Қайси браузерлар катта «оперативка» талаб этмайди?

  •   DiMaX
  •  1648
  •  13.11.2019 14:53

Қайси браузерлар катта «оперативка» талаб этмайди?

Нисбатан эски моделлардаги компьютер ва ноутбукларда бир вақтнинг ўзида кўп дастурларни очиб ишлатишга тезкор хотира ожизлик қилиб қолади. Бундай ҳоллар учун «оперативка»ни кўп сарфламайдиган дастурларни ишлатиш жуда муҳим.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп смартфонлар учун иккита енгил Android-браузер

Жумладан, интернетга кириш дастурлари – браузерлар ҳам турлича бўлиб, улар компьютер тезкор хотирасини турлича сарфлайди. Ўзингиз ишлатаётган браузернинг ушбу кўрсаткичини мустақил текшириб кўришингиз ҳам мумкин. Бунинг учун аввало унинг барча кенгайтма (расширение)ларини ўчириб ташлайсиз. Кейин эса унда учта варақа (вкладка) очиб, «Диспетчер задач» орқали унинг тезкор хотирани сарфлаш кўрсаткичларини кузатасиз.

Мутахассислар Windows 10 ҳамда Windows 8 тизимли компьютерларда оммабоп браузерларнинг қанчалик «оперативка» қўллашини тест қилиб кўришган. Бунинг учун дастурларнинг энг сўнгги версиялари ўрнатилган, кенгайтмалари олиб ташланган ва бир хил сайтлар (қидирув тизими, видеоканал ва тасодифий сайт) очиб кўрилган.

Тест натижаларига кўра, тезкор хотирани сарфлаш ҳажми ортиб бориш тартибида қуйидаги рўйхатни тақдим этишган:

  1. K-Meleon
  2. UC browser
  3. Maxthon
  4. Pale Moon browser
  5. Спутник
  6. Opera
  7. Avant browser
  8. Google Chrome
  9. Mozilla Firefox
  10. Microsoft Edge

Текширувларга кўра, K-Meleon браузери 169,7 мегабайт тезкор хотирани банд этган, Microsoft Edge эса анча «очофат» чиққан – 670,2 мегабайт!

Шуниси ҳам борки, замонавий компьютерлар кўпинча 4 гигабайт ва ундан ошиқ ҳажмли тезкор хотирага эга ва улар учун ҳар қандай браузер «оғирлик» қилмайди. Лекин нисбатан эскироқ, «оперативка»си кичикроқ ва процессори кучсизроқ компьютер ёки ноутбуклар эгалари мазкур рўйхатнинг бошларида турган браузерларни қўлласалар, иш самарадорлиги янада ошади.

ЎҚИНГ: Мусулмонларга мўлжалланган энг қулай браузер билан танишинг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!