. Шунда, бу қисм бутун олд панелдан бироз қалинроқ эканлигини сезишингиз мумкин. Лекин, аслида, бир қарашда буни энг кўзи ўткирлар ҳам пайқамаса керак. Бу ерда илгари ҳеч бўлмаган кўринишдаги карнай бор.
Samsung бундан катта фойда кўрмаса-да, дисплейни тебратувчи пъезо ечимидан фойдаланган кўринади. Ушбу ечим анча самарали ишлайди; қўнғироқ давомида суҳбатдошинигиз овозини одатдагидек эшита оласиз.
Одатда, мана шу атрофда ёруғлик сенсори, яқинлик сенсори ва LED чироғи каби бошқа датчиклар ўрнатилган бўлади. Булардан биринчиси дисплейнинг остига, энг юқори қисмдан 3 см қуйига жойланган. Ёруғлик датчиги эса тепа қисмнинг остида, чап томонда, 2 см ичкарига мустаҳкамланган.
Яқинлик сенсорига тўхталсак, девайс бу борада тачскринга бўлган чертишларга таяниш билан чегараланганга ўхшайди. Инсайдерлар экраннинг ҳамма қисмига қоғоз парчаси қўйиб коприб ҳам датчик қаерда эканлигини анқилай олишмагани ҳақида ёзишяпти.
LED чироқ-чи? Ёритгичдан бутунлай воз кечишган.
A80 да мавжуд бўлмаган техник жиҳатлар ҳақида гап очган эканмиз, аудио жек ҳам йўқлигини таъкидлаб ўтиш шу нуқтада ўринли бўлса керак. Симли қулоқчинлардан фойдаланмоқчи бўлсангиз, USB-C порт учун адаптердан фойдаланишингиз талаб қилинади.
Хотира борасида ҳам 128ГБлик ички хотира билан чегараланишингизга тўғри келади. Одатдаги SIM ва microSD карталар уясига A80'да фақат бир жуфт SIM карта жойланади. microSD карта учун жой йўқ. Аттанг.
Бошқа томондан олиб қараганда, баъзи жиҳатларнинг бўлмаслиги ижобий ҳолат бўлиши ҳам мумкин экан. Очиқроқ гапирсак, A80'дан Bixby тугмаси олиб ташланган. Янги қурилма учун компания Samsung'нинг классик бошқариш схемасига қайта мурожаат қилган. Қувват тугмаси ўнг томонга, овоз баландлиги тугмачалари чапга ўрнатилган. Уларнинг айни жойлашуви ҳам кутилган нуқтада, ишлатишга қулай. Бу борада шикоятга ўрин йўқ.
«Кўп нарсадан воз кечишибди, селфи камера ҳам кўзга кўринмаяпти. Нима, A80 билан селфи олиб бўлмайдими?» дерсиз. Шошманг. Бундай бўлиши мумкин эмас, албатта. Мана шу ерда кўрпусдан чиқувчи "pop-up" камера механизми саҳнага чиқади.
Қурилма ичига ўрнатилган кичик мотор смартфон орқа қисмидаги камера платформасини юқорига ҳаракатлантиради ва камералар жамланмаси 180 даражага айланади. Шундай қилиб, селфилар ҳам орқа камерада олиниб, юқори сифатли тасвир ҳосил бўлади.
Айни дамда жуда кам смартфонларда бундай хусусият мавжуд. Ўтган ой тақдим қилинган Asus Zenfone 6 айланувчи "pop-up" камераси билан бизни лол қолдирганди. Аммо Asus'нинг бу флагманидан фарқли, A80 180° ли автоматик панорамалар олишга қодир эмас. Galaxy камераси ўртадаги нуқтада ишлай олмайди. Камера платформаси ёки орқа томонга, ёки олд томонга бўлгандагина тасвирга олиш мумкин.
Платформани қўлингиз билан тортиб чиқармоқчи бўлсангиз, яна аввалги ҳолатига қайтади. Лекин буни ўзингиз учун синаб кўришни, албатта, маслаҳат бермаймиз.
Орқа панель чизилишлар ва синишдан ҳимояланиб, сўнгги авлод Gorilla Glass 6 билан қопланган. Дисплей эса чизилишларга энг чидамли Gorilla Glass 3 шишаси билан қопланган. Galaxy A80'да сув ва чангга чидамлиликнинг IP даражаси мавжуд эмас.
165.2х76.5х9.3 мм ҳажмли қурилма 220 грамм вазнга эга ва бундай оғирлик билан ҳозирда мавжуд энг оғир смартфонлардандир.
20:9 нисбати ва корпусдан ажралувчи камераси сабабли ҳам A80'нинг тепа қисми бироз оғирроқдек туюлади. Умуман олганда, янги Galaxy икки қўл билан ишлатиладиган девайс қилиб яратилган, деган бўлар эдик.
ЎҚИНГ: Samsung ҳақида сиз билган ва билмаган фактлар!

