Қойилмақом iPhone SE 2018 суратлари тарқалди – ромсиз классика!

  •   DiMaX
  •  3582
  •  15.12.2017 11:58

Қойилмақом iPhone SE 2018 суратлари тарқалди – ромсиз классика!

2018 йилнинг март ойида Apple компанияси ҳар йилгидек ўзининг тақдимот тадбирини ўтказади. Унда намойиш этиладиган янги қурилмалардан бири албатта iPhone SE 2018 бўлиши керак, деб ёзади AKKet нашри. Бу смартфон келаси йилнинг бошиданоқ бозорга тақдим этилиши мумкинлиги борасидаги тахминлар эса ўзини оқламади.

ЎҚИНГ: iPhone SE’нинг иккинчи авлоди 2018 йил бошида сотувга чиқарилиши мумкин

Мазкур смартфон хусусиятлари ҳақида турли маълумотлар тарқалган бўлса-да, уларнинг бирортаси ҳам расмий тарзда тасдиқланган эмас. Бироқ Curved ресурси мазкур гаджет ҳақида ўз қарашларини билдириб, унинг рендер-суратларини ҳам тақдим этди, дейилади хабарда.

Манбага кўра, 2018 йилги iPhone SE модели диагонали 4,7 дюймга тенг, ён томонлари ромсиз OLED-экранга эга бўлади. Экраннинг тепа қисмида эса махсус «ўйиқ» очилган бўлиб, унга Face ID юз сканери ва бошқа датчиклар ўрнатилади. Бу жиҳатлари билан мазкур ихчам қурилма iPhone X – юбилей айфонига ўхшаш бўлади.

ЎҚИНГ: iPhone X экранидаги «ўйиқ» – Apple’нинг ажойиб «имзо»си!

Тахминларга кўра, iPhone SE 2018’да бармоқ изи сканеридан воз кечилади, аммо унинг асосий камераси ёнма-ён жойлашган жуфт объективга эга бўлади. iPhone X ва iPhone 8 Plus моделларидан фарқли равишда, камера корпус сатҳидан кўтарилиб турмайди, шу туфайли телефонни бирор силлиқ юзага қўйганда, у чиройли жойлашади. Ромсиз OLED-экран ва янада кучлироқ техник таъминоти туфайли, янги смартфон корпусининг қалинлиги 0,2 миллиметрга қалинроқ бўлади. Аммо 2016 йилги моделга таққослаганда бу билинмайди ҳам.

iPhone 8 ҳамда iPhone X моделларидан фарқли тарзда, iPhone SE 2018 корпуси металлдан ишланади, бироқ бурчаклари аввалги «аждод»идагига нисбатан кўпроқ думалоқланган бўлади. Бу эса телефонни кафтда ушлашда ва битта қўл билан бошқаришда қулайликка олиб келади.

ЎҚИНГ: iPhone’лардаги катта экран муаммоси ечими – «ақлли» шиша яратилди (+видео)

Янги авлод iPhone SE тезкор хотираси 3 гигабайт ҳажмга эга бўлиб, девайс 6 ядроли илғор Apple A11 Bionic процессори базасида ишлайди.

Тўғри, юқоридаги маълумотлар ва суратларнинг бари тахминий, лекин агарда iPhone SE 2018 шунақа ишлаб чиқарилса, у жуда қойилмақом, ҳатто iPhone X’дан ҳам қизиқарлироқ бўлиши мумкин. Бордию Apple шундай телефонни 500-600 доллар нархида тақдим этса борми – у янада оммалашиб кетади. Омон бўлсак бирга кўрамиз – биздан узоқлашманг!

ЎҚИНГ: iPhone X услубидаги классика: ромсиз iPhone SE’нинг фото ва видеоси чиқди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!