Қулоқчин ва қувватловчисиз топилган миллиардлар

Қулоқчин ва қувватловчисиз топилган миллиардлар

2020 йилга қайтадиган бўлсак, Apple кўпчиликни ҳайратлантирадиган қарорини эълон қилган эди. Компания ўзининг iPhone 12 смартфонларини қутисида EarPods ва қувватловчи адаптерисиз тақдим қилди ва қолган смартфонлари ҳам шундай чиқарилиши маълум бўлди. Купертинолик компания бунга атроф-муҳитга қайғуриши, маҳсулотлари экологик тоза бўлиши каби "яшил" сабабларни келтирган эди. Daily Mail нашрининг хабар беришича, Apple бу қарори ортидан шу кунгача жами $6.5 миллиард "яшил" фойда қилган.

Экспертлар фикрига кўра, Apple қутисидан наушник ва зарядловчини олиб ташланган ҳар бир смартфондан $35 доллар фойда кўрган ва таҳмин қилинишича ана шундай iPhone смартфонлари шу кунгача 190 миллионта атрофида сотилган. Икки нарсанинг олиб ташланиши компанияга смартфонларни кичик ва енгил қутиларга қадоқлаш имконини берган ва бу билан бир вақтнинг ўзида iPhone'ларни етказиб бериш 70 фоизга ортган, харажатлар эса 40 фоизга камайган.

Гарчи қутилардан икки нарса олиб ташланган бўлсада, Apple смартфонлари нархини туширмаган. Шу билан бирга, фойдаланувчилар янги 20W тезкор қувватлаш адаптерлари ва EarPods қулоқчинларини 19 доллардан сотиб олишларига тўғри келган. Маълум бўлишича, қутида икки маҳсулотни қўшишни тўхтатгандан кейин компания шу кунгача аксессуарлар сотувидан $293 миллиондан ортиқ фойда кўрган.

Ўтган куни Apple вакили 2030 йилгача компаниянинг барча маҳсулотлари соф нол углерод таъсирига эга бўлишини айтган эди.

"Бизнинг йўлимиздаги қадамлардан бири маҳсулотимиз ва қадоқлашимизда ишлатиладиган материалларни камайтиришдир. Бу муҳим қадам 2 миллион метрик тоннадан ортиқ углерод чиқиндиларини қисқартирди - бу йилига 500 000 автомобилни йўлдан олиб ташлашга тенг."

ЎҚИНГ: iPhone SE (2022) тақдим этилди: A15 Bionic чипли iPhone 8

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!