Лаборатория синовлари: дисплей, аккумуляторнинг автоном ишлаш вақти, карнай

Тирқишларсиз катта AMOLED экрани бор, бироқ камчилиги нимада?
Galaxy A80'нинг экрани 6,7 дюймли SuperAMOLED дисплей бўлиб, ҳақиқий Infinity экраннинг ёрқин намунасидир. Унда ҳеч қандай тирқишлар мавжуд эмас. Экраннинг 20:9 нисбатли 1080х2400px резолюцияси 393 пиксел/дюйм зичликка эришиш имконини берган.
Экран ёруғлиги қўлда (яъни автомат равишда эмас) назорат қилинганда максимал ёруғлик 405 нитга тенг бўлса, автоматик равишда назорат қилинганда эса кўрсаткич 607 нитгача етади; бу соғлик учун зарарли эмас. Бундай кўрсаткич нисбати сифатли OLED экранлар учун деярли одатий натижа бўлиб, A80'да олинган юқоридаги натижа А70 кўрсаткичи билан деярли бир хилдир.
Минимал ёруғлик эса 1.9 нитга тенг (А70'да ҳам шундай) бўлиб бу ҳам тунги вақтда қурилмадан фойдаланиш учун айни мос даражада ёруғ.
Смарфонни илк маротаба ёққанингизда унда компания ўрнатган delteE'си ўртача 4.4 га тенг бўлган "Vivid" ранг режими ёқилганини кўрасиз. DCI-P3 ранг майдони бўйлаб ранглар намунаси таққосланганда эса delteE максимал 9.7 га тенг бўлади. Бу тақсинга сазовор натижа эмас. Оқ ва кулранг ранглар ҳам тўғри, аммо уларнинг deltaE қиймати 3 атрофида холос.
Шунингдек, sRGB ранглар майдонига созланган Нейтрал режим ҳам мавжуд бўлиб, бу режим рангларни ўта катта аниқликда кўрсатади.

Аккумулятор автономлиги

Galaxy A80'га, умуман олганда, кичик ҳажмда бўлмаган, аммо ўрнатилган катта экранга нисбатан кичик 3,700 мА/соат сиғимга эга литий ионли аккумулятор жойланган. Таққослаш учун, А70'нинг аккумулятори 4,500 мА/соат сиғимга эга.
Инсайдерлар ўтказган тестлар натижалари хурсанд қиладиган даражада эмас. 3G интернетдан фойдаланганда аккумулятор қуввати қанчага етиши текширилганда Galaxy'лар анчадан бери кўрсатмаган паст натижа олинган: 9 соат 7 дақиқа. Буни бошқалар билан қиёслаб кўрайлик. Тўлиқ қувват билан OnePlus 7 Pro'да 10 соат 10 дақиқа, Galaxy А70'да 13 соат 24 дақ., Asus Zenfone 6'да 15 с. 42 дақ. интернетдан фойдалана оласиз. Видео билан тестдан эса бироз яхшироқ натижа олинди: 14:39 соат. Ваҳоланки, шунда ҳам юқоридаги қурилмалар ўзини бундан яхшироқ "кўрсатди": 60 гертс (Hz) режимда А70 қуввати 17 соат, Zenfone 6 16 соат, OnePlus 7 Pro 16:17 соат.
Шундай қилиб, A80'нинг тўлиқ қуввати билан смартфондан 25 соат фойдалана оласиз; юқоридаги девайслар билан эса бундан 10-12 соат кўпроқ. Хулоса қилиб айтганда, Galaxy A80 аккумуляторининг автономлиги 80 соатлик натижа қайд этди. Бу ёмон эмас, лекин аъло ҳам эмас.
А70 ярим соат ичида 42% қувватланишидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, аккумулятор сиғими А70'дан кам бўлгани учун A80 худди шунча вақтда 50% қувватланиши керак.

