«Qualcomm, нарироқ сурил!» – Samsung ҳам арзон 5G-смартфонлар учун процессор тайёрлаяпти

  •   DiMaX
  •  919
  •  13.05.2020 14:28

«Qualcomm, нарироқ сурил!» – Samsung ҳам арзон 5G-смартфонлар учун процессор тайёрлаяпти

Geekbench сервисида хитойлик компаниянинг ҳали тақдим этилмаган Vivo Y70s смартфони текшириб кўрилгани аниқланди. Бу ердаги қизиқ жиҳат шуки, янги қурилма Samsung расман тақдим этиб улгурмаган янги 5G-процессор асосида ишлайди!

ЎҚИНГ: 1000 долларлик Galaxy S20+’ни мағлуб этган, ўзи атиги 200 долларлик смартфонни биласизми? («Жонли» тест видеоси)

Samsung компаниясининг асосан ўз смартфонларида қўлланувчи Exynos туркумидаги мобил процессорлари анчадан бери танқидларга сабаб бўлиб келмоқда. Шу боисдан ҳам жанубий қореялик гигант охири америкалик чипсозга тан бериб, бу бизнесдан чиқиб кетаётганини айтган эди.

Бенчмарк маълумотлар базасидаги янги ёзувлар эса бунинг аксини кўрсатяпти: Vivo Y70s модели жанубий кореялик гигантнинг Exynos 880 5G русумли чипсети базасида тайёрланган экан.

Geekbench ушбу процессорнинг барча хусусиятларини кўрсатмайди, аммо инсайдерлар бу борада айрим маълумотларни тарқатишган. Яъни, Exynos 880 5G процессори жамланмасига 2 ГГц частотали иккита Cortex-A77, 1,8 ГГц.лик олтита Cortex-A55 ядролари ҳамда ядролар сони аниқ бўлмаган Mali-G76 график тезлатгичи киради.

Vivo Y70s смартфонига қайтадиган бўлсак, унинг тезкор хотираси 8 гигабайтлик бўлиши ва 18 ваттлик тезкор қувватлана олишини айтишмоқда. Ундаги Exynos 880 5G чипсети якка ядроли синовда 641 балл, барча ядролари иштирокидаги имтиҳонда эса 1814 балл олган. Бу натижалар Snapdragon 765G кўрсаткичларига жуда яқин; демак, янги чипсет Qualcomm’нинг айнан шу процессори билан рақобатлашади. 5G-модемни ҳам ўз ичига олувчи янги Samsung процессори базасидаги смартфонлар Snapdragon 765G чипсетли аксарият 5G-смартфонлардан арзон бўлишини кутиш мумкин.

ЎҚИНГ: MediaTek энг арзон 5G-смартфонлар ва флагманлар учун, жами тўртта 5G-процессор тақдим этяпти

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!