Қозоғистонда минглаб китобни жамлаган мобиль илова яратилди

Қозоғистонда минглаб китобни жамлаган мобиль илова яратилди

Kitap деб номланган мобиль илова қозоқ тилидаги 4000дан ортиқ китобни ўзида жамлаган. Мазкур иловани WikiBilim жамоатчилик жамғармаси Ксеll мобиль оператори кўмагида ишлаб чиқди, деб хабар беради Today.kz.

Kitap бепул мобиль иловаси “Қозоғистон очиқ кутубхонаси” онлайн-лойиҳаси базасида амалга оширилган.

Ҳозирги пайтда “Қозоғистон очиқ кутубхонаси” лойиҳаси жамғармасига 500дан ортиқ муаллифнинг 4000дан ортиқ китоби жойланган. Бу лойиҳани даставвал Мухтор Авезов, Сакен Сайфуллин, Ғабиден Мустафин, Бовуржон Мўмиш ули, Жубан Мўлдағалиев ва бошқа таниқли ижодкорларнинг авлодлари қўллаб-қувватлаган. Кейинроқ Абиш Кекилбоев, Мухтор Шохонов ва бошқа муаллифлар кўмак беришган.

Қозоғистон очиқ кутубхонаси kitap.kz 2012 йилда юзага келган. Ҳозирда қозоқ маданиятига оид электрон асарлар мажмуидан ташқари жаҳонга машҳур бадиий ва илмий-оммабоп асарларни унда топиш мумкин. Лойиҳадан кўзда тутилган мақсад Қозоғистон маданий меросини электронлаштириб барчага тақдим этиш ҳамда муаллифлик ҳуқуқини сақлаган ҳолда миллий адабиёт, фан, маданиятни оммалаштиришдир.

Лойиҳа етакчиларининг айтишига кўра, электрон кутубхонага ҳар куни 2500дан ортиқ китобхон ташриф буюради.

Ҳозирда дунё бўйлаб китобларни электронлаштириш жараёни кетмоқда. Адабий-маърифий портал ҳақида гап кетганда ўзбек тилидаги энг йирик китоблар омбори  ziyouz.comни эслаш жоиз.