Карнай

Galaxy A80'нинг қуйи қисмида якка карнай жойлашган бўлиб, одатий қулоқчинларсиз стерео овозни эшитишнинг иложи йўқ. Карнай юқори баландликда овоз ҳосил қила олади. Мутахассислар унга "Жуда яхши" дея баҳо беришди. Карнайдан шикоят йўқ — юқори баландликдаги мусиқа қўйилганда ҳам ҳеч қандай муаммо юзага келмайди, басс ҳам етарли даражада.

Фойдаланувчи интерфейси, ишлаши

Барча Samsung'лар учун OneUI
Galaxy A80 Android 9.0 Pie ОS юазасидаги Samsung'нинг одатий OneUI интерфейсида ишлайди. OneUI интерфейси илк маротаба баҳорда S10'да дебют қилиниб, янги иконкалар, бир қўлли фойдаланишнинг такомиллаштирилгани, экран имо-ишоралари ва ҳ.к. лар билан ўзига хосдир. Ҳозир барча Samsung смартфонлари cерияларида OneUI'дан фойдаланилмоқда. A80 интерфейси ҳам, шунинг учун, кўп жиҳатдан S10'никига ўхшайди.
Always On дисплейга тўхталсак. Янги қурилма созламаларида дисплей доим ёниқ туриши учун экранга икки марта чертиш функцияси қўшилган, шунингдек, экранда асосий маълумотлар, аввалгидек, жадвалга кўра кўриниб туришини созлаб қўйишингиз ҳам мумкин. Ва, албатта, дисплей ҳар доим ёниқ туришини ҳам танлашингиз мумкин.
A80'да биометрик хавфсзилик функцияларидан фақат экраности бармоқ изи сканери мавжуд. "Face Unlock" мавжуд эмас; pop-up камера механизми секин ишлагани боис, агар мавжуд бўлган тақдирда ҳам, бундай секин қулфдан чиқариш усулидан фойдаланишни хоҳламаган бўлардингиз. Бармоқ изи сканери, S линейкаси флагманларидаги каби ультратовушли эмас, оптик сканердир. Бу сканер, масалан, OnePlus'нинг оптик модуллари каби тез эмас. Лекин, асосийси, йўқдан кўра бор. Модул доим ёниқ бўлгани боис қурилмани блокдан чиқариш учун экранни ёқиш шарт эмас.
Samsung, шунингдек, интерфейс элементлари рангини қора ёки тўқ кулрангга ўзгартирувчи Тунги режимни ҳам тақдим қилган. Режим параметрлар ойнаси, билдиришномлар панели, Галерея ва Samsung Браузери каби ички иловаларда ҳам амал қилади. Лекин бошқа иловалар, масалан, Play Store'ни очишингиз билан режим "сеҳри" йўқолади. Ҳозирда, Тунги режим ёқилиши билан ташқи иловалар автоматик равишда қора фонга ўтмайди; бу бироқ Google'нинг айби. Бутун система бўйлаб қора фонни ёқиш опцияси Android Q'дан бошлаб тақдим қилингунга қадар ҳар бир иловани (илова созламаларида Тунги режим функцияси бўлса, албатта) алоҳида созлашингизга тўғри келади.
Фойдаланувчи интерфейсидаги бошқа ўзгаришларга қўшимча равишда Параметрлар менюси кўриниши ҳам ихчамлаштирилган. Баъзи созламалар илгаригидан бошқа ички менюларга кўчирилган. Масалан, ўзбек тилида "Қурилма таъмирланиши" деб номланган Device Care/Обслуживание устройства ички менюсида аккумулятор маълумоти ва созламалари, доимий ва ички хотира бошқаруви билан бирга хавфсизлик функциялари жойлашган.

