«Қурилмаларни қийновчи» техноблогер 2020 йилнинг энг, энг, энг... смартфонларини эълон қилди (+видео)

  •   DiMaX
  •  1829
  •  07.01.2021 11:57

«Қурилмаларни қийновчи» техноблогер 2020 йилнинг энг, энг, энг... смартфонларини эълон қилди (+видео)

Зак Нельсон (Zach Nelson) исми сизга таниш – бу видеоблогер JerryRigEverything номли YouTube-каналида турли янги смартфонларни аёвсиз қийнаб кўрсатади. Ўтган йилнинг бошида у 2019 йилдаги энг зўр смартфонлари рейтингини чиқарган бўлса, куни кеча 2020 йилдаги энг яхши ва энг ёмонларини айтди.

ЎҚИНГ: JerryRigEverything: «Xiaomi’нинг энг мустаҳкам смартфони – айни мана шу ўрта нархли модели бўлади!» (+видео)

2020 йилнинг энг таъмирга яроқли смартфони, Нельсоннинг эътирофича, Google Pixel 5 модели экан. Октябрнинг бошида чиққан бу қурилманинг экранини тажрибали мутахассис атиги 60 сонияда алмаштира олади, дейди у.

Ўтган йилдаги энг инновацион смартфон сифатида Axon 20 5G модели алоҳида таъкидланган. ZTE компанияси 1 сентябрь куни тақдим этган ушбу қурилма экраности селфи-камерали биринчи тижорий смартфондир.

iPhone 12 Pro Max моделини техноблогер «ички тузилиши энг чиройли смартфон» дея мақтаган. Ва ниҳоят, энг мустаҳкам смартфон эътирофига Google Pixel 4a модели сазовор бўлган.

Энг яхши смартфонлардан ташқари, Зак Нельсон энг ёмонларини ҳам санаб ўтган. Жумладан, Xiaomi компаниясининг ўйинбоп Black Shark 3 модели энг таъмирга яроқсиз смартфон, деб топилган. Шикастларга энг чидамсиз смартфон сифатида блогер OnePlus Nord телефонини кўрсатган.

Блогер алоҳида – «ташқи кўриниши алдамчи смартфон» йўналишида ҳам ўша Google Pixel 5 моделини танқид қилган. Унинг корпуси алюминийдан ишлангандек таассурот уйғотса-да, аслида унинг ичидаги айрим қисмларигина металлдан қилинган.

ЎҚИНГ: Бешта йўналишда 2020 йилнинг энг зўр Android-смартфонлари (Gizmochina рейтинги)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.