Қоғоз асрида яшашда давом этамизми?

Қоғоз асрида яшашда давом этамизми?

“Айрим веб-сайтлар чоп этган мақоласи билан зиёлиларни маърифатдан айирмоқчи бўлган, деб ҳисоблаймиз. Гўёки уларнинг фикрича, янгиликларни интернет саҳифаларидан олиш кифоядир. Биз ҳаққоний хабарларни расмий нашрлардан олиб ишлаганмиз ва бундан кейин ҳам шундай қиламиз.”

Бу гапларни ўқитувчилар ёзган эмиш. Ҳа, айнан ёш авлодни келажакка, интернет ва дижитал асрга тайёрлаши керак бўлган муаллимлар шундай фикрлар экан.

“Айрим веб-сайтлар чоп этган мақоласи билан зиёлиларни маърифатдан айирмоқчими?..” номли мақолада даъво қилинишича, маърифат қоғозда, босма нашрда, хоссатан, босма газета ва журналлардадир.

Маърифат қўл билан ушлаб кўриладиган нарса эмас, у миямиздаги нейронларда, дискларда, радиация тўлқинларида ва энг ози қоғозларда бўлиши мумкин. У жой танламайди. Ҳар ҳолда бугунги замона зайли шундай. Аммо буни тушунишга зиёли ва бошқарув элитамиз тайёрми? ЎзАдек ҳукуматнинг тили бўлмиш бир ахборот воситасининг мутасаддилари ҳамон қоғоз асрида яшаётган экан, бу ёғидан катта нарсани умид қилиб бўлармикан?

Эҳтимол газета ва журналлар энг яхши тарғибот қуроли деб ишонишар, аммо улар 20-аср ўрталаридаёқ муҳим тарғиботчилик ролини телевиденияга бериб бўлган.
“Жимми Уэлснинг “Wikipedia”си фанга даҳлдор мақолаларининг аниқлиги бўйича “Britannica”га тенглашиб қолди”, дея хулоса берган эди 2005 йил декабрида бир гуруҳ тадқиқотчилар “Nature” журналида. “Хашар” йўли билан бунёд бўлган, элитар кайфиятдаги аксар зиёлилар “оми халқ” учун деб ишонган бир энциклопедия икки асрлик нуфузли бир энциклопедияга соя солишини кўпчилик кутмагани тайин. Ҳар икки энциклопедияда чиққан 42 мақола текширилганда, ҳар бир мақолада “Wikipedia”да ўртача тўртта, “Britannica” мақолаларида эса учтадан хато аниқланган. “Wikipedia” жамоа бўлиб ёзилишини, аксар муаллифлар “Britannica” муаллифлари каби мутахассилар эмаслигини ҳисобга олсак, бу кутилмаган янгилик эди. (“Britannica” муаллифлари орасида 110 та Нобел мукофоти лауреатлари бор.)

Ушбу шовшувли мақола чиққанидан беш йил ўтиб, 2010 йили “Britannica”нинг 32 томлик 15-нашри босмадан чиқди. Шу билан 1768 йили Эдинбургда илк марта чоп қилинган энциклопедиянинг сўнгги нашри босма китоб кўринишида дунёга келди ва салкам икки ярим асрлик босма “Britannica”лар тарихи ўз ниҳоясига етди. “Britannica Inc.” энциклопедияни бундан буён фақат дижитал кўринишда (интернет ва CDларда) чиқаришини маълум қилди. “Баъзилар бундан хафа бўлиши, босма китобларни соғиниши мумкин, аммо биз ҳозир янада яхшироқ воситага эгамиз. Интернет сайт давомли янгиланади, кенгаяди, унда мультимедиа ҳам бўлади”, деган эди “Britannica Inc.” президенти Жорж Кауз.

Шу билан “Britannica” ўзининг шонли ўтмишига хиёнат қилдими? Унинг сифати пасайиб қолдими? Йўқ, албатта. Шунчаки унинг ўқувчига етиб бориш йўли ўзгарди. Ўзгарганда ҳам арзонроқ, тезроқ йўл танланди. Ўқилмайдиган, кўзни қувнатиш учун жавонга териб қўйилган босма “Britannica”лар ўрнини кўз-кўз қилиб бўлмайдиган аммо тез ва қулай фойдаланиш мумкин бўлган электрон “Britannica”лар эгаллади.

1989 йил 20 томли, 21728 саҳифали “Oxford English Dictionary” босмадан чиқди. Бу нашр инглиз тилидаги энг нуфузли луғатнинг энг сўнгги босма нашри бўлди. 2000 йилдан унинг ҳам онлайн версияси пайдо бўлди. 40 том бўлиши режаланган учинчи нашр босма китоб ҳолида бошқа чиқмаслиги мумкин.

2004 йили Франкфуртда тақдимоти бўлган ва 2005 йилдан “Google Book Search” номини олган лойиҳа асосида дунёдаги барча босма китобларнинг факсимилесини олиш бошланди. Ҳозиргача 25 миллиондан ортиқ китоб нусхаси олинган.

Бугунги кунда дунёнинг манаман деган энг нуфузли музейлари, галереялари, кутубхоналари ўз фондларидаги материалларни электрон шаклга ўтказиб, пулли ва бепул тарзда эълон қилмоқда. Дунё тан олган исталган ёзувчи, шоир, олим, файласуфнинг асарини интернетдан топиб ўқиш мумкин. Исталган илмий, илмий оммабоп ва информацион газета-журналларнинг бари интернетдан жой олган.
Босма нашрлар куни битаётгани бу – маърифатнинг куни битаётгани эмас, журналистиканинг куни битаётгани эмас. Бу шунчаки бир турдаги ахборот узатиш воситаси ўрнини бошқаси эгаллаётгани нишонаси холос. Бу янги даврнинг бошланиши.

Аммо биз бу ўзгаришларга тайёрмизми?

Башарти босма нашрлар билим, ахборот, маърифатнинг ягона манбаи бўлмаса, одамларни мажбурлаб, уларга обуна қилишдан нима наф? Ундан кўра ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқларда интернет рисоладагидек ишлашини таъминлаш осонроқ эмасми? Мактабларни интернетга улаб, уларни замонавий компьютерлар билан жиҳозлаш, ҳар бир мактабга, ҳар бир хонадонга дунёнинг асил маданиятини, бутун ахборотини олиб кириш мумкин-ку!

Хуршид Йўлдошев

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!