Синтетик тестлар

Galaxy A80'га Qualcomm яратган ўрта тоифанинг юқори синфига мансуб Snapdragon 730 чипи ўрнатилган. Таъкидлаш жоизки, бу чипсет айни дамда 800 cерияси чипларидан кейинги энг кучлисидир. Чип (2х2.2 Ghz Kryo 470 Gold & 6х1.8 GHz Kryo 470 Silver'лардан иборат) саккиз ядроли CPU ва Adreno 618 GPU'сидан тузилган.
Бир жиҳатга эътибор беринг: A80 нархи қурилманинг ўзига нисбатан қиммат. Samsung'дагилар сўраётган нархга юқори тоифа Snapdragon 855 чипли смартфонлар ёки Huawei Kirin 980 процессори ўрнатилган кўплаб қурилмаларини сотиб олиш мумкин.
CPU'ни синовдан ўтказувчи GeekBench тестида Galaxy A80 — ҳам якка ядроли, ҳам бир неча ядроли тестда — Snapdragon 675'ли девайслардан бироз устун келди. s710'лар ҳам бироз ортда қолди, ўтган йилдан олдинги S660 моделлар ҳам A80 олдида "ип эшолмади". Лекин барибир S855 ва Kirin 980 CPU'си ўрнатилган смартфонларнинг кучлироқ эканлигини тан олмасдан илож йўқ.
График синовларда ҳам айни натижа намойиш этилди. Galaxy A80 ҳозирда мавжуд энг кучли ўрта тоифадаги девайс, GPU сониясига ишлайдиган кадрлар сони флагман бўлмаган смартфонкарникидан кўра кўпроқдир. Бироқ муаммо шундаки, юқори тоифа чипига эга самртфонларни A80 учун сўралаётган нарх атрофида, ҳатто, ундан арзонига ҳам сотиб олиш мумкин.
Энди AnTuTu'ни саҳна марказига таклиф қиламиз. Бунда ҳам A80 флагман бўлмаган смартфонлар орасида "олтин медаль соҳиби бўлди".
Маслаҳатимиз, агар пулингизни тўғри сарфламоқчи бўлсангиз, A80'дан бош тортинг. Яна таъкидлаймиз, A80'нинг нархига флагман харид қилиш мумкин.

Камера

Тасвир сатҳи учун қўшимча ToF модулга эга икки камерали айланувчи платформа Galaxy A80'нинг айланувчи камера платформасида учта датчик жойлашган. Асосий объектив сифатида Sony'нинг ҳозирда энг оммабоп 48 мегапикселли IMX586 Quad Bayer сенсори танланган. Иккинчи камера эса ўта кенг бурчакли 8 мегапикселли датчикдир.
Sony'нинг сенсорига f/2.0 апертурали ўзгарувчан фокусли датчик "шерик қилинган". Бунда кўриш майдони 80 даража бўлади, бу 26 миллиметрга тенг. Ўта кенг иккинчи камера ўртача резолюцияга эга. Модул 123 даража кўриш майдонига эга, бошқача қилиб айтганда, 12 мм фокус узунлигига эга. Апертураси f/2.2. Биринчисидан фарқли, иккинчи объектив ўзгармас фокусга эга. Ва ниҳоят учинчиси парвоз вақти (time-of-flight— ToF) модулидир. Компания уни 3D сатҳ камераси, деб атамоқда. Сенсор қуйидагича ишлайди. Датчик лазер тўлқини тарқатиб, унинг яна қайтишига кетган вақтни ўлчайди. Шу билан юзанинг сатҳ харитасини яратади. Бу билан сунъий боке эффекти учун тасвир объекти ва орқа фонини янада аниқроқ аниқлаш имкони яратилади. Модулдан нафақат расмлар олишда, балки Жонли фокус режимидаги видеолар ҳосил қилишда фойдаланиш мумкин. A80'нинг орқа камераси селфи камера вазифасини ҳам бажариши Жонли фокус селфи видеолари олишингиз ҳам мумкин, деганидир. Камера платформаси А cериясидаги девайслар учун умумий интерфейсга эга бўлган Samsung камера иловаси орқали бошқарилади. Одатдагидек, бир режимдан бошқасига ён томон бўйлаб чертиш орқали ўтилади. Таъбингизга кўра, камера созламаридан режимларнинг бир-бирга нисбатан жойлашувини ўзгартиришингиз ёки фойдаланамайдиганларингизни қатордан олиб ташлашингиз ҳам мумкин, албатта. Камера платформасини айлантириш учун вертикал чертиш ёки экрандаги иконкага босиш кифоя. Яқинда тақдим қилинган Asus Zenfone 6 флагманидан фарқли, A80'да платформа ҳаракатланаётганда тасвирга олиш имконсиздир. Zenfone 6'да эса бу қулайлик мавжуд бўлиб, вертикалига 180 даражадаги панорамалар ҳосил қилиш мумкин. Ойнанинг юқори қисмида созламалар, тасвир ҳажми нисбати, чироқ, филтерлар банки ва таймер иконкалари қаторланган. Созламалар бўлимидан одатий: HDR параметрлари (Авто./ёниқ/ўчиқ), тўр чизиқлари, расмга олиш усуллари ва видео/расм ўлчами кабиларни топасиз. S cериясига яқинда ўрнатилган Тунги режимдан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Pro режими ҳам бор, аммо бошқа флагман бўлмаган линейкадаги бошқа қурилмалар қатори A80'да ҳам ушбу режимнинг кўп опциялари мавжуд эмас. Фақатгина ISO (100-800 диапозонда), экспозиция компенсатисяси (0.1EV қадамда -2/+2EV) ва оқ баланс (фақат предустановкалар; ёруғлик ҳарорати мавжуд эмас). Бундан ташқари, фокусни қўлда созлаш опцияси ҳам қўшилмаган.

