Қайси компания смартфонлари "иккинчи қўл" учун ҳам энг кўп сотилади?

Қайси компания смартфонлари

Янги смартфонлар билан бирга бозорда ишлатилган смартфонлар учун ҳам талаб анча юқори. Шу сабаб ҳам Apple, Samsung ва бошқа смартфон ишлаб чиқарувчилари ўзларининг эски моделдаги смартфонларини олиб, уларни таъмирлаб, янгидек ҳолатга келтириб, яна қайта сотиш бизнесини йўлга қўйишган. Ана шундай "иккинчи қўл" учун сотиладиган смартфонлар бозорида Apple етакчилик қилмоқда.

Counterpoint Research берган маълумотларга кўра (TechCrunch орқали), Apple компаниясининг қайта ишланган смартфонлари сотуви ўтган йилда 16 фоизга ошган. Бу эса компаниянинг иккинчи қўл смартфонлари бозоридаги улушини 2021 йилдаги 44% дан 2022 йилда 49% га оширган ва бутун бозорнинг деярли ярмини эгаллашга ёрдам берган.

Таъкидлаш жоизки, Apple компанияси анчадан бери ўзи сертификатланган эски iPhone смартфонларини тўғридан-тўғри ўзининг онлайн дўконлари ва бошқалар орқали сотади ва уларга бир йиллик кафолат ҳам беради.

Таҳлилчилар Apple'ни қайта таъмирланган смартфонларни сотишда энг тез ўсаётган бренд дея таъкидлашади. Хусусан, қайта ишланган iPhone смартфонлари ҳиндистонликларга Apple экотизимига кириш имконини бериши айтилади.

Иккинчи қўл смартфонлар бозорида iPhone улушининг кўпайиши Android томонга салбий таъсир етказган ёхуд Samsung компаниясининг 2021 йилдаги 28% улушидан 2022 йилда 26% га, Huawei'нинг 4% улуши 2% га, барча Android смартфонларини 18% улуши 17% га тушган.

Умумий олганда эса иккинчи қўл смартфонлари бозори ўтган йили 5% га ошган. Агар Хитойнинг ишлатилган смартфонлар бозорида 17% га пасайиш кузатилмаганида бу кўрсаткич янада ошган бўлар эди, лекин шунга қарамай бу Ҳиндистонга 19% га йиллик ўсиши билан топ ўринни эгаллашга ёрдам берган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.