Тасвир сифати

Кундуз куни пайтида Galaxy A80 билан олинган расмлар кўзни қувнатадиган, яхши контрастли ва ёрқин рангли бўлиб чиқади. Олинган тасвир 12 мегапикселли модул учун етарлича кўп деталга эга. Тасвирдаги хиралик эса ўта эътибор билан қаралгандагина сезилади. Умуман олганда, бу борада (яъни тасвир хиралиги бўйича) муаммо йўқ.
48 мегапикселли Quad Bayer камераси ўрнатилган бошқа қурилмалар каби Galaxy A80 фойдаланувчига энг юқори резолютисяда тасвирга олиш имконини беради. Аслида эса, объектив кучи бундай катталикда яқинлаштирилган тасвирни жуда сифатсиз олади. Масалан, баргларни 48 МП яқинликда тасвирга туширсангиз, олинган расм хиралигидан объект нима эканлигини тушуниш қийин бўлади.
8 мегапикселли иккинчи ультра кенг бурчакли камера ҳам ўта содда модуллардан. Тасвир ўткирлиги юқори эмас, динамик диапозон ҳам анча чегараланган.
Паст ёруғликда ҳам A80 қониқарли расмга олади, лекин энг сифатли тасвирга эга бўлиш учун бошқа смартфонни танлаган бўлардик. Бунда расмлар ўта аниқ чиқмайди, агар бизга қолганда уларни янада кўпроқ экспозиция қилган бўлардик.
Манзара оптимизацияси ҳам ўз ишини яхши бажармайди. Бу режим билан бирор нарса ўзгарганини сезиш қийин.
Аммо Тунги режим ишини алқаш мумкин.
Ультра кенг бурчакли камера паст ёруғликда жуда ёмон ишлайди. Бунга ҳайратланмаса ҳам бўлади. Олинган расмлар аниқ эмас, ранглар бир-бирига қоришиб кетган. Экпозиция ҳам етарли эмас. Бу модул учун Тунги режимни ёқиш имкони йўқ.

Видео ёзиш

Galaxy A80 асосий камераси билан 2160 пиксел катталикдаги сониясига 30 кадр (fps) тезликдаги, иккинчи ультра кенг бурчакли камера билан эса 1080p 30fps тезликдаги видеоларни ёзиб олиш мумкин. H.264 ва H.265 кодеклардан бирини танлашингиз мумкин. 4K видеолар 48 Мбит/с (60 Мбит/с тезликда) битрейтга эга бўлса, 1080p лар 19 Мбит/с (30 кадр/с тезликда) битрейтда ёзилади. Овоз эса 256 кбит/с тезликда стерео форматда ёзилади.


1080p/30fps формат учун доимий ишловчи электроник стабилизация мавжуд, аммо 4K видеолар стабилизацияланмайди.

ЎҚИНГ: Кутиб олинг: Huawei P Smart Z!

Рақиблар

Айни дамда экраности камераларини қарши олиш арафасида турибмиз. Бундай ечимлар смартфонларнинг бутунлай ромсиз бўлишига ҳисса қўшиб, тирқишларга ҳам нуқта қўйиши мумкин. Лекин бундай камерали смартфонлар оммалашиши билан А80 каби ўзига хос ҳаракатланувчи объективли девайсларга алвидо дейишимизга тўғри келади.

Asus Zenfone 6

 

Айланувчи камералар ҳақида гап кетар экан, шуни таъкидлаш жоизки, Asus'нинг Zenfone 6'си Samsung'нинг Galaxy А80'ини ер тишлатади. Zenfone 6 билан автоматик панорамалар олишингиз, камерани исталган бурчакка созлаб тасвир ҳосил қилишингиз мумкин. Бундан ташқари, Asus'нинг гадежтида видео тасвирлар 4К/60fps резолюциягача стабилизацияланади, А80'да эса бундай функциянинг ўзи йўқ. Бунга сабаб Zenfone 6'га кучлироқ чип ўрнатилганидир. Бу яна унда ўйинлар ўйнаш А80'дагидан кўра "силлиқроқ" кечади, деганидир. Тайванликлар смартфонларида microSD уяси ва аудио жекдан ҳам воз кечмаган. Бу смартфон қуввати ҳам А80'никидан узоққа етади. Нархи эса арзонроқ. Samsung телефонининг Asus Zenfone 6'дан ягона устунлиги унинг дисплейидир.

OnePlus 7 Pro

 

А80 OnePlus 7 Pro'га қарши курашда ҳам анча қийналади. Лекин тан олиш керак, OnePlus қаҳрамонимиздан бироз қимматроқ: 12 фоиз қимматроқ нархга каттароқ резолюцияли экран, трио-камера (Galaxy'да йўқ бўлган телефото камера ҳам), кучлироқ Snapdragon 855 чипи, яхшироқ аккумулятор автономлигига эга смартфонга эга бўласиз. Ёки Pro бўлмаган OnePlus 7 сотиб олсангиз ҳам, ҳар ҳолда унинг чипи А80'никидан кучлироқ бўлади.

Xiaomi Mi 9

 

Юқоридаги Snapdragon 855 чипи Xiaomi Mi 9'да ҳам бор. Бу қурилманинг ҳам нархи Samsung сўраётган нархдан арзонроқдир. Бу арзон нархли қурилмасига Xiaomi нафақат S855 чипини, балки телефото камерасини ҳам ўрнатган. Бундан ташқари Mi 9 А80'дан яхшироқ ишлайди, аккумулятори ҳам узоқроқ муддатга чидаш беради (сиғими кичикроқ бўлса ҳам!). Вазни енгилроқ эканлигини ҳам унутмаслик керак. Хитойликларнинг телефони ҳажми ҳам ишлатишга қулайроқ катталикда, бироқ ҳар кимнинг диди ҳар хил, шу учун А80'нинг экрани катталигини қўпол деб баҳолай олмаймиз; шунчаки Mi 9 қўлга яхшироқ "ўтиради".

Huawei P30

 

Агар қўлга яхшироқ ўрнашадиган смартфон қидираётган бўлсангиз, Huawei P30'ни ҳам эътибордан четда қолдирманг. Бу қурилмада ҳам телефото камераси, аудио жек ва каттароқ сиғимли (3650 мА/соат) аккумулятор ўрнатилган. Чипи ҳам флагман Kirin 980. А80'нинг Snapdragon'идан устунроқ.

ТОМОША ҚИЛИНГ: Ва ниҳоят, навбатдаги видео тайёр - Тератавсиф: Samsung Galaxy A20 ўз нархига арзийдими?!

 

Хулоса

8.5балл

Дизайн

Аккумулятор

Процессор

Камера

Нарх

Карнай

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz 5 101 000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Чиройли дисплей
  • Ташқарида ҳам ёруғ экран
  • sRGB ранглар аниқлиги
  • Сифатли тасвир олиш имконияти
  • Ўзига хос pop-up камера механизми

 Камчилиги

  • Аудио жек ва microSD карта уяси мавжуд эмас
  • Аккумулятор сиғими катта эмас
  • 4К видеолар стабилизацияланмайди
  • 1080p видеоларда эса муаммолар бор
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!